“Насаф” жамоаси навбатдаги 26-тур баҳсини ўз майдонида Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасига қарши ўтказади. Мазкур жамоалар миллий чемпионатимизда ўзаро 40-учрашувда майдонга тушишади. Қаршидагиси эса 20-учрашув ҳисобланади.
Учрашув анонси
ЎзПФЛ 26-тур
“Насаф” (Қарши) - “Навбаҳор” (Наманган)
22.10.2016. Қарши ш., “Марказий” стадион, 17:30да
Бош ҳакам: Ильгиз Танташев (Бухоро)
Қанот ҳакамлари: Бобир Қодиров, Абдураҳмон Қўлдошев (иккаласи ҳам Бухородан)
Захира ҳаками: Давронбек Акмалов (Тошкент)
Назоратчи: Ғайрат Каримов (Тошкент) ЎзПФЛ вакили: Наиль Лутфулин.
Жамоаларнинг ёшлари ўртасидаги учрашув 21 октябр жума куни Спутник қўрғонидаги ёшларимиз қароргоҳи стадионида соат 15:45да бошланади.
Учрашув ҳакамларига оид маълумотлар
Ўзингизга маълум, “Насаф” – “Навбаҳор” учрашувини Ильгиз Танташев бошқариб боради.
Ильгиз Танташев бу йилги чемпионатда жамоамиз ишитирокидаги қуйидаги учрашувларни ҳам бошқарган.
ЎзПФЛ, 4-тур.
“Пахтакор” – “Насаф” 1:1
ЎзПФЛ, 10-тур.
“Насаф” – “Бунёдкор” 1:1
ЎзПФЛ, 20-тур.
“Қўқон-1912” – “Насаф” 1:2
Энди Ильгиз Танташев энди жамоамиз иштирокидаги тўртинчи учрашувда ҳам бош ҳакамлик қилади.
Ўзаро учрашувларга оид маълумотлар
Ушбу жамоаларнинг ўзаро учрашувлари доимо кескин ва муросасиз бўлган. Жамоамиз Наманганда ўтган биринчи даврадаги учрашувда дуранг қайд этган эди. Ёдингизда бўлса, икки гол фарқи билан ҳисобда олдинда бораётган жамоамиз кетма-кет икки марта дарвозасидан тўп олиб чиқишган ва ғалабани қўлдан бой беришган.
Навбатдаги учрашув жамоаларнинг чемпионатдаги 40-ўйини сифатида қайд этилади. Бунгача жамоалар 39 бор ўзаро куч синашишган. 20 учрашувда “аждарлар” ғалабага эришишган. 10 ўйинда “лочинлар”нинг қўли баланд келган. Қолган 9 баҳсда жамоалар муроса кўчасини танлашган. Тўплар нисбати 64-59 “Насаф” фойдасига.
Қаршида бўлган ўзаро учрашувлар ҳақида
Мазкур жамоалар бунгача Қаршида 19 марта куч синашишган. Навбатдагиси ўзаро 20-учрашув бўлади. Бўлиб ўтган 19та учрашувда “ажадарлар” 16 марта ғалабага эришган. Фақат 1 учрашувда муроса кўчаси танланган. Бу дуранг 2012 йили қайд этилган. Наманганликларнинг 2 учрашувда қўллари баланд келган. Бу учрашувлар 1998 ва 1999 йилги мавсумларда бўлиб ўтган.
Қаршида бўлиб ўтган ўзаро учрашувларда “Насаф” жамоаси футболчилари “Навбҳор” дарвозасини 41марта ишғол қилишган. Наманганлик футболчилар эса 18 марта гол уришга муваффақ бўлишган. Қаршида қайд этилган энг йирик ҳисоблар 5:0 (2013 йили) ва 5:1 (2015 йили) кўринишида.
Қаршидаги ўзаро учрашувларда “Навбаҳор” жамоаси “Насаф”ни сўнгги бор 1999 йили мағлубиятга учратган ва 2012 йили охирги дуранг натижага эришган.
Қаршида ўтказилган сўнгги беш учрашув натижаси
2011 йил. “Насаф” – Навбаҳор” 3:2
2012 йил. “Насаф” – “Навбаҳор” 1:1
2013 йил. “Насаф” – “Навбаҳор” 5:0
2014 йил. “Насаф” – “Навбаҳор” 1:0
2015 йил. “Насаф” – “Навбаҳор” 5:1
Жамоаларнинг турнир жадвалидаги ҳолати
“Насаф” жамоаси эса 25 учрашувдан сўнг 51 очко жамғариб турнир жадвалининг 3-поғонасида бормоқда. Жамоамиз ўтган 25-турда “Бунёдкор”га 1:0 ҳисобида ютқазиб қўйди.
“Навбаҳор” жамоаси ўтган 25 учрашувдан кейин 22 очко билан чемпионат жадвалининг 13-поғонасини эгаллаб турибди. Наманганлик футболчилар ҳам ўтган 25-турда ўз майдонларида “Бухоро” жамоасига 2:1 ҳисобида имкониятни бой беришган.
Жамоа тўпурарлари
“Насаф” жамоасининг айни дамда тўпурарлари рўйхатини сербиялик ҳужумчимиз Драган Черан бошқармоқда. У жамоамиз сафида миллий чемпионатимиз баҳсларида 7 марта гол муаллифи бўлган.
“Навбаҳор” жамоасида эса икки футболчи тўпурарлар рўйхатини бошқармоқда, булар Дилшод Жабборов ва Акрам Баҳриддиновлардир. Улар ҳам шу пайтгача 7мартадан гол киритишган.
“Навбаҳор” жамоасидаги йўқотишлар
Жамоамизга қарши учрашувда дисквалификациялар туфайли жамоа сардори Дилшод Жабборов, ҳимоячи Қаҳрамон Муҳаммаджонов ва сариқ карточкалари сони тўрттага етгани муносабати билан, ярим ҳимоячи Акрам Баҳриддиновлар ўз жамоаларига ёрдам бера олишмайди.
Барча футбол ишқибозларини бўлажак қизиқарли учрашувга таклиф этиб қоламиз. “Марказий” стадионимиз сизга мунтазир, азиз мухлислар.
“Насаф” ПФК матбуот хизмати