Мамлакат ёшлар биринчилигининг дастлабки турида ёш “навбаҳорчилар” Тошкентнинг “Обод” жамоасини қабул қилди.
Тўрақўрғондаги “Ёшлик” ўйингоҳида бўлиб ўтган учрашувда “навбаҳорчилар” 1:2 ҳисобида имкониятни бой беришди.
Ўйиннинг биринчи бўлимидаги воқеалар ривожи асосан марказда кечди. Ҳар икки томон футболчилари мавсум энди бошланганлиги сабабли бир-бирлари билан ўзаро боғлиқлик борасида бир қатор қийинчиликларга дуч келишди. Учрашув бошларида Акбарали Холдоров “Обод” дарвозабони билан яккама-якка вазиятга чиққан бўлишига қарамай, якуний зарбани аниқ йўллай олмади. Орадан бироз вақт ўтиб, меҳмонлар ҳужумчиси Идрис Бикмайкинда ҳам гол уриш учун имконият бўлганди. Лекин, унинг тепган тўпи дарвоза устуни ва тўсини кесишган жойга тегиб майдонни тарк этди.
Биринчи бўлим якунланиши арафасида Билолхон Тожимирзаев рақиб ҳимоячисининг хатосидан сўнг, Аҳмедов билан яккама-якка вазиятга чиқиб, дарвозани аниқ нишонга олиб ҳисобни очди. Танаффусдан кейин “Обод” таркибида ўзгаришлар рўй берди. Ўз навбатида меҳмонларнинг ҳаракатида ҳам фаоллик кўзга ташланди. Дониёр Насриддинов ҳимоямизда юзага келган хатоликдан сўнг Ашурматовни алдаб ўтиб, Абдулло Маҳкамовга қулай вазият яратиб берди. Маҳкамовга яқин масофадан бўш қолган дарвозани нишонга олиш қийинчилик туғдирмади. Ҳисоб тенглашгач, “навбаҳорчилар” ғалабани таъминлаш мақсадида ҳужумга зўр беришди.
“Навбаҳор”ни олдинга олиб чиқиш учун Ғолиббек Каримов, Жавоҳир Олимжонов ва Абдулазиз Жалиловда имкониятлар бўлса-да, вазиятларни голга айлантириш насиб этмади. 82-дақиқада эса “навбаҳорчи” Илҳом Алибоев ҳакамнинг қарорига эътироз билдиргани сабабли қизил карточка билан жазоланди. Камчиликда қолган “навбаҳорчилар” учрашувнинг якуний қисмини муносиб тарзда ўтказа олишмади. Ўйин якунланиб бораётган бир паллада Аббос Исроилов олис масофадан аниқ зарба йўллаб “Обод”нинг ғалабасини таъминлади. Бу пайтга келиб “навбаҳорчилар”да ҳеч бўлмаганда дурангни таъминлаш учун ҳам деярли вақт қолмаганди. Шу тариқа ёш “навбаҳор”чилар 2017 йилги биринчиликни мағлубият билан бошлади.
“Навбаҳор” – “Обод” – 1:2 (1:0). 3 март. Тўрқўрғон. “Ёшлик” ўйингоҳи.
Ҳакамлар: А.Раҳимов, Э.Турсунов, А.Жабборов, М.Маматханов.
Назоратчи – А.Ҳотамов.
“Навбаҳор”: 12. Н.Ашурматов, 9. И.Абдуқодиров, 10. И.Алибоев, 14. Ҳ.Юнусов, 21. Б.Тошмирзаев, 26. Ж.Олимжонов, 27. Ш.Аҳмадалиев, 28. Ғ.Каримов, 48. Д.Маҳмудов (35. М.Абдуллаев, 62), 51. А.Холдоров (63. А.Жалилов, 72), 88. А.Нишонбоев (99. А.Жўраев, 86).
“Обод”: 12. А.Аҳмедов (20. У.Иноятуллаев, 46), 3. А.Исроилов, 5. А.Тилапов (И.Исмоилов, 46), 7. Д.Насриддинов (11. Ш.Тўхтасинов, 66), 27. Х.Абдуалимов (4. А.Олимов, 90+1), 30. И.Жасурхўжа (10. О.Пардабаев, 70), 44. Ж.Омонов, 66. Х.Ғаниев (8. Д.Ёқубжонов, 64), 70. Ф.Маҳаммаджанов, 77. Д.Жўрабоев, 80. И.Бикмайкин (9. А.Маҳкамов, 58).
Голлар: Б.Тошмирзаев (40) – А.Маҳкамов (63), А.Исроилов (90+2).
Огоҳлантириш: Ғ.Каримов (5).
Четлатиш: И.Алибоев (82).