Ўтган ёзда «Реал»дан «ПСЖ»га ўтган Хесе Родригес Франция чемпиони таркибида ўз ўрнини топа олмай Ла Лигага қайтди ва ҳозирда «Лас Палмас» таркибида ўйнамоқда. 1-март куни у жамоси билан «Сантяго Бернабеу»да меҳмон бўлади. Шу муносабат билан Goal.cом нашри «Реал»ни энг қиммат трансфер нархида тарк этган тарбияланувчиалри ўнлигини тақдим этди.
10. Самюэл Это'О «Реал»дан «Малёрка»га 4 миллион евро эвазига ўтган эди. «Барселона» ва «Интер» таркибида Чемпионлар Лигасини ютган камерунлик ҳужумчи кейинчалик «Анжи», «Челси», «Эвертон», «Сампдория» таркибида ўйнашга ҳам улгурди, ҳозирда эса Туркиянинг «Анталяспор» клубида тўп сурмоқда.
9. Роберто Солдадо – 6 миллион евро эвазига «Хетафе»га сотилган испаниялик ҳужумчи кейинчалик «Валенсия» ва «Тоттенҳем» сафида ўйнади, ҳозирда эса «Вилярреал» аъзоси ҳисобланади.
8. Диего Лопес – 7 миллион еврога «Виляррел»га сотилган ва фаолиятининг катта қисмини шу жамоад ўтказган. Қисқа муддат давомида «Севиля» дарвозасини қўриқлагач эса Лопес «Реал»га қайтиб Икер Касиляснинг ўрнини эгаллаган эди. Кейлор Навас келгач эса «Милан»га кетган дарвозабон ҳозирда ижара асосида «Эспанёл»да тўп сурмоқда.
7. Хави Гарсия – 7 миллион еврога «Бенфика»га сотилган испаниялик ярим ҳимоячи кейинчалик бир муддат «Манчестер Сити»да ҳам тўп сурди. Ҳозирда у Санкт-Петербургнинг «Зенит» жамоасида ўйнамоқда.
6. Денис Черишев – 7 миллион евро эвазига «Виляррел»га ўтган. Россияли футболчи аввалроқ «Севиля», «Вилярреал» ва «Валенсия»га ижарага берилган. Ўтган мавсумда эса «Реал» уни Қирол кубогида майдонга туширгани учун мусобақадан четлатилган эди.
5. Эстебан Гранеро – 8 миллион евро, «Куинз Парк Рейнжерс». Испаниялик футболчи аввалроқ «Хетафе»га ижарага берилган, «КПР»га ўтгач эса аввал «Реал Сосседад»га ижарага берилган ва кейин Сан-себастянликларга сотиб юборилган, ҳозирда айнан шу жамоада тўп сурмоқда.
4. Хосе Кальехон – «Реал»да тарбияланиб, бир муддат «Эспанёл»да тўп сурган Кальехон Мадридга қайтгач 9,5 миллион евро эвазига «Наполи»га трансфер қилинган эди.
3. Алваро Негредо – «Севиля»га 15 миллион евро эвазига сотилган. Испаниялик ҳужумчи бунгача «Раё Валекано» ва «Алмерия» сафида ўйнашга ҳам улгурган. «Севиля»дан кейин эса «Манчестер Сити»га ўтиб, «Валенсия»га ижарага берилган. «Валенсия»га тўлиқ ўтгач, ҳозирда ижара асосида «Мидлсбро»да тўп сурмоқда.
2. Алваро Мората – «Ювентус»га 20 миллион евро эвазига сотилган. Туринликлар сафида ажойиб икки мавсум ўтказган Мората 30 миллион евро эвазига «Реал»га қайтди.
1. Хесе Родригес – 25 миллион евро эвазига «ПСЖ»га трансфер қилинган. Парижда ўз ўрнини топа олмаган Хесе ушбу қишда ижара асосида ўз она шаҳри Лас Палмасга қайтди ва 1-март куни Мадридда «Реал»га қарши ўйнайди.