Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

«Навбаҳор» мавсумга шай-ми?

Баҳо:
+ | -

«Навбаҳор» 2017 йилги мавсумга ҳар доимгидан жиддийроқ тараддуд кўрди. Таркибга кўплаб маҳоратли футболчилар қўшилишди, маҳаллий ўйинчилар Наманганга қайтишди. Эслатиб ўтамиз, жамоа дастлабки турда ўз майдонида «Обод»ни қабул қилади. Биз «Навбаҳор»нинг мавсумолди тайёргарликлари ҳамда футболчиларнинг айни пайтдаги аҳволи билан танишиш мақсадида жамоа бош мураббийи Илҳом Мўминжонов ҳамда футболчилар билан суҳбат уюштирдик. Айтиш жоизки, клубдаги ҳолат билан танишиш чоғида юқори кайфият ҳукмрон экани, «Навбаҳор» вакилларининг барчаси янги мавсумга тайёрлигига гувоҳ бўлдик.

Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор» бош мураббийи): - Мавсумга тайёргарлик асосан Тошкентда олиб борилди. Деярли икки ой давомида 14та назорат учрашуви ўтказиб, шу тариқа футболчиларнинг энг сараларини танлаб олиб, қолганларга жавоб бердик. «Қўқон-1912»га қарши кечган ўйин кескин курашларга бой бўлди ва якунда йирик ҳисобда ғалабага эришдик.

«Навбаҳор»нинг янги мавсумда кўрсатадиган натижалари учун шахсан мен жавобгарман. Энди «Навбаҳор»да Анвар Солиев спорт директори вазифасида, Дурбек Умаралиев, Владимир Андреев, Шерзод Шарипов ва Жамшид Умаров ёрдамчи мураббий сифатида иш олиб боришади. Раҳбарият жамоа олдига мавсумни кучли саккизликда якунлаш вазифасини қўйган. Ўтган мавсумдаги натижаларни унутиб, фақат юқорига интилишда давом этамиз. Жамоа таркибига кучли футболчиларни жалб қилишга уриндик. Мавсумни юқори нотада бошлаш учун астойдил тайёргарлик олиб боряпмиз.

Барча футболчилар олий лиганинг янги мавсумига тайёр туришибди. «Навбаҳор» таркиби деярли 80 фоизга янгиланди. Яқинлашиб келаётган мавсумда Йованович ва Станоевич каби легионер футболчилар «Навбаҳор» шарафини ҳимоя қилишади. Шунингдек, таркибга Ойбек Қиличев, Темур Толипов, Мирзоҳид Ғофуров, Аббос Отахонов, Асилбек Омонов, Ғиёс Комилов каби янги ўйинчиларни ҳам таклиф этдик. Раҳбарлар барча шароитларни яратиб беришди.

Маош ва кўтарма пуллари ҳам ўз вақтида берилиши маълум қилинган. Жамоа мутасаддилари Тошкентдаги йиғиндан аввал Туркия сафарига боришни ҳам таклиф этишди. Лекин юртимиздан узоққа кетиш истаги бўлмагани учун машғулотларни пойтахтда давом эттиришга қарор қилдик. Ахир Ўзбекистондан ҳам гўзалроқ диёрни яна қаердан топиш мумкин?

Алишер Саматов (ҳимоячи): - Жамоамиз бу йил анча кучайди, таркибда кўплаб маҳоратли футболчилар тўпланишган. Мақсадимиз - мавсумни фақат юқори ўринларда якунлаш. «Нефтчи»даги шартномам якунлангани сабаб яна «Навбаҳор»да фаолият олиб бораман. «Обод»га қарши 1-тур ўйинини ўз майдонимизда, мухлисларимиз кўз олдида ўтказамиз. Албатта, очилиш учрашувидаги натижа ижобий бўлиши шарт. Жорий мавсум Наманган футбол аҳлига ўзгача янгиликлар тайёрлаганмиз. Барча мухлислар биринчи ўйин кунини ҳаяжон билан кутишмоқда. Кучли футболчилар тўпланган таркиб билан дуч келган рақибни мағлуб этишга қодирмиз.

Жаҳонгир Меҳмонов (ҳимоячи): - Мавсумлар оралиғида жамоа бош мураббийи Илҳом Мўминжонов ва клуб директори Носиржон Султоновларнинг таклифларига кўра, яна «Навбаҳор»га қайтдим. Ўзим туғилиб-ўсган вилоят шарафини муносиб тарзда ҳимоя қилиб, мухлисларимизни ижобий натижалар билан хурсанд қилиш ниятидаман.

Янги мавсумга тайёргарлик жараёни аъло даражада ўтди. Кунига икки маҳалдан ташкил этилган машғулотларда асосан жисмоний тайёргарликка зўр бердик. Бундан ташқари, назорат учрашувлари орқали ўйин амалиётини ҳам шакллантиришга улгурдик. Тошкентда ўтган машғулотлардан барча футболчиларнинг кўнгиллари тўлиб, яна Наманганга қайтдик. Биринчи ўйин олдидан барча жанговар руҳда. «Обод»га қарши учрашув осон бўлмайди, лекин мухлислар билан тўлган стадионда уч очко олишга ҳаракат қиламиз.

Мирзоҳид Ғофуров (ярим ҳимоячи): - «Навбаҳор»нинг жорий мавсум ўз олдига юқори мақсадларни қўйгани сир эмас ва бу йўлда жамоамга чин дилдан ёрдам бермоқчиман. Намангандан тушган таклифни бажонидил қабул қилдим. Чунки «Навбаҳор» мен учун нотаниш эмас, мураббий ҳамда футболчилар, умуман, жамоа аъзоларининг аҳил-иноқликларига кўз тегмасин. Барчаси ҳали олдинда. Наманган футболи аввалдан юксак эътиборга сазовор бўлиб келган. Ўйлайманки, бу анъана яна узоқ йиллар давом этади.

Дилшод Жабборов (ярим ҳимоячи): - Бу йил «Навбаҳор» олдига юқори ўринларни эгаллаш мақсади қўйилди. Тошкентда ўтказилган ўқув-йиғин машғулотларидан барчанинг кўнгли тўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Раҳбариятнинг футболчиларга бўлган ишончи янада ортди. Янги мавсумга тўлиқ тайёрмиз, десам бўлаверади. Эндиликда мухлисларнинг фақат олқишлари ва астойдил қўллаб-қувватлашларини кутиб қоламиз.

Ойбек Қиличев (ярим ҳимоячи): - Ўзбекистонни соғинганим учун ортга қайтдим. Илҳом Мўминжоновнинг таклифига кўра, «Навбаҳор» сафига қўшилиб, ярим йиллик келишувга эришдим. Давралар оралиғида хориждан таклиф тушмаса, фаолиятимни «Навбаҳор»да давом эттиришни режалаштирганман. Айни пайт жамоа таркибига маҳоратли футболчилар йиғилишган, бу эса таркибдаги рақобатни кучайтиради. Барча ўйинчилар асосий таркибдан жой олиш учун бор кучлари билан ҳаракат қилишади. «Навбаҳор»нинг мақсади - олий лигада юқори ўринларни қўлга киритиш.

Неманья Йованович (ҳужумчи): - Легионер сифатида Ўзбекистон олий лигаси мен учун бегона эмас. «Навбаҳор»га келгунимга қадар «Олмалиқ», «Андижон» ва «Қизилқум»да фаолият олиб борганман. Янги мавсумда «Навбаҳор»га ёрдам берадиган бўлдим. Наманганлик футбол мухлисларига ўхшашини бошқа шаҳарларда кўрмаганман. Ўйлайманки, навбатдаги чемпионатда «Навбаҳор» стадионидаги муҳит ўзгача кўриниш олади.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 14:48, 04.03.2017.
Ўқилди: 5675 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.