Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия - Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР - Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн - Хитой
14/11 19:00 Кувайт - Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон - Фаластин
14/11 21:15 Ироқ - Иордания
14/11 21:15 Қатар - Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА - Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Ўзбек футболида 2016 йил сарҳисоби

Баҳо:
+ | -

Яна бир йил ортда қолмоқда, ўзбек футболи ҳам бир ёшга улғаяди. Ўтган 2016 йил биз учун қандай келди? Бу саволга турлича жавоб янграши турган гап. Ким учундир бу давр қувончли воқеалар билан ёдда қолди. Ҳар ҳолда Ўзбекистон миллий терма жамоаси қаторасига 10та ўйинда ғалабага эришиб, рекорд қайд этди. Бошқа бировлар эса 2016 йилни омадсизликлар билан эслаб қолишган. Масалан, ўсмирлар ва ёшлар терма жамоамиз жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга кирита олмади. Шундай экан, ҳамманинг диди турлича. Биз эса ортда қолаётган йилда ўзбек футболида бўлиб ўтган ҳодисаларни яна бир бор ёдга олишга қарор қилдик.

МТЖ

Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун 2016 йил драма жанрида ривожланди. Аввалига ЖЧ-2018 саралашининг иккинчи босқичи муваффақиятли якунланди. Терма бошқарувига Самвел Бабаян келганидан сўнг ушбу босқичда бирорта мағлубият қайд этилмади ва ҳақли равишда гуруҳдан биринчи ўрин билан учинчи босқичга ўтилди.

Мос равишда учинчи босқич ҳам муваффақиятли бошланди. Аввал Сурия, кейин эса Қатар терма жамоаси 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратилди. Бу ғалабаларнинг барчаси кишини хурсанд қилади, фақат бир истисно, Ўзбекистон терма жамоаси Самвел Бабаян қўл остида ҳар қанча ғолиб чиқмасин, ҳали бирор марта савия жиҳатидан ўзидан устун рақибга қарши майдонга тушмаган эди. Ниҳоят, учинчи босқичда ўша рақиб билан тўқнаш келинди. Ва бу тўқнашув Бабаяннинг илк мағлубияти билан хотима топди.

Эрон терма жамоасига қарши Тошкентда кечган ўйин мухлислар устидан қуйилган совуқ сув бўлди. Карлуш Кейруш Бабаянни ўз услубида мағлуб этди - 1:0. Гарчи орадан бир ҳафта ўтиб Хитойга қарши кечган баҳсда ҳамюртларимиз ғалабага эришган бўлсалар-да, Эрондан учралган мағлубият аламли воқеа сифатида хотирамизга муҳрланди. 2016 йилдаги сўнгги ўйин эса Жанубий Кореяга қарши ўтказилиб, 1:2 ҳисобида мағлубиятга учралди. Қизиқ томони, айнан шу ўйин кўпчилик учун терма жамоа ўтказган энг яхши учрашув бўлиб қолди. Бунга қадар ҳамюртларимиз 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганда ҳам бу қадар яхши ўйнай олмаган эдилар.

ОЧЛ

Ўзбекистон клублари Осиё Чемпионлар Лигасида ҳали бирор марта ғолиб чиқишмаган. Финал ҳам ҳозирча орзу бўлиб турибди. Аммо ярим финалда ўйнаш бўйича анча-мунча натижа кўрсатиб улгуришган. Аввал «Пахтакор», кейин эса «Бунёдкор» финалга йўлланма берувчи баҳслардаги иштироклари билан бизни қувонтиришганди. Ҳозир Ўзбекистон чемпионатида «Локомотив» етакчилик қилмоқда. Аммо «темирйўлчилар» қитъа даражасида тўрт жамоадан бири бўла олмадилар.

2016 йилда «Локомотив»нинг кучи чорак финалгача етди. Аммо шу натижа ҳам бизни хурсанд қилди. Нима учун? Чунки бир вақтлари «Пахтакор» ва «Бунёдкор» ярим финалга чиққанда бизнинг мақсадимиз финал эди. Шу боис ярим финалдан кўнглимиз тўлмаган. «Локомотив» эса қитъа даражасида у қадар салоҳиятга эга эмас. Ҳозир араб ва Хитой клублари легионерлар ҳисобига анча кучайиб кетишган. «Локомотив» эса асосан маҳаллий футболчиларга таянади. Биргина легионер Неманья Яничич ҳам кўп жиҳатлар бўйича ўзимизнинг ҳимоячилардан фарқ қилмайди.

Шу сабабли «Локомотив»нинг чорак финалга чиққани ижобий ҳолат сифатида баҳоланди. Чунки мамлакатимизнинг янги чемпиони бу даражага чиқиш учун бир бош баланд сакрай олди. «Насаф», «Пахтакор» ва «Бунёдкор» эса ўз даражасидан кўтарила олмаганлари учун ҳам гуруҳда қолиб кетишди. Янги йил бизга қандай янгиликлар келтиради? Буниси ҳақида энди насиб қилса роппа-роса бир йилдан сўнг гаплашамиз.

ЁШЛАР ВА ЎСМИРЛАР

Сўнгги йилларда ўзбек футболи ривожланаётгани ҳақида гапирилган бўлса, бу гаплар тўлиғича ёшлар ва ўсмирлар даражасида қўлга киритилган ютуқлар билан боғлиқ эди. Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Осиё чемпиони бўлди ва кетма-кет мундиалда иштирок этди. Ёшлар терма жамоаси эса қаторасига икки марта жаҳон чемпионатида ўйнади. Натижада футболимиз олдинга қадам ташлаётгандек тасаввур уйғонди.

Ўша Осиё чемпиони бўлган ўсмирлар ҳозир 21 ёшда ва авжи кучган тўлган вақти. Лекин муаммо шундаки, фақат Отабек Шукуров миллий терма жамоа даражасига чиқа олди. Ёшлардан эса Игорь Сергеев термада ўйнамоқда. Нафсиламрини айтганда, ҳар икки ўйинчига ҳам эътироз етарли, аммо ҳозир мавзу бу ҳақида эмас. Айтмоқчи бўлганимиз, ёшлар ва ўсмирлар даражасида ҳар қанча мақтанарли ғалабаларга эришмайлик, катталар футболида ҳамон оқсаяпмиз.

2016 йилда на ўсмирлар ва на ёшлар жаҳон чемпионатига чиқа олишди. Ким билади дейсиз, балки бу яхшиликкадир. Биз учун муҳими - бу жамоалар таркибида иқтидорли ёшлар кўп эканини кўрдик. Умид қиламизки, ҳақиқий ютуқлар ҳали олдинда. Майли, улар ўз ёшларида мундиалда ўйнашмасин, муҳими - миллий терма жамоа билан шу ишни амалга оширишса бўлгани.

Бу орзулар қай даражада амалга ошишини эса янги 2017 йилда кўрармиз, насиб қилса...

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:57, 02.01.2017.
Ўқилди: 5182 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.