“Бунёдкор” клуби ОЧЛ сралашида Қатарнинг “Ал-Жайиш” жамоасини мағлуб этиб, гуруҳ босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Мавсумни ана шундай кўтаринки кайфиятда бошлаган “Қалдирғочлар” 13-феврал куни ўз мухлислари ва матбуот вакиллари учун очиқ мулоқот кўринишидаги учрашув ўтказди. Учрашувда клуб бош директори Бахтиёр Бобоев, бош мураббий Сергей Лушчан ҳамда “Бунёдкор” стадиони директори Воҳид Зокиров иштирок этди.
Биринчи бўлиб сўз олган Бахтиёр Бобоев “Бунёдкор” жамоасининг ёш ва иқтидорли аъзолари, жумладан: Элдор Шомуродав, Достонбек Ҳамдамов ҳамда Отабек Шукуровнинг кейинги тақдири ҳақида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди: – Ҳозирги кунда кўплаб футболчиларимизга ҳориж клубларидан таклифлар бор. Мен буни яшириб ўтирмайман. Масалан, Элдор Шомуродовга, Достонбек Ҳамдамовга ва Отабек Шукуровга бир қанча чет эл жамоларидан қизиқиш мавжуд. Агарда ҳар томонлама маъқул таклифлар бўлса биз уларни трансфер қилишимиз мумкин. Чунки футболчилар ўсишда давом этишлари керак – деди Бобоев.
Ўз ўрнида “Бунёдкор” футбол клуби бош мураббийи Сергей Лушчан ҳам мазкур масалага бўйича фикрларини билдирди. – Ҳақиқатдан ҳам таркибимиздаги етакчи футболчилар бўлган Шомуродов, Ҳамдамов ва Шукуровга турли жамоалар томонидан катта қизиқиш билдирилмоқда. Менинг назаримда улар ҳали тўлиқ футболчи бўлиб шаклланиб улгуришмади. Лекин, шундай бўлсада улар бугунги кунда “юлдуз” даражасига кўтарилиб кетди. Балки бу тўғридир чунки бу футболчилар клубда ҳам терма жамоада ҳам ўз ўринларига эга бўлиб улгурдилар. Лекин, уларда янада ривожланиш ва ўсиш имкони бор. Агар, келажакда улар жамоани тарк этишса менимча бу жуда катта муаммо бўлмайди. Чунки бизда клуб академиясининг фаолияти эвазига ёш ва иқтидорли футболчиларнинг катта рўйхати бор – деб айтиб ўтди Сергей Лушчан. Шуни айтиб ўтиш керак, ОЧЛ турнирида жамоа бу йил ўз олдига энг камида гуруҳ босқидан чиқишни мақсад қилиб қўйган.