Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян Иордания (1:0) терма жамоасига қарши ўйиндан сўнг уюштирилган матбуот анжуманида ўз фикрларини маълум қилди.
«Кучли ва муносиб рақибга қарши яхши ўйинни ўтказдик. Жанубий Кореяга қарши ўйиндан олдин бош репетиция бўлди. Афсуски, Бикмаев ва Ҳайдаров ўзини яхши ҳис қилмагани боис, оптимал таркибда ўйнолмадик. Ҳайдаров майдонга тушди, Бикмаев эса тушолмади. Умуман олганда, бу ўйинда турли тактик схемаларни ишлатиб кўрдик. Юқори ва пастки қаватлардаги ўйинимизни ҳам текшириб кўрдик.
Афонин катта танаффусдан сўнг терма жамоага қайтди. Яхши ўйнади, янги жамоадошлар, янги талаблар бўлгани учун бироз қийналди. Уни Россиядаги ўйинларини ҳам кузатиб боряпмиз, яхши мавсумни ўтказмоқда.
Баъзи футболчилар жароҳат олгани боис, Шукуровни бошқа нуқтада ўйнатиб кўрдим. У - универсал футболчи, майдоннинг исталган жойида ўйнашга қодир ва мураббий кўрсатмаларини оғишмай бажара оладиган интизомли футболчи. Келажаги ёрқин ва терма жамоага катта фойда келтиради деган умиддаман.
Бу ўйинда Жанубий Кореяга қарши қўлланадиган ўйин тактикасини синовдан ўтказдик, ҳаммасини олдиндан, дақиқама-дақиқа режалаштирган эдик. Ўйинда 6 футболчини алмаштирдик, ўйн давомида уларни майдондаги ўрнини ҳам ўзгартириб кўрдик.
Тўғри, тезкор ҳужумларимиз қовушмади. Уларни ўз вақтида амалга ошира омадик, рақиб ҳимояга қайтиб олганидан сўнг бундай ҳужумларни фойдаси бўлмайди. Буни таҳлил қилиб чиқамиз.
Бугунги ўйинда Осиёда кучсиз жамоа қолмаганини кўрдик. Иордания биз учун яхши рақиб бўла олди» - деди Бабаян.