Ла Лигада пешқадамлик қилмаётгани ва Чемпионлар Лигасининг амалдаги ғолиби эмаслигига қарамай Лионел Мессининг «Барселона»си оптимал формада бўлганда ҳозир ҳам жаҳоннинг энг кучли жамоасидир. Буни исботлаш учун эса «кўк-анорранглилар» олдида Чемпионлар Лигасидай ажойиб имконият мавжуд.
«Барса» сўнгги саккиз мавсумдан олтитасида Ла Лига чемпионлигини қўлга киритди, Луис Энрике қўли остида эса бу ишни кетма-кет икки марта уддалади. Ушбу мавсумда эса каталонияликлар ашаддий рақиблари «Реал»дан 1 очкога ортда бормоқда, бунда мадридликлар иккита кам ўйин ўтказган.
Ла Лига дориасидаги бир қатор ўйинларда, жумладан, «Малага», «Вилярреал» ва «Бетис» билан дуранг ўйналган баҳсларда амалдаги чемпионларга ҳакамларнинг хатолари халал берган бўлса-да улар ўзларининг энг яхши ўйинини кўрсатганди дейиш ҳам қийин. Ёзда келган янги футболчиларнинг мослашиши қийин кечди, Бускетс ва Инестанинг жароҳатлари яна қўшимча муаммолар тақдим этди. Бироқ «Барселона» барча асосий таркиб футболчилари майдонга тушганда жуда кучли жамоага айланишини ҳеч ким инкор этмайди.
«Бу ҳозир ҳам жаҳоннинг энг кучли жамоасидир. Жаҳоннинг энг кучли беш футболчисидан уч нафари уларнинг ҳужум чизиғидан ўрин олган. Бундан ташқари, Инеста бор. Месси, Неймар ва Инеста исталган сонияда янги ҳаракат ўйлаб топа олади», – деди каталонияликларга Европа Чемпионлар Лигаси нимчорак финалида рақиблик қиладиган «ПСЖ»нинг италиялик ярим ҳимоячиси Марко Верратти.
Жамоанинг сўнгги ўйинларидан баъзилари кўнгилдагидек чиқмаган бўлиши мумкин, бироқ «ПСЖ»га қарши баҳс каталонияликларнинг 2017-йилда 41 кун ичида ўтказадиган 13-ўйини экани эсга олинса, бу тушунарлидир. «Реал» барқарорлик ва таркибнинг кенглиги эвазига Ла Лига пешқадамлигини сақлаб қолишни уддалаётган ва амалдаги Европа ва жаҳон чемпиони ҳисобланса-да, ҳозирда ҳеч бир рақиб дуч келишни истамаётган жамоа айнан «Барселона»дир.
«Кўк-анорранглилар» ушбу мавсумда Испания Қироли Кубоги финалига чиқиб бўлди, Ла Лига пойгасида ҳам ҳали таслим бўлгани йўқ. Чемпионлар Лигасида эса ўтган мавсумда чорак финалда тўхтаганининг алами билан ушбу мавсумда яна ғолиблик учун курашмоқда. Ўтган мавсумда «Атлетико»га қарши баҳсларда МСН учлигининг чарчоғи катта рол ўйнаганидан келиб чиқиб ушбу мавсумда Энрике асосий футболчиларни муҳим ўйинларга тетик ҳолда олиб боришга ҳаракат қиляпти.
Месси ўзининг энг тажовузкор формасида ва Инеста жароҳатлардан ҳоли бўлганда «Барселона» Европанинг энг кучли жамоасига айланади. Жамоа 2006-йилда Чемпионлар Лигаси ғолиблигини қўлга киритиб, ҳозирги «олтин даври»ни бошлаган Париж шаҳри эса буни амалда кўрсатиш учун энг муносиб жойдир.