Испания чемпионатининг 16-тури доирасида "Валенсия" ва «Реал» ўртасидаги бўлиб ўтган ўйин мухлисларни катта ҳаяжонда ушлаб турди.
"Месталья"даги учрашув, ҳеч ким кутмаганда, жуда даҳшатли бошланди. Дастлабки 10 дақиқа ичида "кўршапалаклар" рақиб дарвозасига иккита гол уришга муваффақ бўлди. Чап қанотдан етказилган узатмани Симоне Дзадза меҳмонлар жарима майдончаси ичида қабул қилди ва 180 градусга айланганча зарба бериб, дарвозани ишғол қилди.
"Қироллик клуби" ҳали ўзига келишга улгурмасдан "Валенсия" яна битта гол урди. Варан майдон марказида тўпни йўқотиб қўйиши натижасида мезбонлар қарши ҳужумга ўтишди ва Фабиан Орельяна яккама-якка вазиятда Кейлор Навас дарвозасига тўпни жойлади.
Орадан 5 дақиқа ўтиб майдон эгалари учинчи тўп киритиши мумкин эди. Чап қанотдан берилган узатма натижасида Мунир эл-Ҳаддодий жарима майдончаси ичида зарба берди. Тўп Марселонинг оёғига тегиб юқорига кўтарилиб кетмаганида, Навас бу зарбани қайтариши қийин бўларди.
Шундан сўнг "Реал" ўзига келиб олди ва бирин-кетин хавфли вазиятларни ярата бошлади. Баҳснинг 15-дақиқасида Роналду чап қанотдан жарима майдончасига кирди ва нариги устун томон узатма берди. Хамес ўткир бурчак остида тўпни дарвоза томон бурди. Устун ёнига етиб келган ҳимоячи кўкраги билан тўпни қайтариб қолди.
Орадан кўп ўтмасдан Бензема жарима майдончаси ташқарисидан кучли ва "тўққизлик" томон аниқ зарба берди. Диего Алвес тўпни қайтаришга муваффақ бўлди. "Валенсия" плеймейкери Дениель Парехо ижросидаги хавфли жарима зарбасини Навас қайтаришга муваффақ бўлди.
Биринчи бўлим тугаши арафасида, ниҳоят, Зидан шогирдлари ҳисобни биттага қисқартиришди. Чап қанотдан Марсело етказган узатмани Роналду бош билан рақиб дарвозасига жойлаб қўйди. Орадан бир дақиқа ўтиб Криштиану ҳисобни тенглаштириши мумикин эди: унинг жарима майдончаси ташқарисидан берган зарбасидан кейин тўп Мангалянинг оёғидан ўз йўналишини ўзгартирди ва шундоққина устун ёнидан ўтиб кетди.
Ҳисобнинг қисқариши "кўршапалаклар"нинг иккинчи бўлимдаги концентрациясини янада оширди. Зидан жамоаси асосан қанотлардан ҳужумлар ташкил қилишди. "Қироллик клуби" футболчиларига сўнгги зарбани беришда ё аниқлик етишмади, ёки ҳимоячилар бунга йўл қўйишмади.
Аксинча, валенсияликлар иккита яхши имкониятдан фойдалана олишмади. Ҳар иккала вазиятда Кейлор Навас яккама-якка вазиятлар Парехо ва Дзадзанинг зарбаларини қайтаришга муваффақ бўлди.
Шунингдек, учрашув ҳаками ҳар иккала жамоа фойдасига бир мартадан пенальти бермаганини таъкидлаш лозим.
Шу тариқа, "Валенсия" ғалабани сақлаб қолди ва ўз очколарини 26тага етказганча, жадвалда 13-ўринга кўтарилиб олди. "Реал" эса, яна бир захира ўйинига эга бўлган ҳолда, "Барселона"дан 1 очко олдинда бормоқда. Испания Ла лигасида чемпионлик учун кураш ҳали давом этади!
Испания чемпионати, 16-турнинг қолдирилган ўйини
ВАЛЕНСИЯ - РЕАЛ МАДРИД 2:1 (2:1, 0:0)
Голлар: 1:0 – 4 Дзадза, 2:0 – 9 Орельяна, 2:1 – 44 Роналду.
Валенсия – Диего Алвес, Гарай, Гайя, Жоау Канселу, Мангаля, Парехо, Перес, Орельяна (Солер, 56), Нани (Сикейра, 39), Дзадза (Суарес, 74), Мунир.
Реал Мадрид – Навас, Варан (Начо, 73), Марсело, Карвахаль, Рамос, Кроос, Каземиро, Модрич (Васкес, 76), Хамес (Бэйл, 62), Роналду, Бензема.
Огоҳлантиришлар: Дзадза (19), Карвахаль (29), Мунир (43), Перес (54), Варан (59), Мангаля (67), Парехо (90).