2017 йил парижликлар учун кўтаринки кайфиятда бошланди. Шанба оқшомида, пойтахт жамоаси «Бастия»ни қабул қилди ва 7-0 ҳисобида «янчиб ташлади». Франция Кубоги 1/32 босқичининг илк матчидаёқ «ПСЖ» барчасини ҳал қилди дейишимиз мумкин.
«ПСЖ» биринчи бўлимда Тиаго Силва (30-дақиқа) ва Адрен Рабионинг (43-дақиқа) урган голлари эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олди. Танаффусдан сўнг «ПСЖ» мухлисларини голлар шодаси билан яна ҳушнуд этди. Аввалига Нкунку 48-дақиқада ҳисобни йирик кўринишга олиб келди. Унинг узоқдан берган зарбасини «Бастия» посбони қайтара олмади. Бен Арфанинг ажойиб узатмасини эса Тиаго Мотта боши билан йўллаб голга айлантирди.
Лукас, Анхел ди Мариянинг голлари ҳисобни анча йирик кўринишга олиб келди. “ПСЖ”нинг қишки трансфер бозоридаги илк хариди Юлиан Дракслер дебютини 58-дақиқадан бошлади. 89-дақиқада “Волфсбург”нинг собиқ ўйинчиси ўз номини таблога ёздириб қўйди. Ҳеч ким унинг дебюти бундай омадли чиқишини кутмагани аниқ.
Ушбу баҳсда корсикаликлар етакчи футболчиларисиз иштирок этди. Жамоа парижликлар қаршисида ожиз қолди. Янник Каузак ва Энсо Кривеллиларнинг йўқлиги жамоа ўйинига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. “Бастия” ҳар жабҳада Унай Эмери шогирдларидан енгилди. Ўйиндан олдинги матбуот анжуманида “Бастия” бош мураббийи Франсуа Чикколини йилни “ПСЖ”га қарши баҳс билан бошлаш совға эмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтганди.
Рабио, ажойиб қайтиш
Терма жамоадаги илк учрашувида жароҳат олиб деярли икки ой майдондан ташқарида қолиб кетган Адрен Рабио ажойиб спорт формасида эканлигини кўрсатиб берди. Ярим ҳимоячи иккинчи голга муаллифлик қилди. Унинг чамаси 30 метрлардан берган ажойиб зарбасига “Бастия” дарвозабони ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмади.
Қолган дақиқаларда ўртача ўйин намойиш этган Рабио 57-дақиқада ўз ўрнини янги жамоадоши, Дракслерга бўшатиб берди. Оғир жароҳат олиб анча вақт даволанган ярим ҳимоячининг ўйини кўпчиликда юқори таассурот қолдирди.