Кириш Регистрация
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 19:00 Ал-Айн 1-2 Ал-Аҳли (СА)
25/11 21:00 Истиқлол 0-0 Пахтакор
25/11 21:00 Ал-Ғарафа 1-3 Ан-Наср (СА)
25/11 22:30 Эмполи 1-1 Удинезе
25/11 23:00 Ар-Райян - Персеполис
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: “Иккинчи юмуш!”

Баҳо:
+ | -

“Реал” жамоасида бешта футболчи асосий таркибга тушмаётганидан, баъзилари умуман туша олмаётганидан шикоят қилишибди. Қайсидир маънода исён ҳиди келяпти бу ишдан. Чунки рақам кичкина эмас, деярли ярим жамоа дегани.

Бу ерда кўпчилик Зиданнинг Моратага қилаётган адолатсиз муносабати нуқтасига келиб тўхтаб қоляпти. Уёғига ҳеч ким ўтмаяпти. Аслида, франциялик мутахассиснинг каттароқ айби формаси кучлироқ бўлган Мората ўрнига Бенземани ўйнатаётгани эмас, балки бошқа ўринда – захира футболчиларига захира футболчилари эканлигини тушунтира олмаётгани.

Норвегиялик Оле Гуннар Сульшер деган футболчи бўларди. Унинг асосий иши – ўйин тугашига саноқли дақиқалар қолганда майдонга тушиш ва голлар шоусини намойиш этиб бериш. Биз бу ҳужумчини умрбод мана шу амплуада кузатгандекмиз. Аслида, у ҳам бугунги Мората ва Ҳамесга ўхшаб асосий таркибда ўйнагиси келган, керак бўлса, бу борада жамоадошлари билан курашган ҳам. Лекин унинг ўз ўрнини ҳамиша билиб ўтиришига кўпроқ Сэр Фергюсон сабабчидир. Мураббийлар мэтри кўплаб фронтларда кураш олиб бораётган жамоасига мана шунақа иккинчи пландаги ўйинчилар кераклигини, ротация пайти улардан фойдаланиши мумкинлигини, айниқса, “боксинг дей” кунлари асосий таркиб йигитлари ҳолсизланиб қолмаслиги учун-да уларни майдонга туширишини инобатга олсак, ўриндиқдаги жамоасига алоҳида таъсир ўтказарди. Майдондаги жамоасидан кўра, ўша – ўриндиқдаги йигитларга кўпроқ эътибор қаратарди.

Қариб бораётган, ўз ўрнини ёшларга бўшатиши керак бўлган юлдузларга ҳам: “Болам, сени фалон кунги кубок ўйинига сақлаб қўйганман, ўша куни ўзинг бир кўрсатиб берасан-а қандай ўйнаш кераклигини?!” деб овута оларди у. Мана шунинг учун ҳам Сэрнинг футбол оиласидан бирор гап ташқарига чиқиб кетмаган. Бекҳэмнинг қоши ёрилмаганида эҳтимол ўша отилган бутса ҳақида ҳам бехабар қолиб кетардик.

Хуллас, айтмоқчи бўлганим, Моуриньо ҳам бугунги МЮда шу ишларни қисман эплаяпти. Мхитарян бошида исён кўтаргандек бўлди, бироқ кейин бу гаплар аслида бошқа маънода эканлигини изоҳлади ва жимгина ўз соатини кутди. Швайнштайгер масаласи ҳам шундай. Кубок баҳсида жамоаси учун ажойиб ўйин намойиш этиб берган германиялик қария шунчадан бери чидаб келаётганига ҳам асосий сабаб – Маур! Жозе “қизил иблислар”ни шоҳжамоа чўққисига олиб чиққан сабабни Сэрдан мерос қолган жиҳатлар билан тўлдирмоқда.

Зидан эса, бу масалада ҳали ёш. Унинг фаолияти менга ёшлигимда кўрганим бир мультфильмни ёдга солиб юборди: 10та боласига ип боғлаб сайрга олиб чиққан она у боласини ушласа, буниси чиқиб кетаверади қўлидан. Тартиблаш учун роса югуради. Чарчаб қолади. “Реал” умрбод захирада ҳам юлдузлар ўтиришга маҳкум этилган жамоа бўлиб қолади. Шундай экан, бу ерда ишлаган одам майдонда ҳаракат қилаётган шогирдларига қандай ўйнашни ўргатиши билан биргаликда, захирадаги йигитларга ҳам ўриндиқда қандай ўтириш кераклигини уқтира олиши зарур.

Манба: maydon.uz
Киритилди: 10:35, 01.02.2017.
Ўқилди: 13096 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.