Россиянинг «Советский спорт» нашри ҳам миллий жамоамиз сардори Одил Аҳмедовнинг «Шанхай СИПГ»га ўтишига бефарқ қарамади ва бу ҳақда алоҳида таҳлилий мақола тайёрлади. Газета ижодкорлари хусусан, «Краснодар» ҳамюртимизни осонгина қўйиб юборганини таъкидлаш баробарида вақтида уни қўлга киритиш учун жуда кўп тер тўкканини эслатишди. Келинг, яхшиси, хорижлик ҳамкасбларимизнинг мазкур масала юзасидан қандай фикр билдиришгани билан батафсилроқ танишиб чиқайлик.
- Ўзбекистон термаси сардори Одил Аҳмедов «Краснодар»ни тарк этиб, Андре Виллаш-Боаш бошқарувидаги «Шанхай СИПГ» клуби сафига қўшилди. Хабарларга кўра, трансфер суммаси 8 миллион еврони ташкил қилган, Халк ва Оскар эндиликда Аҳмедов билан битта жамоада тўп суришади. Айтиш жоиз, Одилни Чин юртида илиқ кутиб олишди. «Шанхай СИПГ» ўтган йили Хитой чемпионатида 3-ўринни эгаллаганди. Бразилиялик Халк 8та ўйинда қатнашиб, рақиблар дарвозасини 5 бора ишғол қилишдан ташқари, самарали узатмалари билан ҳам алоҳида ажралиб турди. Виллаш-Боашнинг айтишича, ушбу клуб янги мавсумда сайёрамизнинг энг тез ривожланаётган лигасида чемпионлик учун курашар экан. Ҳа, Хитой чемпионатига катта маблағ киритилмоқда ва клублар ҳар қайси футболчига керакли суммани тўлашга тайёрлар. Карлос Тевесни Европада ҳисобдан чиқариб юборишдими? Ҳечқиси йўқ, у энди жаҳоннинг энг бадавлат ўйинчисига айланди. Эсикиэль Лавесси «ПСЖ» захира ўриндиғига мустаҳкам жойлашиб олганмиди? Майли, у ҳозир Хитойда ҳар мавсум чамаси 22 миллион евро миқдорида маош оляпти. Бундай мисоллар бисёр.
Хуллас, Чин юрти футболчи сотиш учун қулай масканга айланди. Оскар, Халк, Тевес, Лавесси, Аҳмедов... Тўғри, Одил кўпчиликдан фарқ қилади. У - хитойлик «ўйинчоқлар»дан фарқли ўлароқ, анча меҳнаткаш. Дейлик, Сергей Галицкий ўзбекистонлик футболчини айнан шу сифатлари учун қадрларди, уни «Анжи»дан сотиб олиш йўлида нақ 2 йил уринди. Агар Махачқалъа суперклубидаги лойиҳа барбод бўлмаганида, ниятига етолмасмиди?!
Краснодарга кўчиб ўтгач, Одилнинг ўзи тан олди: шахсан Галицкий уни «буқалар» сафида кўришни хоҳлагани туфайли у ЦСКАга рад жавобини берган. «Краснодар» президентининг ёқимтой ўйинчилари йўқ ёки у буни сир тутади. Аммо шундай футболчи бор эди - Одил Аҳмедов. У Галицкий кўз ўнгида «Анжи»да ўсишга эришди, юлдузлар жамоасида йўқолиб қолмади. Аҳмедов қайсидир маънода Сергей Николаевичга ўхшайди: «буқалар» хўжайини сингари ҳаммасига ўз меҳнати билан эришди, ҳар қандай қийинчиликларни сабот билан енгди. Хўш, шундай экан, Галицкий нима сабабдан севимли футболчисини қўйиб юборди? Барча юлдузларни тўплаётган Хитой футболининг Одилга қизиқиши омили нима? Ҳойнаҳой, Аҳмедовни маҳаллий скаутлар яхши танишади, зеро, Ўзбекистон миллий термаси Осиёнинг етакчи жамоаларидан ҳисобланади. Одилнинг Хитой муҳитига кўникишда қийналмаслиги тайин. Клуб эса Маҳачқалъадаги юлдузлар сафида етакчилардан бирига айланган футболчи ҳисобига кучайишга эришади.
«Краснодар»чи?
Давоми: www.interfutbol.uz'да.