“Насаф” 29-тур доирасидаги учрашувни сафарда “Сўғдиёна” жамоасига қарши ўтказди.
Ушбу учрашувдан олдин футбол мутахасисларида ҳам, мухлисларда ҳам турлича фикрлар бор эди. Кимдир бу йилги мавсумни жуда яхши ўтказган “Сўғдиёна” жамоасининг устунлиги ҳақида фикр юритган бўлса, кимдир учрашувда дуранг натижа қайд этилишини башорат қилган эди. Аммо айни пайтда чемпионатда иштирок этаётган жамоалар орасида, таркиб жиҳатдан энг катта кучга эга “Насаф” жамоаси бу учрашувда майдон эгаларига ҳеч қандай имконият қолдирмади.
Рақибни яхши ўрганган Рўзиқул Бердиев ўз шогирдларига берган кўрсатмасини футболчиларимиз бекаму – кўст адо этишди. Ўйинчиларимизнинг рақиб жамоа футболчиларига нисбатан маҳорат борасида ҳам, руҳий томондан ҳам кучли эканликлари майдонда кўриниб турди.
Учрашувда жамоамизнинг илк ҳужуми самара бермаган бўлсада, навбатдаги ҳужуми гол билан якунланди. 5-дақиқада ўнг қанотдан ташкил этилган ҳужумда ярим ҳимоячимиз Огнен Красич охиригача кураш олиб борди. Ҳимоячи, Красич билан тўп учун курашда аввал тўпни эгаллаб олди ва у дарвоза олдида тўпни дарвозабонга ташлаб берди, М.Абдуллаев бу вазиятда жуда ишончсиз ва суст ҳаракат қилди. Оқибатда Красич яна тўпга эгалик қилиб, ёнида турган Эркиновга ташлаб берди. Тажрибали ҳужумчимиз Шахбоз Эркинов енгил зарба билан тўпни дарвоза тўрига жойлаб қўйди – 0:1.
Бу голдан сўнг албатта майдон эгалари олдинга ўтишди, улар ҳисобни тенглаштириш учун ҳужумларга зўр беришди. Ўз навбатида уларнинг ташкил этган кетма-кет ҳужумлари гол билан якунланиши ҳам мумкин эди, аммо дарвозага зарба берган ўйинчиларда аниқлик етишмади.
Шундан сўнг майдонда ҳаракат қилаётган ҳар иккала жамоа очиқ футбол намойиш қилишга ўтишди. Албатта бу ҳолат тажрибали футболчиларимиз учун жуда қўлай эди. Майдон эгаларининг кейинги ташкил этган ҳужумлари ҳатто жарима майдонига етмасдан ҳимоячиларимиз томонидан тўхтатилаверди. Ўз навбатида жамоамиз тезкор қарши ҳужумлар ташкил этишди. Драган Черан бир неча марта узоқдан дарвозага зарба йўллаб кўрди, бунда дарвозабон яхши ҳаракат қилиб, хавфни бартараф эта олди. Ўйиннинг 19-дақиқасида Драган Черан жуда ажойиб тарзда Эркиновни тўп билан таъминлади, у ўз навбатида дарвозага аниқ зарба йўллаб, учрашувдаги жамоамизнинг иккинчи голини ҳам киритди – 0:2. Бу билан, тажрибали ҳужумчимиз Шахбоз Эркинов бу йилги мавсумда жамоамиз сафидаги иккинчи марта дублга эришди.
Учрашув биринчи бўлимида бундан ташқари ҳам жамоамизда гол уриш учун вазиятлар яратилди, аммо бошқа гол бўлмади.
Иккинчи бўлим бошидан жамоамиз ўйин тизгинини ўз қўлига олди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, майдон эгалари ҳам иккинчи бўлимда яхши ўйин кўрсатишди. Айниқса Жаҳонгир Жиямуродов майдонга туширилгач, “Сўғдиёна” жамоасининг ўйинида кучайиш ҳам сезилди. Шахсан Жиямуродовнинг ўзи бир неча марта Санжар Қувватов қўриқлаётган дарвозамизга хавфли зарбалар ҳам берди. Бунда Қувватов яхши ҳаракат қилиб, ўзи қуриқлаётган дарвозамиз даҳлсизлигини сақлаб қолди.
Ўйиндаги учинчи гол тажрибали ярим ҳимоячимиз Фозил Мусаев томонидан 76-дақиқада киритилди. Майдон марказидан бошлаб ташкил этилган тезкор ҳужумда Баҳром Абдураҳимов ҳимоячилар билан бир чизиқда турган Фозил Мусаевни тўп билан таъминлади. Мусаев жуда чаққон ҳаракат қилиб, ҳимоячиларни ортда қолдирди. Тўпга югуриб чиққан дарвозабонни ҳам алдаб ўтиб, дарвозага зарба берди ва жамоамизнинг учрашувдаги учинчи голига муаллиф бўлди – 0:3. Бу гол ўйин тақдирини узил-кесил ҳал қилган эди. Шу ерда марказий ярим ҳимоячимиз Баҳром Абдураҳимовнинг ҳам бугунги кўрсатган ўйинини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Бу футболчимиз бугунги учрашувда ўзининг энг яхши ўйинларидан бирини намойиш этди.
Қолган дақиқаларда ҳам майдонда кескин кураш давом этди. Аммо дарвозаларга бошқа голлар киритилмади.
Шундай қилиб, жамоамиз учрашувда йирик ҳисобдаги ғалабасини нишонлади ва муддатидан олдин жорий чемпионатдаги бронза совринини қўлга киритди.
Шуни эътироф этиш керакки, Рўзиқул Бердиев жамоамизда тўлиқ бош мураббийлик қилаётган мавсумларда, “Насаф” кетма-кет тўртинчи марта мана шундай фахрли совринга сазовор бўлмоқда. Футбол тили билан айтганда, Бердиевдан – покер! “Насаф” бу билан ўз тарихида 10-марта бронза соврини соҳибига айланди!
Жамоамиз энди жорий чемпионатнинг сўнгги тур учрашувида Муборакнинг “Машъал” жамоасини қабул қилади. Учрашув 23 ноябр куни Ғузорда бўлиб ўтади.
ЎзПФЛ, 29-тур. 19.11.2016
“Сўғдиёна” (Жиззах) - “Насаф” (Қарши) 0:3 (0:2)
“Сўғдиёна” марказий стадиони.14:00да
Бош ҳакам: Рустам Бобомуродов (Навоий) -8,5
Ёрдамчи ҳакамлар: Маъмур Саидқосимов (Тошкент) -8,6, Равиль Шояхметов (Тошкент) – 8,6.
Захира: Бахтиёр Юльчараев (Гулистон) – 9,0.
Назоратчи: Сайфиддин Ирматов (Тошкент)
ЎзПФЛ вакили: А.Иноятов
Голлар: Шахбоз Эркинов, 5’-0:1, 19’-0:2, Фозил Мусаев, 76’-0:3
“Сўғдиёна”: 21.Музаффар Абдуллаев, 4.Элёр Орипов, 5.Мурод Холмуҳаммедов, 7.Санжар Рашидов (с), 10.Музаффар Музаффаров (20.Жаҳонгир Жиямуродов 57), 13.Сарвар Жўраев (90.Сарвар Холматов 84), 16.Акмал Холмуродов, 18.Қаҳрамон Баҳодиров, 22.Бобир Қосимов, 77.Сардор Эминов (14.Жамшид Ҳасанов 62), 93.Ихтиёр Тошпўлатов.
Захира: 12.Ширинбой Абдуллаев, 2.Дилмурод Икромов, 8.Сухроб Қобилов, 9.Акмал Абдураҳмонов.
“Насаф”: 35.Санжар Қувватов, 4.Мақсуд Каримов (с), 6.Азиз Ғаниев, 7.Шуҳрат Муҳаммадиев, 15.Шахбоз Эркинов (45.Бобир Абдуҳолиқов 64), 18.Баҳром Абдураҳимов, 22.Игорь Голбан, 24.Огнен Красич (38.Дониёр Нарзуллаев 80), 28.Фозил Мусаев, 34.Фарруҳ Сайфиев, 69.Драган Черан (21.Азамат Алланиёзов 80).
Захира: 25.Элдорбек Суюнов, 5.Ильдар Маматказин, 14.Шароф Муҳиддинов, 23.Шерзод Аъзамов.
Огоҳлантириш: Музаффар Музаффаров 45+1, Санжар Рашидов 60, Элёр Орипов 90+3 – Игорь Голбан 69.