Россиянинг «Соккер.ру» сайти Россия чемпионатининг биринчи қисмида муваффақиятсиз ўйнаб, мухлислар умидини оқламаган футболчилар рўйхатини тузди.
Таркибдан Сергей Игнашевич (ЦСКА), Юрий Лодигин («Зенит»), Алекс Сонг («Рубин»), Алексей Миранчук («Локомотив»), Одил Аҳмедов («Краснодар»), Эсекиель Хенти («Локомотив»), Николай Заболотний («Урал»), Ласина Траоре (ЦСКА), Лоренцо Мельгарехо («Спартак») ва Максим Лестьенн («Рубин») жой олди.
«Краснодар» яримҳимоячиси Одил Аҳмедовнинг ўйинини «Соккер.ру» таҳлил қилиб чиқди.
«Одил Аҳмедов ўтган мавсумда «Краснодар» клубининг энг яхши яримҳимоячилари рўйхатидан мунтазам жой олиб келаётганди. Жорий мавсумда эса асосий таркибга ҳам киритилмай қўйди.
Одилнинг ўйинида кескин пасайиш кузатилмоқда, бунинг сабаби эса номаълум. У олдинги чайирлигини йўқотган, натижада рақибдан тўп олиб қўйишлар ва ўткир тўп узатишлар сони кескин пасайган. Бундан ташқари ноаниқ тўп узатишлар сони ҳам ошган» - деб ёзди «Соккер.ру».