Ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида, Франциянинг “Лион” жамоаси белгиялик Аднан Янузайни диққат билан кузатиб бормоқда. Ушбу мавсумда “Манчестер Юнайтед”дан “Сандерленд”га ижарага берилган футболчининг “Лион”га кўчиб ўтиши яхши фикрми? Унчалик эмас…
Асосий таркиб ўйинчиларидан бири Рашид Геззалнинг Африка Миллатлар Кубогидаги иштироки боис, “Лион” жамоаси унинг ўрнини тўлдирадиган ҳужумчи ёки ҳужумни хуш кўрувчи ярим ҳимоячи олишни кўзлаган. Шу мақсадда француз клуби Аднан Янузайни кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олишни мўлжалламоқда. 21 ёшли иқтидор эгаси универсал футболчи ҳисобланади, ҳужумларда қатнашиш билан бирга, ҳужумчиларни қўллаб-қувватлай олиши мумкин. Ажойиб техника, тезликка эга чапақай футболчи келажаги порлоқ ёш футболчилар қаторидан доимий равишда жой олиб келмоқда. Шу қобилиятлари туфайли ҳам “Манчестер Юнайтед” клуби 2011 йилда 16 ёшли Аднан Янузайни “Андерлехт”нинг ўринбосалар жамоасидан ўз сафига қўшиб олганди. Кўринишидан ҳаммаси яхшидек кўринади.
Аммо унинг спорт формасини ҳам эсдан чиқармаслик керак. “Қизил иблислар” сафидаги шов-шувли дебютига қарамасдан, у кейинчалик жамоа сафида йўқолиб қолди. Эсингизда бўлса, 2013-йил 5-октябрда Премер Лигада асосий таркибда туширилган илк ўйинидаёқ, белгиялик футболчи дубл қайд этган эди. Бу голларни эса ҳозирги клуби “Сандерленд”га урган! Мавсум охиридаги кўрсаткичи қандай эди? Чемпионатда 27 учрашув ўтказган ёш иқтидор эгаси 4та гол урди ёки бошқача айтганда, ўша дублга қўшиб яна иккита гол кирита олди, холос. Кейинги мавсумда эса бутунлай нурсиз ўйин намойиш этди. Мавсум якунида унинг ҳисобида ҳеч қандай гол йўқ. Умумий ҳисобда, “Манчестер Юнайтед” сафида 63 учрашув ўтказган Аднан Янузай ҳисобида бешта гол ва 4 голли узатма бор. Ўйин амалиётига ва тажриба тўплаши учун “Манчестер Юнайтед” 2015-йил ёзида белгиялик футболчини “Боруссия” Дортмундга бир йилга ижарага берди. Аднан Янузай қадрдон клубига тўрт ой ўтар-ўтмас қайтиб келди. Бундеслигада асосий таркибдан жой ололмаган футболчи 6 марта заҳирадан туширилди. Умумий ҳисобда, 159 дақиқа ўйнади ва бирорта гол ура олмади. Кейинги олти ойни эса «қизил иблислар» ўринбосарлар таркибида ўтказди ва асосий жамоада 3 марта заҳирадан ўйинга туширилган Янузай Премер Лигада бор-йўғи 17 дақиқа иштирок этди.
Ушбу мавсум бошида эса «Сандрленд»га ижарага кўчиб ўтди. Ҳозирча унинг янги жамоасидаги ишлари анча барқарор дейишимиз мумкин. Ҳозиргача 13 та ўйин ўтказган футболчи шулардан 9 тасини асосий таркибда бошлаган ва умумий ҳисобда 877 дақиқа ўйнаган. Аммо у статистик кўрсаткичларини яхшилай олгани йўқ. Унинг ҳисобида на гол, на голли узатма мавжуд. Табиий савол туғилади, Янузай “ноёб топилма”ми ёки шунчаки келажаги порлоқ футболчими? Буни вақт кўрсатади, албатта. Терма жамоадаги ишлари ҳам кўнгилдагидек эмас. 2014-йилдан буён бирор марта ҳам терма жамоа либосида ўйнагани йўқ. Францийа 1 Лигасида 4-ўринда бораётган «Лион» эса пешқадамдан бор-йўғи беш очкога ортда қолмоқда. Бундай пайтда «Лион»га келажаги порлоқ, иқтидорли футболчидан кўра тажрибали, ишончни оқлаган ҳужумчи олиб келингани маъқулроқ. Валбуэна, Фекир ё бўлмасам Корне ҳам бир ой мобайнида Геззалнинг йўқлигини билдирмасликлари мумкин.