Бугун «Олмалиқ» Анталияда навбатдаги ўртоқлик учрашувини ўтказади.
Жамоанинг бу галги рақиби Украина премьер-лигаси вакили "Карпати" бўлади. Беларуслик Олег Дулуб бош мураббийлик қилаётган Львов шаҳри жамоаси жорий мавсум 18 тур якунига кўра мусобақа жадвалининг сўнгги поғонасини банд этиб турибди. Бунга ФИФА томонидан клубга нисбатан ишлатилган санкция ҳам сабаб бўлган. Ҳалқаро футбол қўмитаси "Карпати" ва "Днепр"дан 6тадан очко олиб ташлаш бўйича қарор чиқарган. Кўп йиллик тарихга эга жамоа учун бу ўрин муносиб эмасдек. Украина жамоаси хорижий йиғин орқали вазиятни ижобий томонга ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда. Жамоа етакчилардан бири аргентиналик легионер Густаво Бланко-Лешчук эди. 17 ўйинда 7 гол урган форвард Донецкнинг "Шахтёр" жамоасига яқинда трансфер бўлди.
«Олмалиқ» билан битта меҳмонхонада истиқомат қилаётган львовликлар 18 январь куни Қаршининг "Насаф" жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказишди. Унда ҳамюртларимиз 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Дарвоқе, ўтган мавсум "Олмалиқ" шарафини ҳимоя қилган Ярослав Мартинюк айнан шу жамоадан келганди.
Бугунги баҳс Тошкент вақти билан 13:00да меҳмонхонага қарашли "Топ капе" спорт мажмуасида бошланади.