16 декабрь куни Бухоро вилояти ҳокими этиб Ўктам Барноев тасдиқланганди. У 2008—2010 йиллар давомида Самарқанд вилояти ҳокими сифатида ҳам фаолият олиб борган.
Twitter’нинг ўзбекча сегментида ёзилишича, 2007 йил Самарқанднинг «Динамо» клубини туркманистонлик мутахассис Тачмурод Агамуродов қабул қилиб олган ва жамоа мавсумни Ўзбекистон Олий лигасида 5-ўринда якунлаган. 2008 йил вилоят ҳокимлиги Ўктам Барноев қўлига ўтган ва 1 ой ўтиб, Агамуродов ишдан олинган. «Динамо» таркиби эса тарқатилган.
2016 йилги мавсум Тачмурод Агамуродов «Бухоро» футбол клубида иш бошлади ва жамоа мавсумни кучли тўртликда якунлади. Йил якунида Ўктам Барноев Бухоро вилояти ҳокимлигини қабул қилиб олди. Орадан тахминан бир ойлар ўтиб, Тачмурод Агамуродов истеъфога чиқарилди.
Бунинг сабаби на Барноев ва на Агамуродов томонидан ошкор этилган. Маълумот учун, Агамуродов билан 5-ўринни қўлга киритган «Динамо», кейинги — 2008 йилда 6-ўринга тушган. 2009 йилга келиб 9-ўрин билан кифояланган ва 2010 йилни бир йўла 12-ўринга шўнғиган.