«Барселона» клуби Испания чемпионатининг 13-туридан ўрин олган «Реал Сосьедад» клубига қарши ўйинда 0:3 ҳисобида техник мағлубиятга учраши мумкин эди.
Marca хабарига кўра, «Барселона» бразилиялик футболчи Марлонни рўйхатдан ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатларни Испания футбол федерациясига бир кунга кечикиб жўнатган. Натижада футболчи 2017 йил январь ойидан бошлаб Каталония клуби таркибида ўйнашга рухсат олган.
Бундан бехабар бўлган Луис Энрике Марлонни «Реал Сосьедад»га қарши ўйинда захирадан майдонга туширмоқчи бўлган, ҳатто унга майдонда қандай ҳаракат қилиш ҳақида кўрсатмалар ҳам берган. Бироқ бош мураббий ёрдамчилари Луис Энрикени ўз вақтида бу ишдан тўхтатиб қолишган.
Ўз навбатида Марлон «Барселона» ёшлари жамоасида иштирок этишда давом этаверади, чунки у ўз вақтида рўйхатдан ўтказилган.