Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца - Ювентус
23/12 01:00 Бетис - Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Кўп куюнманг, жаноб, футболимиз ҳам — сизбоп!

Баҳо:
+ | -

Кеча “дарё”чилардан эшитдим, “профессионал” футбол лигаси бош директори — Фарҳод Магомедов қуйи лига жамоаларини Амир Олимхоннинг шу пайтгача музейда сасиб ётган қамчиси билан савалабди. Қизиқишга ўқиб чиқдим. Сизни билмадим-ку, бу одамнинг гаплари менга — салкам ўн йиллик раҳбарнинг оқилона танқидидан кўра, кечагина тайинланган бошлиқчанинг кўр-кўрона ўдағайлашига ўхшаб туюлди.

“Ҳалоллик” ҳақида гапирибдилар. Энди Биринчи лига клублари ҳам “ҳалол ўйин декларацияси”ни тўлдириши зарур экан. Кейин бош директорнинг айтишича, футболчилар майдонда кўнгли тусаган ишдан қайтмас — бир-бири билан ёқа бўғишар, ҳакамларни “айлантириб” сўкар, яна камига “маймун ўйнатар” эмиш.

(Эсимга тушиб қолди, яқинда, Норвегия чемпионатидамиди-ей, қайсидир дарвозабон майдоннинг ўзида кичик эҳтиёжини қондиргани учун қизил карточка билан “сийлангани” тўғрисидаги хабарлар роса шов-шув бўлган эди, шунисидан асрасин!)

“Йўқ, бунга йўл қўймайман”, - дебди бошлиқ. “Бундай давом этиши мумкин эмас”, - деб қамчи билан столни муштлабди раҳбар. Вей, Фарҳод ака, бор экансиз-ку. Тўққиз йилдан бери қидирамиз-а, сизни. (2008 йилдан бери ПФЛ директори лавозимида ишлаб келадилар-да!). Қаранг, шу пайтгача, яъни қуйи лига ташкил этилганидан бери “биринчи сорт” жамоалар билган ахлатини еб ётган экан!

“Ислоҳотлар” ҳақида гапирибдилар. У нима дейсизми? Масалан, биринчи лига савиясини ошириш (умуман, Олий лигада анқонинг уруғи бўлган нарса, у ёқда нима қилсин? Гап нима ҳақида кетаётганини, умид қиламанки, сездингиз) учун 18 та жамоа қолдирилиши ҳам бир “ислоҳот”-да! Майли энди, футболимиз раҳбарлари, яхши ниятда биринчи лигамизни — чемпионшип даражасига кўтаришни мақсад қилгандир...

Дарвоқе, мақсад ҳақида. Жаноб Магомедов — “Биринчи лиганинг ҳеч бир клуби олий лигада ўйнаб кетишига ишонмайман”, - деб афсус чекибди. Қизиқ, ундай бўлса, “бир тийинга қиммат” мусобақани ташкил қилиш ва унда оз-эмас, кўп эмас нақ 18 та жамоани олиб қолишдан мурод не?

Айниқса, Фарҳод аканинг — “клуб пулларини иқтисод қилиб, футболчиларга ҳатто овқат ҳам бермаяпсизлар! Футболчи бечора майдонга оч қорин билан тушади”, - деган гапларини ўқиганимда, ўзимни тутиб тура олмадим. Қаламим тебранмай қолди. Кўздан пана жойга ўтиб, ўкириб-ўкириб йиғлаб, бироз енгил тортдим. Бунақа эмасда энди. Пули, сифатли майдони, мухлисларига эга 8-10 та клуб жамланган лига шакллантириш шу қадар қийинми?

Яна бир гап. Янглишмасам, Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси, яъни ФИФА қоидаларига кўра, давлат органларининг маҳаллий футбол федерацияси ишларига аралашиши мумкин эмас. Бундай ҳолатлар кузатилса, ФИФА уларни ёғоч стул кўтартириб, бурчакка турғазади. Аммо Магомедовда шерни юраги бор экан-ей. Ҳеч тап тортмасдан вилоят ҳокимларидан лигани — “тартибга олишни” сўрабди. Илтимос қилибди. (Тушунмадим, унда ПФЛнинг вазифаси нима?). ФИФАнинг ҳам кўзини ёғ босганми нима бало...

Умуман, гапираман десам, “дардлар” тиқилиб ётибди. Якунлаб қўя қоламан. Аммо сўзим охирида юртимиздаги футбол шинавандаларига саволим бор. Сиз Фарҳод акани қачондан таний бошлагансиз? Мен, ҳув ўша, ПФЛ кубоги финалидан кейин, шармандали тақдирлаш маросими ўтказилганда таниганман. Бечора журналистларнинг — “жилла қурса шу ғолиб жамоага бериладиган кубок ўлгурни сал эпақага келтиринглар”, - қабилида жавраб ёзганлари ҳам самара бермади. Аҳвол ўзгармади!

Шунинг учун кўп куюнманг, жаноб, футболимиз ҳам — сизбоп!

Ўткир Қаламтебратар

Манба: stadion.uz
Киритилди: 19:09, 03.02.2017.
Ўқилди: 15297 марта.
Фикрлар: 13 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.