Сочи Олимпиадасидаги допинг намуналарини сохталаштириш схемасида Россия спорт вазирлиги, RUSADA аксилдопинг агентлиги, Москва аксилдопинг лабораторияси ва Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари иштирок этган эди.
Допинг бўйича давлат дастуридан 30 дан ортиқ спорт йўналиши вакили бўлган мингдан ортиқ россиялик спортчи иштирок этди. Бу ҳақда Бутунжаҳон аксилдопинг агентлигининг (WADA) Ричард Макларен бошчилигидаги мустақил комиссияси тақдим этган ҳисоботнинг иккинчи қисмида айтилди, деб хабар беради «Корреспондент.net».
Экспертлар 2014 йилги Ўйинларда россиялик спортчиларнинг допинг намуналари алмаштириб қўйилганини яна бир бор тасдиқлади. Янги ҳужжатда 500 дан ортиқ қалбаки допинг ҳисоботлари Москвадаги лабораториядан WADA электрон тизимига жўнатилгани айтилади. Ҳисоботнинг биринчи қисмида бу кўрсаткич 312 га тенг эди.
Экспертларнинг уқтиришича, допинг манипуляцияларига 2012 йилги Лондон Олимпиадасида ҳамда 2013 йили Москвада бўлиб ўтган енгил атлека бўйича жаҳон чемпионатидаёқ қўл урилган.
Мутахассисларнинг тахминича, допинг текширувлари натижаларини қалбакилаштириш тизими илк бор 2011 йили яратила бошланган. Бунга Россия жамоасининг Ванкувер Олимпия ўйинларидаги муваффақиятсизликлари сабаб бўлган.
Шу билан бирга, Маклареннинг фикрича, Сочидаги Ўйинларда допинг намуналарини алмаштириб қўйиш техникаси Москва аксилдопинг лабораторияси учун одатий ҳолга айланиб, кўплаб ёзги ва қишки спорт турларида ишлатилган.