Олий лига 28-тур ўйинлари доирасида чемпионат пешқадами "Локомотив" Навоийда "Қизилқум" меҳмони бўлди. Қизиқарли кўриниш олган беллашувда “Локо” футболчилари ўйиннинг 50-дақиқасида Марат Бикмаев томонидан пенальтидан киритилган гол эвазига кичик ҳисобда ғалаба қозонишди.
Учрашув якунлангач ҳар икки жамоа устозлари иштирокида матбуот анжумани ташклил этилди. Унда “Локомотив” бош мураббийи Андрей Микляев қуйидагича фикр билдирди:
- Бугун қайд этилган натижадан хурсандман. Аммо намойиш этган ўйинимиздан унчалик кўнглим тўлди, дея олмайман. Сабаби бугун биз ўтган икки учрашувдаги каби ёрқин ўйнай олмадик. Бунга балки сўнгги пайтларда тез-тез ўйинлар ўтказаётганимиз сабабдир…
Бугун асосий таъқибчимиз очко йўқотди. Бундай ҳолатлар ҳар қандай жамоада ҳам бўлиб туради. Шу боисдан ҳали чемпионликни нишонлашга эрта, деган бўлардим. Зеро олдинда бизни дастлаб “Металлург”га қарши, сўнгра “Бунёдкор” билан жуда жиддий тўқнашувлар кутиб турибди. Агар кейинги баҳсларни ҳам ўз фойдамизга ҳал қилсак, ўшанда бош мақсадимизга етган бўламиз, - дейди тажрибали мутахассис.