«Олмалиқ» клуби Украинанинг «Карпати» клубига қарши ўртоқлик ўйинини ўтказди.
Бу сафар жамоа Анталиядаги ғалабали сериясини давом эттира олмади.
Бу ўйинда аввалги таркибга нисбатан бир қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Бир неча футболчи бошқа амплуада синаб кўрилди. Бу эса ўйин стратегиясига маълум ўзгаришлар олиб келди. Кескин ва шиддатли тарзда ўтган баҳсда «Олмалиқ» бироз қўпол ўйин намойиш этишди. Ўйинни бошқариб борган ҳакамнинг кўп вазиятларда рақиб фойдасига қарор чиқариши ҳам бунга сабаб бўлди.
Бевосита ўйинга тўхталадиган бўлсак, учрашувнинг 33-дақиқасида захирадан майдонга тушганига кўп бўлмаган рақибнинг аргентиналик ҳужумчиси Конте ҳисобни очди. Иккинчи таймни фаолроқ бошлаган «Олмалиқ» футболчилари 62-дақиқада ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди. Гол муаллифи Момчило Дулович. Рақибнинг илк ҳужуми эса яна ҳисобни ўзгартириб юборди. Владислав Касминин кутилмаганда ўз дарвозасини ишғол этди. 67-дақиқада жарима майдони ичида Шавкат Муллажонов қўполлик ишлатган деб топилди ва дарвозамиз томон пенальти белгиланди. Бундан рақиб футболчиси Чачуа унумли фойдаланиб ҳисобни 1:3га етказди. Қолган дақиқаларда дарвозаларга бошқа тўп киритилмади.
Кичик жароҳат сабаб Забиҳилло Ўринбоев бу ўйинда майдонга тушмади. Игорь Йелич эса кеча ўз юртига жўнаб кетганди. У жамоамизнинг навбатдаги йиғинида ҳам иштирок этади.
Ўртоқлик учрашуви. 24 январь
"Топ капе" спорт мажмуаси. Анталия
"Олмалиқ" - "Карпати" 1:3
Голлар: Момчило Дулович 62 - Конте 33, Владислав Касминин 63 автогол, Чачуа 67 пенальти.
Четлатиш: Шавкат Муллажонов 67 (иккинчи огоҳлантириш)
"Олмалиқ": Хуршид Ходжаев, Ислом Иномов, Шавкат Муллажонов, Владислав Касминин, Момчило Дулович, Хуршид Мухторов, Шоҳназар Норбеков, Дилшод Жўраев, Ғулом-Ҳайдар Ғуломов, Алибобо Раҳматуллаев, Алтимурот Аннадурдиев.
Захирадан майдонга тушганлар: Раҳматилло Бердимуродов, Муҳаммад Исаев, Дониёр Усмонов, Виктор Клишин.
Ҳакам: Нахит Хасиев (Озарбайжон)