Осиё Чемпионлар Лигаси–2017 “С” гуруҳи 2-туридан ўрин олган “Бунёдкор” – “Ал-Айн” (2:3) учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Зоран Мамич ва ўйиннинг энг яхши футболчиси Умар Абдулраҳмон бўлиб ўтган беллашув борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Аввало жамоамни ғалаба билан табриклайман. Бугунги кун биз учун бўлди, чунки биз 3 очкога эга бўлдик. Аммо ҳимояда муаммолар бор эканини таъкидлаб ўтишим керак. Биринчи голдан кейин бироз ғалати ўйин намойиш эта бошладик. Бундай ҳолатлар такрорланмаслиги керак, дей ўйлайман. Аммо футболда ҳар хил вазиятлар бўлади. “Зоб Аҳан”га қарши ўйинда кўнгилдагиек ўйнай олмаганимиз учун ўз уйимизда очко йўқотгандик. Яна бир бор айтаман бугун бизга омад кулиб боқди ва бунинг эвазига “Бунёдкор”ни мағлуб этдик”, – деди Зоран Мамич.
Учрашувда дубль қайд этиб энг яхши футболчиси деб топилган Умар Абдулраҳмон ҳам ўз фиркларини билдириб ўтди.
“Бугунги ўйинда ғалаба қозонганимиздан хурсандман. Мураббий айтиб ўтганидек ҳимояда хатоларга йўл қўйдик. Кейинги учрашувларда бу камчиликларга бартараф этишга ҳаракат қиламиз”, – деди Умар Абдулраҳмон.