Беш кун давомида Тошкентдаги “Универсал” спорт саройида бўлиб ўтган эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича Ўзбекистон чемпионати кеча ўз поёнига етди ва барча вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди. Биз сайтимиз орқали юнон-рум курашининг тўрт вазн тоифасида қайд этилган натижалар ҳусусида хабар бериб ўтгандик.
Айтиш керакки 66, 75, 85, 130 кг. вазн тоифаларида ҳам кураш анчагина қизғин ва муросасиз руҳда кечди. 66 кг. вазн тоифасида шоҳсупанинг биринчи поғонасига 2016-йилги жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори, мамлакат кубоги соҳиби бухоролик Мирзобек Раҳматов кўтарилди. У финал жангида Нурбек Ўктамовни таслим этишни уддалади. Ушбу вазнда бронза медаллари Тошкентлик икки спортчи Арам Варданян ва Абдурашид Бердалиевларга насиб қилди.
75 кг. вазн тоифасида ҳал қилувчи беллашув Қорақалпоғистон Республикаси вакили Жалгас Бердимуратов ва фарғоналик Диёр Шариповлар ўртасида кечди. Беллашувда Осиё чемпионатининг бронза медали совриндори ва Ўзбекистон кубоги соҳиби Жалгас Бердимуратов зафар қучиб Ўзбекистон чемпиони унвонига сазовор бўлди. Тошкентлик Бахтиёр Исоқов ва самарқандлик Жаҳонгир Зиёевлар бронза медаллари билан чекланишди.
2016-йилги Осиё чемпионатининг кумуш медали совриндори бухоролик Муҳаммадали Шамсиддинов 85 кг. вазнга эга полвонлар ўртасида мамлакатимизда тенгсиз деб топилиб, шоҳсупанинг энг юқорисига кўтарилди. У финалда андижонлик рақиби Нурбек Ҳошимбековни мағлубиятга учратди. Бухоро яккакураш мактаби тарбияланувчиси Рустам Султонов ва қашқадарёлик Эрматбек Шерматовлар эса бронза медаллари билан тақдирланишди.
Ўта оғир вазнли полвонлар баҳсида (130 кг.) Рио-2016 Олимпия ўйинлари иштирокчиси Мўминжон Абдуллаев финалда тошкентлик Азамат Баҳодирзодани таслим этиб Ўзбекистон чемпионлигини тантана қилди. Пойтахтнинг яна бир вакили Тимур Ўримбоев ва бухоролик Умид Нуровлар бронза медалига лойиқ кўрилишди.
17 декабрь куни аёллар кураши бўйича беллашувлар бўлиб ўтди. Эътиборлиси саккиз вазн тоифасининг олтитасида қорақалпоғистонлик, яна иккитасида хоразмлик қизлар ғолибликни қўлга киритишди. Демак барча вазн тоифаларда ўтказилган баҳслар якунига кўра хоразмлик Асалхон ва Нодира Собировалар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари Шаҳодат Жуллибаева, Севара Ешмуратова, Асем Сейдаметова, Набира Есенбаева, Нилуфар Гадоева ва Лалахан Ўринбоевалар олтин медалларини қўлга киритиб, Ўзбекистон чемпиони номига сазовор бўлишди.
Ва ниҳоят 18-19 декабрь кунлари энди эркин кураш бўйича беллашувлар бўлиб ўтди. 2016-йилги Ўзбекистон чемпионати баҳсларига якун ясаб берган мазкур беллашувлар ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотганди. Биз ҳам ўз навбатида барча вазн тоифаларида қайд этилган техник натижалар билан таништириб ўтамиз.
57 кг: 1 – Ғуломжон Абдуллаев (Хоразм), 2 – Жаҳонгир Туробов (Бухоро)
3 – Насибулло Қурбонов (Тошкент вил.) ва Зокир Мансуров (Тошкент вил.)
61 кг: 1 – Аббос Раҳмонов (РОЗК), 2 – Темур Усмонохунов (Андижон)
3 – Муҳаммадсидиқ Жўраев (Бухоро) ва Шахбоз Ёдгоров (Тошкент).
65 кг: 1 – Муҳаммадкарим Усмонов (Сирдарё), 2 – Сирожиддин Хасанов (Бухоро),
3 – Азимжон Назаров (Навоий) ва Маъруф Нуриллаев (Бухоро).
70 кг: 1 – Мирзо Хайитов (Бухоро), 2 – Шоҳрух Сапаев (Андижон),
3 – Азиз Қаландаров (Хоразм) ва Азамат Ашуров (Бухоро).
74 кг: 1– Дайибек Отарбаев (Қорақалпоғистон), 2 – Санжар Машарипов (Хоразм),
3 – Муҳаммадали Мухторов (Самарканд) ва Соҳиб Искандаров (Бухоро).
86 кг: 1 – Ильфат Раджапов (Тошкент вил.), 2 – Азиз Солиев (Бухоро),
3 – Нодир Эгамбердиев (Сурхондарё) ва Темур Абдусатторов (Фарғона).
97 кг: 1 – Баҳодир Арслонов (Навоий), 2 – Суҳроб Мукаррамов (Бухоро),
3 – Нодир Хонтўраев (Жиззах) ва Абдурасул Ваҳобов (Тошкент вил.)
125 кг: 1 – Хасанбой Раҳимов (Навоий), 2 – Сардор Холматов (Тошкент вил.)
3– Асилбек Абдураимов (Самарқанд) ва Рустам Жалолов (Ташкент вил.)