Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

«Реал» яна Испания чемпионлигидан қуруқ қоладими?

Баҳо:
+ | -

Бу ҳолат «Реал» учун нотаниш эмас. Сўнгги 8 мавсумда фақатгина бир марта Испания чемпионлигини қўлга кирита олган мадридликлар Ла Лига 25-туридан ўрин олган «Лас Палмас»га қарши ўз майдонида кечган ўйинда 3:3 ҳисобида дуранг қайд этиб, бу сафарги чемпионликни ҳам таҳдид остида қолдирди.

Атиги бир ҳафта олдин «Реал» рақибларидан иккита кам ўйин ўтказганига қарамай иккинчи ўриндаги «Барселона»дан бир очко кўп жамғарган ҳолда етакчилик қилаётганди. Бироқ «Валенсия»дан қабул қилинган мағлубият ва «Лас Палмас» билан ўйиндаги кутилмаган дуранг туфайли энди «Қироллик клуби» «Барселона»дан бир очко жам жамғариб, иккинчи ўринда бормоқда ва жамоа захирасида ҳам фақат битта ўйин қолди.

Шу тариқа, захирадаги икки ўйин ҳисобидан эҳтимолий 7 очколик устунлик энди энг кўпи билан икки очкони ташкил этиши мумкин. Захирадаги ўйинлардан бири айнан «Валенсия»га қарши эди ва у бой берилди. «Селта»га қарши ўйин санаси эса ҳали маълум эмас, бироқ Вигода ҳам мадридликларга осон бўлмаслиги аниқ.

Бундан ташқари, «Реал» сўнгги ўйинларда жуда кўп гол ўтказиб юбормоқда. «Валенсия»нинг икки голига битта жавоб қайтарилди, «Вилярреал»нинг икки голидан кейин эса учта гол билан иродали ғалабага эришилди. «Лас Палмас» ўз тарихида биринчи марта «Сантяго Бернабеу»да учта гол уришга эришди – Бейлнинг рақибига ташланиб қизил карточка олиши, Рамос ва Наваснинг хатолари бунга имкон яратгани табиий.

Бундан бир муддат олдин «Барселона» инқирозда эканлиги айтилаётганди. Чемпионлар Лигасида «ПСЖ»дан қақшатқич мағлубиятга учраган кўк-анорранглилар Ла Лигада ҳам сезиларли даражада ортда эди. Бироқ кейинги ўйинларда «Леганес» ва «Атлетико» қийинчилик бўлса ҳам мағлуб этилди, «Спортинг» эса «Камп Ноу»да 6:1 ҳисобида таслим этилди.

Ўша инқирознинг асосий айбдори сифатида кескин танқидларга учраган жамоа бош мураббийи Луис Энрике эса ушбу йирик ғалабадан кейин мавсум сўнгида истеъфога чиқишини эълон қилди. Жамоасининг формасини тиклашга уринаётган мураббий бу ҳақида маълум қилган ва барча буни муҳокама қила бошлаган бир паллада эса «Реал» Ла Лигада яна бир марта қоқилиб, Энрикега учинчи чемпионлик учун имконият эшигини очди.

Зиданнинг жамоаси учун эса ўйин бундан ҳам ёмонроқ тугаши мумкин эди. 3:1 ҳисобида олдинда бораётган «Лас Палмас»да ҳисобни янада йириклаштириш учун имкониятлар бўлганди. «Реал»га эса вазиятни ўнглаши учун пеналти керак бўлди, уни муваффақиятли амалга оширган Роналду кейинроқ боши билан дарвозани аниқ нишонга олиб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди. Буни яхши натижа деб бўлмайди, бироқ шу вазият нуқтайи назаридан қаралса, ҳечдан кўра бир очко қўлга киритилди. Аммо энди «Реал»нинг хато қилишга ҳаққи қолмади.

Иккинчи бўлимда Зидан Искони майдондан олганда «Сантяго Бернабеу»даги мухлислар норозилик билдирди, сўнгги пайтларда яхши ўйин кўрсата олмаётган Кейлор Навас ҳам мухлисларнинг ҳуштакларидан ўз насибасини олди. 71-дақиқада ўйинга қўшилган Карим Бензема ҳам.

«Реал»нинг келаётган тўрт ўйинидан учтаси сафарда «Эйбар», «Наполи» ва «Атлетик»ка қарши бўлади, шунингдек «Селта»га қарши ўйин ҳам яқин орада ўтказилиши мумкин. «Барса» эса Луис Энрике мураббийликка келганидан буён ўзининг энг ёмон даврини ўтказаётганига қарамай ҳозирда Ла Лигада пешқадамлик қилмоқда ва айни пайтда «Реал»да имкониятлар пасайган.

Албатта, «Сантяго Бернабеу»да бўлиб ўтадиган «Эл Класико»нинг аҳамияти ҳам янада ошади. «Барса» жавоб ўйинида «ПСЖ»га қарши мўъжиза кўрсатмаган тақдирда Чемпионлар Лигаси юкидан ҳоли бўлиб, барча эътиборини Ла Лигага қаратиши мумкин бўлади. Бу эса «Реал» жуда қаттиқ тер тўкиши кераклигини англатади. Жамоа ҳозирда етарлича кучли эмас. Анчелоттининг иккинчи мавсумидаги каби чемпионликни «Барселона»га топшириб қўймаслик учун мадридликлар ҳозиргидан анчагина яхши ўйнашига тўғри келади.

Манба: muhokama.com
Киритилди: 17:41, 02.03.2017.
Ўқилди: 15792 марта.
Фикрлар: 16 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.