Испания чемпионатининг 28-тури доирасида «Барселона» ўз майдонида «Валенсия»ни қабул қилди ва осон бўлмаган ғалабани қўлга киритди.
"Барселона" ўйин бошиданоқ ҳужумкор ўйин намойиш қилиб, "Депортиво"га қарши ўйиндаги мағлубиятдан тезда хулоса чиқариб олганини кўрсатди. Аммо каталонияликлар бир қатор жуда қулай имкониятларни кўкка совура бошлашди. Яримта вазиятни голга айлантира оладиган Месси ва Суарес икки мартадан ажойиб имкониятдан фойдалана олишмади.
Биринчи бўлимнинг иккинчи ярмидан бошлаб "кўршапалаклар" ҳужумга ўта бошлашди. Дастлаб Мунир яккама-якка вазиятдан фойдалана олмаган бўлса, бурчакдан етказилган узатмани Мангаля бош билан "Барса" дарвозасига жойлаб қўйди.
"Кўк-анорранглилар" ҳисобни тенглаштиришлари учун 6 дақиқа етарли бўлди. Неймар тўпни аутдан отиб бериши натижасида Суарес бирга-бир вазиятга чиқди ҳамда олис бурчакни аниқ нишонга олди.
Биринчи бўлим тугаши арафасида "Валенсия" марказий ҳимоячиси Мангаля ўз жарима майдончаси ичида бирга бир вазиятга чиқаётган Суаресни тортиб йиқитди. Натижада у иккинчи сариқ карточкани олиб, майдонни тарк этди. Месси эса пенальтидан самарали фойдаланиб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Мезбонлар ҳали ҳакам ҳуштак чалмасидан аввал танаффусга ғолиб сифатида "йўл олишди", шекилли, улар валенсияликларнинг ҳужумини ўтказиб юборишди. Хосе Гайянинг узатмасидан кейин Мунир дарвозабон билан бирга-бир вазиятда дарвозани ишғол қилди. "Барселона" тарбияланувчиси ҳисобланган ушбу футболчи голни хурсандчилик билан нишонламади. Аксинча "Камп Ноу"га йиғилган мухлислардан узр сўради.
Иккинчи бўлим бошланганига кўп бўлмасдан "Барса" яна ҳисобда олдинга чиқиб олди. Маскерано тўпни жарима майдончаси ичидаги Мессига етказди. Аргентиналик футболчи ўнг оёқда яқин бурчакни нишонга олди.
Иккинчи 45 дақиқаликда каталонияликлар яратган хавфли вазиятлар сони янада кўпроқ бўлди. Улар имкониятларни йўққа чиқаришда давом этишди. Жумладан, икки марта тўсинга теккани таъкидлаш лозим. Битта фарқидаги устунлик қалтис бўлиб, "Валенсия" битта ҳужум орқали ҳисобни тенглаштириши мумкин эди. Ўйиннинг асосий вақти тугашига 1 дақиқа қолганида ана шу қалтисликни Андре Гомеш йўққа чиқарди. У Неймарнинг узатмасини яқин масофадан дарвозага жойлаб қўйди. Андре ҳам собиқ клубини дарвозасини ишғол қилгани учун голни хурсандчилик билан нишонламади.
Ушбу ғалабадан кейин "Барселона" ўз очколарини 53тага етказди. Жамоа пешқадам "Реал"дан 2 очко ортда қолмоқда.
Ла лига, 28-тур, "Капм Ноу". 00:45
БАРСЕЛОНА - ВАЛЕНСИЯ 4:2 (2:2)
Голлар: 0:1 – 29 Мангаля, 1:1 – 35 Суарес, 2:1 – 45, пенальти Месси, 2:2 – 45 Мунир, 3:2 – 52 Месси, 4:2 – 89 Андре Гомеш.
Барселона – тер Штеген, Суарес, Пике, Умтити, Иньеста, Маскерано, Ракитич (Сержи Роберто, 65), Рафинья (Андре Гомеш, 74), Бускетс, Неймар, Месси.
Валенсия – Диего Алвес, Мангаля, Гарай, Гайя, Жоау Канселу (Баккали, 84), Парехо, Перес, Орельяна (Абденнур, 46), Солер, Монтойя, Мунир (Дзадза, 73).
Огоҳлантиришлар: Перес (24), Мангаля (39), Парехо (43), Иньеста (67), Андре Гомеш (77), Месси (86), Монтойя (90).
Четлатиш: Мангаля (44).