Олий Лига 2-тур доирасидаги «Динамо» - «Шўртан» (3:0) учрашувидан кейин, гол муаллифи бўлган Самарқанд жамоаси ҳужумчиси Абдумалик Абдуллаев журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
- Муҳим ўйинда ажойиб ғалабага эришганимиздан жуда хурсандмиз. Бизни қўллаб-қувватлаётган барча мухлисларимиз ва клуб раҳбариятига ҳам раҳмат. Бугун минглаб ишқибозларимиз кўз ўнгида ғалаба қозонмасак бўлмасди. «Металлург» билан ўйиндан кейин «Шўртан» билан баҳсга ҳам яхши тайёргарлик кўришга интилдик. Мураббийлар штаби жамоани яхши тайёрлай олди.
- «Динамо»нинг кутилмаган омадли стартининг сабаблари нимада деб ўйлайсиз?
- Тўғри жамоамиз таркиби йиғилганига ҳали кўп бўлмади. Лекин «Динамо»да жуда аҳил жамоа йиғилган. Барча бир-бирини қўллаб-қувватлашга интилаяпти. Барчамиз мухлисларимизни хурсанд этиш учун катта иштиёқда ҳаракат қилаяпмиз. Мураббийлар бизга ишонаётган экан, шунга яраша жавоб беришга интилаяпмиз.
- «Металлург»га қарши баҳсда захирадан майдонга тушиб, иккинчи гол киритилишига сабабчи бўлган эдингиз. Бугун ҳам захирадан майдонга тушиб, 3-голни киритдингиз. Бу мураббийлар кўрсатмасими?
- Худди шундай, ўйиндан олдин Илҳом ака Шарипов иккинчи бўлимда майдонга тушиб, ҳужумкорликни оширишим лозимлигини айтгандилар. Жарима тўпи узатилгач, вазиятдан фойдаланиб гол урдим. Олдинда бизни яна қийин ўйинлар кутиб турибди. Мухлислар мана шундай қўллаб-қувватлаб туришса, кейинги турда «Пахтакор»га қарши баҳсда ҳам камида дуранг натижа учун ҳаракат қиламиз.