Туркманистон элчихонасида 2017 йили Ашхободда ўтказиладиган V Осиё Ўйинларига тайёргарлик тўғрисида маълум қилди.
Бугунги кунга қадар V Осиё Ўйинлари-2017 ни ўтказишга Туркманистон пойтахтидаги қурилиши режалаштирилган спорт инфратузилмасининг 80−85 фоизи тайёр. Қолган иншоотлар келгуси йилнинг биринчи ярмида фойдаланишга топширилади. Бу ҳақда пайшанба куни Туркманистоннинг Тошкентдаги элчихонасида бўлиб ўтган брифингда маълум қилинди.
Ёпиқ иншоотлардаги Осиё Ўйинлари Ашхободда 2017 йил 17 сентябрда бошланади. Уларда Осиёнинг 45 давлати ҳамда Австралия ва Океаниядан 17 мамлакат вакиллари спортнинг 21 тури бўйича баҳс олиб боради. Ўзбекистон жамоаси биринчилардан бўлиб Ўйинларда иштирок этиш тўғрисида ариза берди.
Туркманистон Марказий Осиё давлатлари ичида биринчи бўлиб бундай миқёсдаги спорт форумини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди. Осиё Ўйинларига турли мамлакатлардан 200 мингдан зиёд ишқибозларнинг ташриф буюриши тахмин қилинмоқда.
30 спорт объектини ўз ичига олган кўп функционалли спорт мажмуаси — Олимпия шаҳарчаси қурилиши 2010 йилнинг 5 ноябрь куни бошланган эди. Мажмуанинг умумий майдони 157 га ни ташкил этади.
Туркманистон ҳукумати Осиё Ўйинлари якунланганидан сўнг қурилган спорт ареналари ва меҳмонхона мажмуаларидан мамлакатда спортни ривожлантириш мақсадида фойдаланишни режалаштирган.