Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Cанжар Қувватов: «Таиланд ҳақидаги хабарлар асоссиз эди»

Баҳо:
+ | -

Ўтган йилги мавсум якунларига кўра, яна бир бор чемпионатнинг бронза медаллари билан тақдирланган Қаршининг «Насаф» клуби янги мавсумга тайёргарликнинг иккинчи босқичини давом эттирмоқда.

Аниқроқ айтсак, «аждарлар» клуб базасида кунига икки маҳалдан ўқув-машғулот йиғинини ўтказишяпти. Таркибга боғлиқ энг муҳим янгиликлардан бири шуки, бир неча йил давомида «Насаф» шарафини ҳимоя қилган ҳимоячи Шуҳрат Муҳаммадиев Тошкентнинг «Локомотив» клуби билан шартнома тузди. Биз жамоада бўлаётган ўзгаришлар ва тайёргарлик жараёни ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун  дарвозабон Санжар Қувватовни суҳбатга тортдик.

- Санжар, «Насаф»нинг машғулотлари қандай давом этмоқда? Асосий эътибор нимага қаратилган?

- Ҳаммаси одатдагидай: кунига икки маҳалдан машғулот ўтказяпмиз. Асосий эътибор эса жисмоний тайёргарликка йўналтирилган. Янги йилгача ўтказилган илк йиғинимизда тикланиш машқларига урғу қаратилганди.

- Айтингчи, йиғинга янги футболчилар ҳам қўшилишганми?

- Йўқ, ҳозирча сафимизда янги футболчилар йўқ. Эҳтимол, улар тез орада таркибдан жой олишар...

- Аслида сизнинг «Насаф» билан тузган шартномангиз якунланган эди, шундайми?

- Ҳа, келишув якунига етган эди. Бироқ мен клуб раҳбарлари билан бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг шартномани яна бир йилга узайтиришга қарор қилдим.

- Жамоани ўзгартириш ҳақида ўйлаб кўрмадингизми?

- Очиғи, бунга вақт ҳам бўлмади (кулади).

- Лекин «Насаф» асосий таркибида мунтазам майдонга тушиш, доимий равишда ўйин амалиётига эга бўлиш осон эмас...

- Ҳа, чиндан ҳам «Насаф»да рақобат жуда кучли. Таркибдаги учала дарвозабон ҳам асосий таркибда ўйнашга ҳақли, аслида. Энг муҳими, жамоамиздаги ички муҳит ҳавасга арзирли ва бошланғич таркибда майдонга тушиш учун барчада бирдек имконият бор. Мураббийларимиз айтайин кимгадир ён босишмайди. Бошқача айтсак, ўйин куни майдонга тушишга ким ҳар томонлама тайёр бўлса, ўша футболчига ишонч билдирилади. Фақат ҳаракатдан тўхтаб қолмаслик керак. Мисол учун, ўзим ҳам рақобат кучлилигига қарамай, ўтган йили асосий таркибда 13 та ўйинда майдонга тушдим.

- Санжар, сўнгги пайтларда тар­қалган миш-мишларга кўра, «Насаф» асосий таркиб футболчиларидан бир гуруҳи жамоани тарк этармиш. Бу ҳақда нима дея оласиз?

- Бу - шунчаки миш-мишлар, холос. Ҳозирча жамоамиздан биргина Шуҳрат (Шуҳрат Муҳаммадиев назарда тутилган, - муаллиф) кетди. Қолган барча футболчилар машғулотларда тўлиқ иштирок этишяпти.

- Нима деб ўйлайсиз, клуб раҳбарияти ўтган йилги натижалардан қониқиш ҳосил қилишдими?

- Тўғриси, эришилган ютуқлар жуда кишини хурсанд қиладиган даражада эмасди. Биз аслида чемпионликни, жуда бўлмаганда, мамлакат кубогини қўлга киритишни мақсад қилгандик. Афсуски, бу вазифани уддалай олмадик.

- Тақдирни қарангки, «Насаф» бу гал ҳам бронза медали билан тақдирланди. Бундан келиб чиқмоқдаки, олтин медаллар йўлидаги рақобатчилари ҳамон «Насаф»дан сезиларли даражада кучлироқ экан. Бу фикрга қўшиласизми?

- Йўқ. Менимча, ҳеч бир футболчи ўз жамоасини кучсиз деб айтмайди. Ўйлашимча, бизда чемпионлик кураши учун мос келадиган таркиб бор. Лекин энг муҳим паллаларда жамоамиздан бироз омад юз ўгирмоқда, холос.

- Келинг, энди шахсий ютуқларингиз тўғрисида сўзлашсак. Айтингчи, 2016 йил сиз учун қандай келди? Ўз ўйинларингиздан кўнглингиз тўлдими?

- Очиғини айтсам, ўз ўйинларимдан ҳеч қачон қониқмаганман. Тўғри, баъзи учрашувларда ҳаракатларимдан қониқдим. Шу билан бирга, айрим хато ва камчиликлар ҳам кузатилди.

- Санжар, бир вақтлари сизда Таиланд клубида тўп суриш имкони бўлганди. Айтингчи, нима учун бу трансфер амалга ошмай қолган?

- Йўқ, биласизми, Таиланд ҳақидаги хабарлар шунчаки миш-миш эди, холос. Ҳозир номини аниқ эслай олмаяпман (ўйланиб), қайсидир сайтда бу ҳақда нотўғри маълумот беришган. Шундан сўнг, бир зумда мен ҳақимда миш-мишлар авж олиб кетганди.

- Маълумки, тез орада «Насаф» ҳам ОЧЛнинг «плей-офф» учрашувида иштирок этади. Рақиб ҳақида нима дея оласиз? Бу босқичдан ўта олармикансизлар?

- Рақиб жамоа жуда ҳам кучли. Шунинг учун биз тайёргарликка зўр берганмиз. Машғулотлар кучайтирилган режим асосида ўтказиляпти. Тўғри, ҳозир «Ал Ҳид» жамоаси Баҳрайн чемпионатида яхши ўйин намойиш эта олмаяпти. Лекин бунга алданиб қолмаслигимиз керак. Агар биз меҳнат қилишдан тўхтамасак, ўйлашимча, ОЧЛ гуруҳ босқичига муаммосиз қўшилиб оламиз.

- Назарий машғулотларда рақибни ўрганяпсизларми ёки бу жараён ҳали бошланмадими?

- Тўғрисини айсам, ҳали рақибимизнинг ўйинларини ўрганиб чиқмадик. Мен бу билан фақат футболчиларни назарда тутяпман, холос. Лекин клубимиздаги масъул кишилар Баҳрайн жамоаси ҳақида маълумот тўплашни бошлаб юборган. Менимча, тез орада рақиб ҳақида батафсил ахборотга эга бўламиз.

- Мазкур учрашув «Бунёдкор» стадионида белгиланганидан хабарингиз бор, албатта. «Насаф» футболчиларига стадионнинг унчалик ҳам аҳамияти бўлмаса керак, ҳарҳолда?

- Энг муҳими - биз Ўзбекистонда, ўз мухлисларимиз кўз ўнгида ўйнаймиз. Шунинг учун, ўйиннинг қайси стадионда ўтказилишининг фарқи йўқ. Қаршидаги стадионда эса реконструкция ишлари жадал давом этяпти. Насиб қилса, гуруҳ босқичида чиқиб олсак, рақибларимизни ўз стадионимизда қабул қилаверамиз.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 13:07, 22.01.2017.
Ўқилди: 6469 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.