“Навбаҳор” ва “Қизилқум” жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида “Қизилқум” жамоаси бош менеджери Ҳамид Актамов ҳамда “Навбаҳор” бош мураббийи Рустам Дўрмоновлар иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб беришди.
Ҳ.Актамов: - “Қизиқум” жамоаси Наманганда саккиз йилдан бери ғалаба қозона олмаётган экан, бугун ушбу анъанага чек қўйдик. Ўйин ҳақида гап кетганида, биринчи ва иккинчи бўлимлар ўртасида ер билан осмонча фарқ бўлди. Футболчиларимиз ўз олдиларига қўйилган вазифани бажаришди. Бир сўз билан айтганда йигитларимиз ишончни оқлашди. “Навбаҳор” жамоасига кейинги учта турда очколар захирасини бойитиб олган ҳолда олий лигадаги ўрнини сақлаб қолишда омад тилайман. Бундай вилоятда ва бундай шароитларга эга ўйингоҳга эга вилоятда олий лига бўлиши керак. Негаки Наманганда футболни севишади. Танаффусда футболчиларга қандай кўрсатма берганлигимиз клубни ички сири ҳисобланади. Бугун бизга ғалаба керак эди. Шу сабабли йигитлар танаффусдан кейин ўзларини кўрсатишлари шарт эди.
РДўрмонов: - Биринчи навбатда жамоамиз мухлисларидан узр сўрайман. Футболчиларимиз биринчи бўлимда яхши ҳаракат қилишди. Гол уриш учун бир қатор имкониятларга ҳам эга бўлдик. Тезкор ҳужумчиларимиздан бири Абдумалик Абдуллаев ўзи учун яратилган вазиятларга голга айлантира олмади. Иккинчи бўлимда ёш болаларга ҳос тарзда йўл қўйилган хатолар дарвозамизга иккита тўп киритилишига олиб келди. “Қизилқум” жамоаси маҳорат борасида жамоасиздан бир бош устун эканлигини намойиш этди. Айнан шу сабабли рақиб футболчилари вазиятлардан фойдаланишди, биз эса имкониятларни голга айлантира олмадик. Олдимизда яна учта тур бор. Ҳозирданоқ тушкунликка тушиш ниятимиз йўқ. Охиригача олий лигада қолиш учун курашамиз. Барчаси биз учун ижобий тарзда якун топади деган умиддаман. Айни пайтда бир қатор футболчиларимиз жароҳат туфайли жамоага ёрдам бера олишмаяпти. Акрам Баҳриддинов ҳам бугун жароҳати бўлишига қарамай уколлар ёрдамида майдонга тушиб, имконият даражасида ёрдам беришга ҳаракат қилди. Йўқотишлар ўрнини ёшларимиз сафида тўп сураётган футболчилар билан тўлдиришга мажбурмиз.