БАА клублари ОЧЛда кўп ўрин олганда айрим футбол мутахассислари ва мухлислар норозилик билдиришганди. Телевидение билан боғлиқ шартнома масалалари туфайли бу юрт вакилларига кўп ўрин берилгани айни ҳақиқат. Лекин 2016 йил финалида Умар Абдулраҳмон бошчилигидаги «Ал-Айн»нинг муносиб ўйнагани ҳамма танқидларга ўринли жавоб бўлди, десак муболаға бўлмайди. «Ал-Аҳлий» ҳам «совға» эмас. Чунки бу жамоа 2015 йилда ОЧЛ финалига чиққан. 1-турда эса ўз уйида Теҳроннинг «Истиқлол»ини ўзига хос тарзда мағлуб этган мазкур клубда ҳам темир ирода бор. Бугун клубларимизнинг 2-турдаги рақиблари хусусида батафсил маълумот берсак.
ДУБАЙНИНГ «МИЛЛИЙ ЖАМОАСИ» - «АЛ-АҲЛИЙ»
БААнинг Дубай шаҳрида ташкил топган «Ал-Аҳлий»га 1970 йилда асос солинган бўлиб, мамлакатнинг энг нуфузли футбол клуби саналади. Ушбу жамоага Амирликларда ҳаттоки, «миллий» даражасидаги мақом ҳам беришган, чунки бу клуб БАА футбол тарихида беш карра мамлакат чемпиони бўлган. Шунингдек, айни пайт ҳам чемпион саналишади.
1973-1980 йиллар клуб фаолиятининг «олтин» даври ҳисобланади. Айнан шу паллада клуб катта ютуқларни қўлга киритган. 1975, 1976 ва 1980 йиллар чемпионлик шоҳсупасига чиқишган ва икки марта БАА кубоги соҳибига айланишган. «Ал-Аҳли» жами саккиз марта ушбу соврин эгасига айланган.
2010 йилдан клубда яна юксалиш даври бошланди. Фабио Каннаваро ва Графите «Ал-Аҳлий» номини халқаро аренага танитиб кетганларидан сўнг, клубда маҳаллий ёшлардан Аҳмад Халил ва Исмоил ал Ҳаммадилар етишиб чиқдилар. Жамоада бошқарув муносиб тарзда йўлга қўйилганлиги боис, чемпионлик учун асосий даъвогарлар сафига кириб олди. Энди нафақат БАА про-лигаси, балки Форс кўрфазида ўтказиладиган турли халқаро турнирларда ҳам жамоага алоҳида эътибор билан қаралмоқда.
Футбол клубидан ташқари, унинг тизимида волейбол, баскетбол, гандбол, стол тенниси жамоалари ҳам бор. Клубнинг ўз драма студияси бўлиб, у 1981 йилдан бошлаб БАА маданиятини ёйишда ўз ҳиссасини қўшиб келади. 2016 йилда «Ал-Аҳли» Испания Ла-лигаси билан ҳамкорлик шартномаси имзолаган биринчи хорижий клуб бўлди. Мазкур келишув асосида ёш мураббийлар примерода малака оширадилар, турли ёшдаги жамоалар эса турли тижорий ва кўргазмали турнирларга таклиф этиладилар.
Ўйинга танланиши мумкин бўлган тахминий таркиб:
Дарвозабон: Мажид Носир. Ҳимоячилар: Абдулазиз Санқур, Волид Аббос, Салмон Ҳамис, Абдулазиз Ҳусайн. Ярим ҳимоячилар: Ҳабиб Фардан, Мажид Ҳассан, Эвертон Рибейро, Ҳамис Исмоил. Ҳужумчилар: Макете Диоп, Аҳмад Халил.
Маълумот учун
«АЛ-АҲЛИЙ» (Дубай)
Ташкил топган вақти: 1970 йил
Клубнинг тўлиқ номи: «Ал-Аҳлий Саудий»
Лақаби: «Рицарлар»
Клуб хўжайини: Ҳамдан ал Мактум
Стадиони: «Рашид Стэдиум» (9415 томошабин)
Бош мураббийи: Космин Олариу
Совринлари:
БАА чемпиони: (7 марта) 1974-1975, 1975-1976, 1979-1980, 2005-2006, 2008-2009, 2013-2014, 2015-2016.
БАА президенти кубоги: (8 марта) 1974-1975, 1976-1977, 1977-1978, 1995-1996, 2001-2002, 2003-2004, 2007-2008, 2012-2013.
БАА лига кубоги: (2 марта) 2011-2012, 2013-2014.
БАА суперкубоги соҳиби: (4 марта) 2009, 2013, 2014, 2016.
ОЧЛ финалчиси: 2015.
Электрон манзили: www.alahliclub.ae
Формаси: ўз майдонида - қизил-қора, меҳмонда - оқ.
Жорий (2016|2017) мавсум чемпионатдаги ҳолати (15.02.2017): 19 ўйин, 12 ғалаба, 5 дуранг, 2 мағлубият, тўплар нисбати: 39-12. 2-ўрин.
-----------------------------------------------
БААнинг энг совриндор жамоаси - «Ал-Айн»
Жами 33та расмий совринга эга ушбу клуб бундан яқин 50 йил олдин Баҳрайндан келган талабалар ва Судан ишчилар жамияти томонидан ташкил этилган. Клубнинг «олтин эраси» дея 1997-2003 йиллар тилга олинади. 2002-2004 йилларда таниқли мураббий Бруно Метсю бошчилигида икки йил ичида 4та совринга эга чиққан. Мамлакатда катта шуҳрат қозонган ва ҳатто 3та уй аренасига эга. Улардан охирги қурилгани - «Ҳазза Бин Заид» жаҳон стандартларига тўлиқ мос келади. Сўнгги икки йил ичида стадиондаги ўриндиқлар сони яна 1200тага камайтирилди.
Ал-Айн шаҳри жамоаси футболчиларга пул сарфлаш борасида бемалол Европанинг етакчи жамоалари билан рақобатлаша олади. «Ал-Айн» таркибида қанотларда ва майдон марказида юқори тезлик ҳамда юксак техникага эга бўлган ёш футболчилар ҳаракат қилишади.
«Ал-Айн» раҳбарияти инфратузилмани яхшилашга катта эътибор қаратяпти. Клуб академиясида 9 ёшдан 21 ёшгача бўлган футболчилардан иборат жамоалар тузилган ва улар БАА миллий чемпионатида иштирок этишади. Турли ёшдаги жамоаларга аксарият хорватиялик мураббийлар устозлик қилишяпти. Маълумот ўрнида айтиш керакки, ушбу клубда 2010 йилдан буён маҳаллий мутахассислар бош мураббий сифатида ишлашмаяпти. Жамоани ўтган мавсум ОЧЛ финалигача олиб чиққан Златко Далич жорий йилнинг 17 январида клубдан кетди ва унинг ишини Зоран Мамич давом эттиряпти.
Юлдуз футболчи. Умар Абдулраҳмон. 1991 йил 20 сентябрда таваллуд топган. 2007 йилдан буён «Ал-Айн» клуби тизимида. 2012 йили ESPN телеканали томонидан Осиёнинг энг машҳур футболчиси, деб топилган. Орадан бир йил ўтиб, ФИФА уни «Осиёнинг энг умидли юлдузи», деб топган бўлса, айнан шу мавсумда у жаҳоннинг 50 нафар футболчиси орасида фойдалилик бўйича 39-ўринни банд этганди. Жаҳоннинг 3та йирик компанияси билан ҳомийлик шартномаси бор. PES-2016 видеоўйинининг Яқин Шарқ версияси учун элчи сифатида танлаб олинган ва Неймар билан мазкур ўйин видеоролигида суратга тушган. ОЧЛда жами 49та ўйинда қатнашиб, 10та гол урган ва 24та самарали узатма берган. 2016 йилда ОФК томонидан ҳақли равишда «Йил футболчиси», дея тан олинди.
Биласизми? Жамоада Абдулраҳмон фамилияли тўрт футболчи бор. Булар - Амир (6-рақам), Умар (10-рақам), Холид (15-рақам) ва Муҳаммад (16-рақам). Умар, Холид ва Муҳаммад - ака-укалардир.
«Ал-Айн»нинг ОЧЛдаги иштироки:
2002|2003 йил: чемпион (5 ғалаба, 2 мағлубият)
2004 йил: 1|4 финал (2 мағлубият)
2005 йил: финал (5 ғалаба, 5 дуранг, 2 мағлубият)
2006 йил: 1|4 финал (4 ғалаба, 2 дуранг, 2 мағлубият)
2007 йил: Гуруҳ босқичи (1 ғалаба, 3 дуранг, 2 мағлубият)
2010 йил: Гуруҳ босқичи (2 ғалаба, 1 дуранг, 3 мағлубият)
2011 йил: Гуруҳ босқичи (2 ғалаба, 1 дуранг, 3 мағлубият)
2013 йил: Гуруҳ босқичи (2 ғалаба, 4 мағлубият)
2014 йил: 1|2 финал (8 ғалаба, 2 дуранг, 2 мағлубият)
2015 йил: 1|8 финал (3 ғалаба, 5 дуранг, 0 мағлубият)
2016 йил: финал (6 ғалаба, 5 дуранг, 3 мағлубият)
Ўйинга танланиши мумкин бўлган тахминий таркиб:
Дарвозабон: Холид Иса. Ҳимоячилар: Моҳанад Салим, Исмоил Аҳмад, Холид Абдулраҳмон, Довуд Али. Ярим ҳимоячилар: Ли Мюнг Жу, Кайо, Муҳаммад Абдулраҳмон, Умар Абдулраҳмон. Ҳужумчилар: Иброҳим Диаки, Носир ал Шамрони.
Маълумот учун
«АЛ-АЙН» (Ал-Айн)
Ташкил этилган вақти: 1968 йил.
Стадиони: «Ҳазза Бин Заид» (22717 томошабин).
Жамоа раҳбари: Муҳаммад Бин Зайд.
Бош мураббийи: Зоран Мамич (Босния ва Герцеговина).
Эришган ютуқлари: 12 карра БАА чемпиони (1976-77, 1980-81, 1983-84, 1992-93, 1997-98, 1999-00, 2001-02, 2002-03, 2003-04, 2011-12, 2012-13, 2014-15), 6 марта БАА президенти кубоги соҳиби (1999, 2001, 2005, 2006, 2009, 2014), ОЧЛ ғолиби (2003), ОЧЛ финалчиси (2005, 2016), Кўрфаз мамлакатлари клублари чемпионати ғолиби (2001), БАА ФФ кубоги соҳиби (1989, 2005, 2006), БАА суперкубоги соҳиби (1994, 2003, 2009, 2012, 2015).
Электрон манзили: www.alainfc.aeҒarҒ
Жорий (2016|2017) мавсум чемпионатдаги ҳолати (15.02.2017 й.): 19 ўйин, 12 ғалаба, 4 дуранг, 3 мағлубият, тўплар нисбати: 39-24. 3-ўрин.