Америкалик собиқ боксчи Флойд Мейвезер UFC чемпиони Конор Макгрегордан бошқа ҳеч кимга қарши рингга кўтарилмаслигини айтди. 39 ёшли спортчининг сўзларини Boxingscene келтирди.
«Агар жанг Конор Макгрегорга қарши бўлса, мен учун бу аҳамият касб этади. Бошқа рақиб билан жанг қилишнинг маъноси йўқ. Мен бизнесменман. Одамлар кўнгилхушликни истайди. Жангни ташкил қила олсак, катта маблағ ишлаб оламиз», – деди Мейвезер.
14 январь куни Мутлақ жангчилик чемпионати (UFC) президенти Дана Уайт Мейвезер ва Макгрегор жанги учун ҳар икки спортчига 25 миллион доллардан тўлашга тайёр эканини маълум қилганди.
Флойд Мейвезер Конор Макгрегор ўртасида жанг бўлиб ўтиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар UFC чемпиони боксчилик лицензиясини олганидан кейин пайдо бўлди. Ирландиялик жангчи Мейвезер билан жанг учун 100 миллион доллар ишлаб олиш истагини билдирганди.
Маълумот учун, 28 ёшли Макгрегор фаолиятини 2008 йилда бошлаган. Шу вақтгача у 23 та жанг ўтказиб, 20 тасида (17 тасида нокаут билан) зафар қучган ва 3 тасида мағлубиятга учраган.
2015 йили боксчилик фаолиятини тугатган 39 ёшли Флойд Мейвезер профессионал рингда 49 та жанг ўтказиб, барчасида (26 тасида нокаут билан) ғалаба қозонган.