Қўқон футболи ёш иқтидорли футболчиларни тарбиялаш борасида етакчилардан бири сифатида эътироф этилади. Якунига етган мавсумда бу яна бир бор ўз исботини топди.
Ушбу мавсумда жамоа сафида уч нафар ёш футболчи Олий лигадаги дебют учрашувини ўтказишди.
2015 йили ёшлар лигасидаги ўйинлари орқали мухлис ва мутахассислар эътиборига тушган Иқбол Маликжонов учун жорий йил омадли ўтди, десак муболаға бўлмайди.
Ёш футболчи Олий лигада дебют учрашувини ўтказди. Қолаверса, Фарғонада ўтказилган “Универсиада-2016” мусобақасида кумуш медалга сазовор бўлди.
Яна бир ёш футболчи Ойбек Рустамов ҳам 2016 йилни бир умр эслаб юрса ажаб эмас. Сабаби, 19 ёшли ҳимоячи ҳам якунига етган мавсумда Олий лигада дебют қилди. Бундан ташқари, Жасур Абдураимов бошқарган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси билан бирга Осиё чемпионатида иштирок этди.
Ўтган йили ўринбосарлар таркибида ёрқин ўйин намойиш этган Аваз Маматхўжаев ҳам бу йил элитада дебют қилишга муваффақ бўлди. Биринчи давра якунланиш арафасида Олий лигадаги биринчи учрашувини ўтказган ёш футболчи иккинчи даврада деярли асосий таркиб ўйинчисига айланди.
Якунига етган мавсумда жамоа ғалабаларига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган бу ёш футболчиларга янги мавсум ҳам мана шундай омадли ўтишини тилаб қоламиз.