Яшил қитъа кортларида бўлиб ўтган Австралия очиқ чемпионатининг аёллар ўртасидаги яккалик беллашувлари ўз якунига етди. Ҳал қилувчи ўйинда америкалик опа-сингил — Винус ва Серена Уильямс иштирок этди.
Мукофот жамғармаси 50 миллион Австралия долларини ташкил қилган «Катта дубулға»нинг 2017 йилдаги илк чемпионлиги 35 ёшли Серена Уильямсга насиб қилди. Икки сет давом этган беллашувда у опаси Винус устидан 6:4, 6:4 ҳисобларида зафар қучишга муваффақ бўлди.
Қайд этиш керак, опа-сингиллар «Катта дубулға» финалларида бунга қадар саккиз бор тўқнаш келган бўлиб, шуларнинг фақатгина 2 тасида айни вақтда 36 ёшда бўлган Винус муваффақият қозонган. Серенанинг бу борадаги ғалабалари энди 7 тага етди.
Серена Уильямс Australian open мусобақаларида жами етти бор зафар қучган. «Катта дубулға»нинг барча турнирларида унга 23 бор бош соврин насиб қилган. Бу борада Серена германиялик Штеффи Графнинг кўрсаткичларини такрорлади.
1968 йилдан буён ўтказиб келинадиган «Катта дубулға» туркумида ҳозирга қадар энг кўп зафар қучган аёл теннисчи Маргарет Корт ҳисобланади. Унинг ҳисобида жами 24 та бош соврин мавжуд. 2017 йил давомида Серена қолган учта мусобақанинг ҳеч бўлмаганда яна 1 тасида зафар қучиш орқали Кортнинг теннис кортларидаги рекордини такрорлаши мумкин.