Ўзбекистон Суперлигасининг 20-туридан ўрин олган марказий учрашувда "Насаф" ўз майдонида "Нефтчи"ни йирик ҳисобда мағлуб этди — 6:2.
Қаршидаги "Марказий" стадионида мезбонлар учрашувни жуда шиддатли бошлади. 6-дақиқада Умарбек Эшмуродов ҳисобни очган бўлса, орадан икки дақиқа ўтиб Бобир Абдихолиқов Шароф Муҳитдиновнинг узатмасини голга айлантирди.
22-дақиқада Шароф Муҳитдиновнинг ўзи ҳам рақиб дарвозасини ишғол қилди. 40-дақиқада эса Аденис Шала ҳисобни 4:0 кўринишига келтирди. Шу тариқа, "Насаф" биринчи бўлимнинг ўзида тўртта жавобсиз гол урди.
Иккинчи бўлим бошида Бобир Абдихолиқов дублни расмийлаштирди. 58-дақиқада захирадан майдонга тушган Алишер Одилов "Нефтчи"нинг биринчи жавоб голини урди. Бироқ 80-дақиқада Алибек Давронов мезбонларнинг олтинчи голига муаллифлик қилди.
Учрашувнинг 89-дақиқасида Стипе Перица Алишер Одиловнинг узатмасидан кейин яна бир тўп киритди ва якуний ҳисобни белгилади — 6:2.
Шу тариқа, Рўзиқул Бердиев шогирдлари Суперлига пешқадами "Нефтчи" устидан мавсумдаги энг ёрқин ғалабаларидан бирини қўлга киритди.













