«Барселона» ёзги трансфер ойнасида ҳимоянинг чап қанотини кучайтиради.
Mundo Deportivo нашри хабарига кўра, «кўк-анорранглилар» «Ювентус» аъзоси Андреа Камбьясога қизиқиш билдирмоқда, бироқ клуб раҳбарияти 26 ёшли италиялик футболчини устувор вариант сифатида кўрмаяпти. Бунга ўйинчининг трансфер баҳоси жуда юқорилиги — тахминан 50 миллион евро эканлиги сабаб бўлган.
Ла Лига гранди учун биринчи рақамли вариант сифатида ҳамон Жоау Канселу қолмоқда. Каталонияликлар уни Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» клубидан тўлиқ сотиб олишни режалаштиришмоқда. Канселу якунланган мавсумнинг иккинчи ярмини «Барса» сафида ижара асосида ўтказган эди. Тарқалган кўплаб миш-мишларга кўра, 32 ёшли португалиялик ҳимоячининг ўзи ҳам Каталонияга кўчиб ўтишни истайди, бироқ «Ал-Ҳилол» клуби билан ҳозирча якуний келишувга эришилмаган.













