"Наполи" ва "Реал" ўртасидаги Европа чемпионлар лигасининг нимчорак финал доирасидаги жавоб ўйини бир бўлим давомида мухлисларни катта ҳаяжонда ушлаб турди.
Неаполдаги "Сан-Паоло" стадионидаги баҳс Мадриддаги учрашувдан ҳам қизиқарлироқ кечди. Майдон эгалари илк дақиқаларданоқ "Реал" футболчиларига нисбатан кучли прессинг уюштириб, дадил олдинга ташланишди. Сарри шогирдлари томонидан амалга оширилаётган босим, ниҳоят 24-дақиқада ўз самарасини берди. Майдон эгалари чап томондан жарима майдончасига кирган Мертенсни тўп билан таъминлашди ва ҳужумчи ўткир бирга-бир вазиятда бурчак остида дарвозага ишғол қилди.
Орадан 5 дақиқа ўтиб Криштиану Роналду ажойиб имкониятдан фойдалана олмади. Қарши ҳужум пайтида португалиялик футболчи дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқди ва жарима майдончаси ичида Рейнани алдаб ўтиб, ўткир бурчак остида зарба берди. Тўп эса устунга тегиб қайтди! Қайтган тўпни эгаллаган Бэйл ўз имкониятидан фойдалана олмади.
Шунингдек, дарвоза устуни мадридликларни ҳам голдан қутқариб қолди. "Наполи" ҳужум ташкил қилаётган пайтда тўп жарима майдончаси ичидаги Мертенсга келиб тушди. Унинг зарбасидан кейин тўп олис устунга тегиб, ён томонга кетди.
Танаффусга қадар неаполликлар яна 2та қулай имкониятга эга бўлишди. Дастлаб Ҳамшик майдон марказидан бошлаб "Реал" дарвозабони билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетди ва жарима майдончаси остонасидан ноаниқ зарба берди. Шунингдек, Инсинье чап қанотдан берган узатмасидан кейин Марек жарима майдончасига кирди ва кучли зарба берди. Навас зарбани қайтаришга муваффақ бўлди.
Биринчи бўлим ана шундай ҳаяжонли дақиқаларга бой бўлган бўлса, иккинчи бўлимнинг бошида тўқнашув тақдирини бир футболчи ҳал қилиб қўя қолди. Иккита бурчак тўпи, икки марта бош билан берилган зарба ва иккита гол! Серхио Рамос ижросида!
Бу голлар "Наполи" шаштини бутунлай синдириб қўйди. Битта гол урса, кейинги босқичга чиқиши мумкин бўлиб турган жамоа энди 4та гол ура олмасди. Иккинчи бўлимнинг аксарият қисми қуруқ расмиятчиликка айланиб қолди. Боз устига, қўшиб берилган дақиқаларда Альваро Мората жамоасининг учинчи голига муаллифлик қилди.
Шу тариқа, "Реал" Европа чемпионлар лигасининг чорак финалига йўл олди.
ЕЧЛ, нимчорак финал, жавоб ўйини. 00:45
"НАПОЛИ" - "РЕАЛ МАДРИД" 1:3
Голлар: 1:0 – 24 Мертенс, 1:1 – 51 Рамос, 1:2 – 57 Рамос, 1:3 – 90 Мората.
Наполи – Рейна, Альбиоль, Ғулом, Хюсай, Кулибали, Мертенс, Аллан (Рог, 56), Кальехон, Гамшик (Зелиньски, 75), Инсинье (Милик, 70), Диавара.
Реал Мадрид – Навас, Пепе, Марсело, Карвахаль, Рамос, Кроос, Каземиро, Модрич (Иско, 80), Бэйл (Васкес, 68), Роналду, Бензема (Мората, 77).
Огоҳлантиришлар: Аллан (55), Диавара (89).
Биринчи ўйин — 1:3