28-декабр куни Ўзбекистон бокс федерациясида йил якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. “Рио-2016” Олимпия ўйинларида совриндор бўлган боксчиларимиз ҳамда Ўзбекистон бокс федерацияси Бош котиби Жаҳонгир Болтабоев иштирок этган мазкур матбуот анжуманида 2016-йилда эришилган натижалар ва 2017-йилдаги режалар ҳақида тўхталиб ўтилди. Бундан ташқари, анжуманда журналистлар ўзларини қизиқтирган бир қатор саволларга жавоб олдилар.
2016-йил Ўзбек бокси учун улкан муваффақиятлар йили бўлди. Жорий йил нафақат “Рио-2016” ўйинларидаги ютуқлар, йил давомида юртимизда ўтказилган кўплаб халқаро мусобақалар ва жанглар билан ҳам йодда қолди. Ўтган йил давомида юртимиз ярим профессионаллар ўртасида WСБ жангларининг саралаш босқичи ва финал тўқнашуви бўлиб ўтди. Шунингдек, Тошкент шаҳри АПБ жангларига мезбонлик қилди. Бундан ташқари, терма жамоамизнинг ўсмирлар, ёшлар ва аёллар орасидаги таркиблари Осиё ва Жаҳон чемпионатларида ўз кучини синаб кўрди.
Бразилияда ўтган Олимпия ўйинларида эса 3та олтин 2та кумуш ва 2та бронза медалини қўлга киритиб умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган боксчиларимиз бутун дунёга ўзбек бокс мактаби кучини яна бир бор кўрсатиб қайтишди.
28-декабр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманда Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Жаҳонгир Болтабоев йил давомида федерация томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида қисқача маълумот берди. Шунингдек бош котиб, Халқаро Бокс Уюшмаси – АИБАнинг 19-21 декабр кунлари бўлиб ўтган ташкилот ижроия қўмитасининг йиғилишида Ҳасанбой Дўсматов йилнинг энг яхши боксчи деб топилганини яна бир бор билдириб, куни кеча спортчимизни мамлакатимизда ҳам “Йилнинг энг яхши спортчиси” деб топилганини маълум қилди.
Бўлиб ўтган матбуот анжумани сўнгида Бокс федерацияси вакиллари ва бевосита боксчиларимиз эришилган ютуқларни янада яхшилашга ҳаракат қилишларини айтиб ўтиб, йил давомида уларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаб турган мухлисларга ўз миннатдорчиликларини билдиришди.