“Локомотив” клуби Осиё чемпионлар лигасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади. Айнан шу сабабли биз ҳужумчимизни ижарага беришга рози бўлдик. Футболчи “Локомотив” сафида ўзини кўрсатса Ўзбекистон терма жамоасига ҳам чақирув олиши мумкин.
Мурод Бобожонов ҳуқуқий жиҳатдан “Нефтчи” клубига тегишли ва 2 йиллик шартномаси мавжуд. Бу трансфер орқали “Нефтчи” сафидаги ёш футболчиларда ҳам қўшимча стимул пайдо бўлди. Яъни Бобожонов мисолида улар келажакда халқаро мусобақаларда иштирок этишга ишончлари ортди.
“Нефтчи” футбол клуб сиёсатига кўра таркибга бир қатор фарғоналик ёш футболчилар жалб қилинмоқда. 1998-2000 йилларда туғилган маҳоратли ва қобилиятли ўйинчилар кўрикдан ўтказилмоқда.
Бобожонов ижарага берилгач “Нефтчи” клуби тезкорлик билан янги ҳужумчи қидириш ишларини бошлаб юборди. Бугун Фарғона футболи тарбияланувчиси ҳисобланган Мўйдин Мамазулумов “Нефтчи” сафига қўшиб олинганини расман маълум қиламиз.
Бундан ташқари “Нефтчи” бош мураббийи Андрей Фёдоров айни пайтда Москвада бўлиб турибди. Мураббий у ерда легионерлар билан музокара ўтказади. Агар барчаси яхши ўтса яқин орада “Нефтчи” сафида маҳоратли легионерлар пайдо бўлиш эҳтимоли мавжуд”, – дейди Райимжонов