Тожикистонга қарши Осиё чемпионатидаги илк ўйинига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон U-19 терма жамоаси режага кўра бугун Манамада ўзининг илк машғулотини ўтказди.
Жасур Абдураимов бош мураббийлигидаги терма жамоа 15 октябрь куни "Khalifa Sport Sity Stadium"да гуруҳ босқичи илк турида Тожикистонга қарши майдонга тушади. Ушбу учрашув Тошкент вақти билан соат 18:30 бошланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси турнирнинг "D" гуруҳидан олган ва Тожикистондан ташқари Австралия ҳамда Хитой терма жамоаларига қарши майдонга тушади. Терма жамоа гуруҳ босқичидаги барча ўйинларини Манамадаги "Khalifa Sport City Stadium"да ўтказади. Австралия ҳамда Хитойга қарши ўйинлар Тошкент вақти билан соат 21:30да бошланади.
Бугун шунингдек, "D" гуруҳида иштирок этаётган терма жамоа вакиллари иштирокида мажлис бўлиб ўтди. Ушбу мажлисда терма жамоалар гуруҳдаги ўйинларда қандай либосларда майдонга тушишларига келишиб олинди. Унга кўра, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси гуруҳ босқичидаги барча ўйинларда оқ рангли либосларда ўйнайди.
Ўзбекистон U-19 терма жамоасининг Осиё чемпионатидаги ўйинлари тақвими билан сайтнинг Турнирлар бўлимида танишиб бориш мумкин.