Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Илҳом Мўминжонов: "Янги ўйинчилар билан фахрланаман"

Баҳо:
+ | -

"Навбаҳор" бош мураббийи Илҳом Мўминжонов янги мавсум олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

ЯНГИ ЎЙИНЧИЛАР БИЛАН ФАХРЛАНАМАН

Биринчи навбатда вилоят ҳокими Хайрулло Хайитбоевич Бозоровга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бизга шунчалик шароитлар яратиб бераётганидан хурсандман. Негаки, мен хоҳлаган ва истаган футболчиларни жамоага олиб келиш учун барча ёрдамларни берди. Албатта, янги мавсумда 2016 йилги чемпионатга қараганда мазмунлироқ ўйинлар кўрсатиб, юқори ўринлар учун курашамиз. Бу йил сафимизга қўшилиб, “Навбаҳор” билан шартнома имзолаган футболчилар билан фахрланаман ва менинг уларга бўлган ишончим жуда баланд.

ТАЙЁРГАРЛИКДАН КЎНГИЛ ТЎҚ

Қишки йиғинимиз ҳақида гапирадиган бўлсам, биз икки ой мобайнида “Ўзбекистон” меҳмонхонасида яшадик. Шу икки ой ичида 11 та ўртоқлик учрашувини ўтказдик. Бемалол айтишим мумкинки, ташкил этган йиғинларимиздан кўнглим анча хотиржам бўлди. Ўйлайманки, футболчиларимизнинг чемпионатга кўрган тайёргарлиги пухта бўлди. Қисқа қилиб айтганда, менинг кўнглим тўлди.

НАМАНГАНДА УЗОҚ ВАҚТ ИШЛАМОҚЧИМАН

"Навбаҳор” клубига фақат яхши ниятлар билан келганман. Ўзингиз ҳам биласиз, Наманганга ўтган йили мавсум тугашига икки тур қолганида келгандим. Ўша пайтда кўпчилик мутахассислар ва устозларим менинг бу қароримдан ҳайрон бўлиб, қаерга кетяпсан, Наманганда ишлаш жуда оғир деб гапиришганди. Бу йил ўзимиз истаган ўйинчиларни таклиф этдик, мен уларга жуда ишонаман. Шу ўтган икки ой ичида ўз тактикамизга эга бўлдик. Умид қиламанки, ўтган йилгига қараганда, янги мавсумда яхшироқ ўйинлар кўрсатиб, натижаларимиз ҳам шунга яраша бўлади. Ниятим жуда катта. “Навбаҳор”да узоқ йиллар давомида ишлагани келганман.

САИДОВ, ЙОВАНОВИЧ ВА СОЛИЕВ ҲАҚИДА

Мен учун Мансур Саидовнинг жамоамизга жалб этилиши анча оғир жараён бўлди. Чунки у “Қизилқум” жамоаси билан музокара олиб бораётган экан. Лекин шунга қарамай, барибир Саидовни ўз сафимизга жалб қилишга эришдик. Тўғри, қолган футболчиларни таклиф этиш ҳам осон бўлди дея олмайман. Бироқ уларга қараганда, Мансурни таклиф этиш ҳамда сафимизга қўшилиши қийинроқ кечди. Футболчининг янги мавсумда “Навбаҳор”га катта ёрдами тегади. Молиявий масалалар яхши-ку, аммо ҳамма жойда ҳам пул роль ўйнамайди. Биласизми, жамоамиздаги ҳозирги футболчилар билан декабрь ойидаёқ музокара ўтказиб бўлганман. Боя айтганимдек, биргина Мансур Саидов масаласида бироз келишмовчиликлар бўлиб қолди. Ваҳоланки, у билан ҳам декабрда гаплашганман. Барибир январь ойи охирларида яна сафимизга қўшилди. Йовановични у қадар катта маблағ эвазига олганимиз йўқ. “Қизилқум” тўлайдиган пулнинг ярмига келишдик. Биз унинг ўзи билан ўзаро келишган ҳолда шартнома имзоладик. Солиев “Навбаҳор”да спорт директори бўлиб ишлаяпти. Уни клубга шахсан ўзим таклиф қилдим. Анварнинг маҳорати қанчалик эканлигини жуда яхши биламан. Шунингдек, футболга қандай кўз билан қарашини яхши билганим учун ҳам таклиф этдим. У албатта менга ёрдам беради. Шу билан бирга “Навбаҳор”нинг истиқболли режаларининг амалга ошишида ўз ҳиссасини қўшади.

МУРАББИЙЛАР ШТАБИ

Мураббийлар штаби хусусида тўхталадиган бўлсам, Владимир Андреев, Шерзод Шарипов ва Жамшид Умаров менга яқиндан ёрдам беришяпти. Ўтган йилги мураббийлар штабидан биргина Дурбек Умаралиевни олиб қолганман. У бизда бешинчи мураббий бўлиб қолди. Биз мана шу штаб билан биргаликда ишлаймиз ва плюс Анвар Солиев!

МАҲАЛЛИЙ ЎЙИНЧИЛАР

Декабрь ойида амалга оширган катта ишларим – булар Жаҳонгир Меҳмонов, Мирзоҳид Ғофуров ва Ғиёс Комилов бўлди. Бу футболчилар билан ўша пайтда музокара олиб бордик ва 80 фоизга ишларни ҳал қилиб қўйгандик. Наманганлик ушбу ўйинчиларни қайтарганимиздан жуда хурсанд бўлдим. Уларнинг “Навбаҳор”га катта ёрдамлари тегишига ишончим комил. Шунингдек, ўтган йилги таркибдан учтасини – Дилшод Жабборов, Тоҳир Шамситдинов ва Аъзам Алиевни олиб қолдим.

ЎТГАН ЙИЛГИ ТАРКИБ ВА МАҲМУДОВ ҲАҚИДА

Ҳа, ўша таркибнинг кучи етмаслигини сезгандим, - дея тасдиқлади мураббий. – Мен ўз қарашларим бўйича бошқа ўйинчиларга ишонч билдирдим. Шунинг учун кўп футболчилар билан хайрлашишга тўғри келди. Жаҳонгир Меҳмонов, Алишер Саматов, Мирзоҳид Ғофуров, Андрей Сидоров, Мансур Саидов, Ойбек Қиличев, Ғиёс Комилов, Неманья Йованович, Дарко Станоевич каби футболчилар олдида уларнинг захирада ўтириб қолишини истамаганим учун ўзларига бошқа клублар топишини айтдим. Наманганлик ишқибозларга эса доим соғлик тилайман ва ҳамиша “Навбаҳор”ни қўллаб-қувватлашларини истайман.
Алишер жамоамизда бир ой давомида шуғулланди ва ўртоқлик учрашувларида голлар ҳам урди. Маҳмудовни кучли футболчи деб ҳисоблайман. Мен унинг жамоамиз захирасида ўтириб қолишини хоҳламадим. Шу сабабли унга ўзи учун бошқа жамоа қидиришини таклиф қилдим. Биламан, Маҳмудовга ўхшаб стандарт вазиятларини ва хавфли зарбаларни ажойиб тарзда йўллай оладиган ўйинчилар кам. Мен уни жуда ҳурмат қиламан. Алишернинг кейинги фаолиятида омад тилайман. Тўғри, кўп мутахассислар ушбу ўйинчига жавоб бериб юборганимга ҳайрон бўлишди. Алишерни захирамизда ўтиришини истамаганим учун ҳам кетишини истадим. Чунки бизда унинг позициясида ўйнай оладиган футболчилар бор.

Манба: lochinlar.uz
Киритилди: 11:49, 02.03.2017.
Ўқилди: 6772 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.