"Сўғдиёна" - "Насаф" (0:3) ўйинидан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар устози Даврон Файзиев иштирок этди ва бугунги ўйин ҳақида фикрларини билдириб ўтди.
-Сўзимни бошида мухлисларимиздан майдонимиздаги мавсумнинг сўнгги ўйинида мағлубиятга учраганимиз учун узр сўрайман. Тўғриси, майдонимиздаги мавсумнинг сўнгги ўйинда мухлисларимизни хурсанд қила олмаганимиз, аламли бўлди. Балки футболчиларимиз мавсумдаги вазифани бажардик деб, лоқайдликка йўл қўйишдими? Футболчиларимиз бугун қониқарли ўйин намойиш эта олишмади.
Келгусидаги режалар? Ҳозирча клубимиз раҳбарияти билан бу ҳақда музокара қилганимиз йўқ. Мавсумнинг сўнгги ўйини бор. Футболчиларни ҳам, ўзимни ҳам шартномам 31 декабрга ниҳоясига етади. Ҳали нима бўлиши маълум эмас. Биз 18 декабрларда йиғиламиз ва жамоада ким қолади ва ким кетади – шунга аниқлик киритиб оламиз ва янги йилдан машғулотларга киришамиз. Бизни олдимизда “Насаф”дагидек тиғиз график йўқ. Олдимизда келаси мавсум бошланишигача анча вақт бор.
Кўпчилик ўйинчиларимизга бошқа жамоалардан таклифлар бор. Хуллас, ҳозирча келгусида жамоа қандай бўлади аниқ эмас.
Биз бугун ғалаба қозонганимизда ҳозирги эгаллаб турган ўрнимиздан ҳам юқори ўринга сазовор бўлар эдик, афсуски бу режамиз амалга ошмади. Аммо биз қолган ўйинда ҳам бунинг учун ҳаракат қиламиз. Мухлисларимизни меҳмонда ўйнаб бўлсада, хурсанд қилишга уриниб кўрамиз.
Тактика? Жамоамиз бу йилги мавсумда ҳеч қайси рақиб билан ёпиқ ўйин намойиш этмади. Ҳамма билан очиқ ўйин қилдик. Тўғриси, футбол ишқибозлари шундай ўйинни яхши кўришади. Биз уларнинг ҳам ҳоҳишини ҳисобга олишимиз керак. Бундай ўйинда ютқазсангиз ҳам алам қилмайди, чунки мухлислар бундан завқ олишади.