Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Виталий Легай: "Андижон"нинг тайёргарлигидан кўнглим қисман тўлмоқда”

Баҳо:
+ | -

Фарғонада ўтказилган “Ҳоким Кубоги-2017” турнирида иштирок этиб, “В” гуруҳида 2-ўринни банд этган “Андижон” мусобақадаги иштирокини якунлади.

Бугун жамоанинг йиғини якунига етди ва футболчиларга икки кунлик дам берилди. “Бургутлар”нинг навбатдаги тайёргарлик жараёни эндиликда пойтахтда давом эттирилади. Виталий Легай билан суҳбатлашганимизда, бу ҳақда унинг ўзи ҳам айтиб ўтди. Шунингдек бош мураббий яна айрим саволларимизга ҳам жавоб берди.

- Виталий Александарович, “Андижон”нинг иккинчи йиғини ҳам якунланди. Айтингчи тайёргарлик жараёнидан кўнглингиз тўлмоқдами?
- Хабарингиз бор, иккинчи йиғинимиз 5 январь кунидан бошланганди. Бугун ушбу йиғин якунига етди. Нима десам бўлади, тайёргарлик ҳозирча ишлаб чиққан режамиз асосида ўтмоқда. Кўриб турганингиздек, жорий мавсумга янгитдан таркибни шакллантирмоқдамиз. Албатта камчиликлар кўп. Буларни бартараф этиш учун астойдил иш олиб борилмоқда. Менимча ҳеч қайси мураббий тайёргарликдан ҳеч қачон тўлиқ қониқмаса керак. Мен ҳам сизга шуни айтишим мумкинки, янги мавсумга тайёргарликдан қисман қониқяпман. Чемпионат стартига қадар олдимизда яна бирмунча вақт бор. Шу муддат ичида камчиликлар устида ишлаб, янада пухта бўлишга интиламиз.

- Фарғонада ўтказилган “Ҳоким Кубоги-2017” турнирида “Андижон” гарчи гуруҳдан кейинги босқичга чиқа олмаган бўлсада, ёмон натижа қайд этмади дейиш мумкин. Айниқса олий лига клублари бўлмиш – “Машъал” ва “Қўқон-1912” жамоаларига қарши баҳсларда футболчиларингиз юқори иштиёқ билан харакат қилиб, кўпчиликда илиқ таассурот қолдирди. Шахсан сиз мазкур чемпионатдаги иштирокларингни қандай баҳолайсиз?
- Энг аввало ушбу турнир жамоамиз учун фойдали бўлганини айтиб ўтмоқчиман. Мусобақа ташкилотчилари яхши шароитларни яратиб берди. Ўйинлар ҳам қизиқарли ва томошабоп руҳ остида ўтди дейиш мумкин. Ҳар бир ўйинимизга ашаддий ишқибозларимиз ҳам ташриф буюриб, бизни қўллаб-қувватлат туришга интилди. Бунинг учун барчага миннатдорчилик билдирган бўлардим. “Ҳоким Кубоги-2017”даги ўйинлар орқали биз ўзимиз истаган таркибни шакллантиришга харакат қилдик. Эътибор берган бўлсангиз, биз бошқа тактик схемани қўллаб кўришни бошладик. Йигитларга машғулотлар чоғида нимани истаётганимизни имкон қадар тушунтириб боришга уриндик. Фарғонадаги учрашувларда улар буни бирмунча яхши бажарди дея оламан. Асосийси ўйин ташкил этиш борасида интилиш бор. Ушбу турнир орқали таркиб ўзагини аниқлаб олишга харакат қилдик. “Машъал” ва “Қўқон-1912” га қарши баҳсларда йигитлар охиригача курашди. Аксинча биринчи лига жамоалари бўлмиш “Цементчи” ва “Норин”га қарши баҳсларда бироз қийналдик. Асосий ўйинлар ҳали олдинда деб ўйлайман. Қанчалик тайёргарлик кўрганимизни мавсум кўрсатади.

- Қайси чизиқларни янада кучайтириш кераклиги борасида ҳам хулоса чиқарган бўлсангиз керак?
- Албатта. Юқорида айтиб ўтганимиздек, камчиликларимиз ҳам йўқ эмас. Дарвоза, ҳимоя ва ҳужум чизиғига номзодларни кўриб чиқмоқдамиз. Агарда ўзимизга маъқул келадиган ўйинчиларни топа олсак, таркибга қўшиб оламиз.

- Иккинчи йиғиндан сўнг қайси футболчиларга жавоб берилди?
- Январь ойида ўтказилган йиғинимизга кўплаб футболчилар келиб кўрикда бўлди. Уларнинг кўпларига жавоб берилди. Фарғонадаги турнирдан кейин ҳам ўйинчилар билан хайрлашишга қарор қилдик. Аммо уларнинг номларини ҳозирча оммага ошкор этмаганим маъқул.

- У холда айтингчи, яқин орада “Андижон” сафига қайси футболчилар келиб қўшилиши мумкин? Бугунги кунда трансферлар мухлисларнинг диққат марказида турибди.
- Айни дамда сафимизни кучайтириши мумкин бўлган футболчилар билан музокара ўтказмоқдамиз. Албатта кўз остимизга олиб қўйган ўйинчилар бор. Лекин уларнинг сафимизга қўшилиши фақат бизнинг истагимиз билангина амалга ошмайди. Эхтимол улар навбатдаги йиғинимизда келиб қўшилар.

- Эндиги режалар қандай?
- 7 февраль куни футболчиларни ўз қароргоҳимизда йиғамиз ва эртаси куни Тошкентга жўнаб кетилади. Шу куни пойтахтда тиббий кўрикдан ўтилади. У ерда 17 февралга қадар йиғин ташкил этамиз. Асосий эътибор кўпроқ синов-назорат баҳсларига қаратилади. Шу боис режамизга кўра Тошкентда тўртта учрашув ўтказамиз. Сўнгра Андижонга қайтамиз ва тайёргарлик яна ўз қароргоҳимизда давом этади.

- Спарринг-рақиб жамоалар номи аниқ бўлдими?

- Тошкентдаги рақиб жамоалар олий ва биринчи лига иштирокчилари эканлигини айтишим мумкин. Ҳозирча улар билан оғзаки равишда келишиб олдик. Аммо ўйин саналари аниқ бўлмади. Менимча бу яқин кунлар ичида тўлиқ маълум бўлади. Ўйлайманки пойтахтга борганимизда бу борада ортиқча муаммога дуч келмаймиз.

- Биринчи лига ўйинлари апрель ойида старт олади. Лекин “Андижон” учун мавсум расман март ойининг сўнгги кунларида бошланади. Боиси Ўзбекистон Кубоги баҳсларини жамоангиз “Нефтчи”га қарши баҳс билан бошлайди. Бу рақиб тўғрисида нима дейсиз?

- Кубокда ҳам имкон қадар узоқроққа боришга харакат қиламиз. “Нефтчи” билан ўз уйимизда ўйнаймиз. Яхши жамоа. Рақибни хурмат қиламан. Биласизми Кубок учрашувларида жамоаларнинг қайси лигада иштирок этиши унчалик аҳамиятли эмас. Ҳар қандай рақиб билан жиддий курашамиз ва мухлисларимизни қувонтиришга уринамиз.

- Яқинда биринчи лига ўйинларига қуръа ташлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. “Андижон” чемпионатнинг дастлабки иккита учрашувини сафарда ўтказадиган бўлди. Бу ҳақда қандай фикрдасиз?

- Қуръа бу ўз номи билан қуръадир. Биз олий лигага чиқиш учун кураш олиб борамиз. Шундай экан қачон ва қаерда ким ўйнашни фарқи бўлмаслиги керак. Менимча Ғаллаорол ва Зоминда бизга осон бўлмайди. “Зомин” жамоаси биринчи лигада ўз ўрнига эга дейишим мумкин. У ерда ҳар доим яхши жамоа шаклланиб келган. Шуни айтишим мумкинки, олдимизга қўйилган вазифани бажариш учун ҳар бир учрашувда фақат ғалаба учун тушамиз.

- Йиғин чоғида янги футболчиларни саралаб олишда кўпроқ уларнинг қайси хусусиятларига эътибор қаратмоқдасиз?

- Менга мехнаткаш ўйинчилар ёқади. Керак пайтда майдонда характер кўрсата оладиган ва жамоа манфаати учун борини берадиган футболчилар керак. Мақсадимиз курашчан ва аҳил бир оилани ташкил этишдир. Ҳамма бир киши учун, бир киши ҳамма учун харакат қилмоғи лозим. Шунда натижага эришиш бирмунча осон кечади.

 

Манба: fcandijon.uz
Киритилди: 22:34, 04.02.2017.
Ўқилди: 4339 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.