«Реал»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Хесе Родригес айни пайт «Лас-Пальмас»да ижарада тўп сурмоқда. Яқинда футболчи Marca нашрига интервью берди.
- «Лас-Пальмас»даги дастлабки ўйинларингизда қийинчиликка дуч келганингизни нима билан изоҳлайсиз?
- Буни кутмагандим ва ўзимни эркин ҳис қила олмадим. Биз тўртта ўйинда мағлуб бўлдик. Мен эса бирорта ҳам гол ура олмадим. Ишлар биз истагандек кечмади. Бундан ҳам ёмони, жамоа хавфли вазиятларни юзага келтирсада гол ура олмади. Кўрамиз, бу қийинчиликни қандай енгиб ўтамиз.
- «Реал»да деярли ўн йил ўйнадингиз. Шу давр ичида нималарни ўзлаштирдингиз?
- Кўп нарсаларни. Энг аввало, интизом ва камтарликни ўргандим. Кўплаб мураббийлар билан ишладим. Болалигимда бу ерда бўлиш жуда ёқарди. Бошқа футболчилардан кўп нарса ўргандим.
- Тўрт-беш йил олдин «Олтин тўп»ни ютиб олишингиз ҳақида гапиргандингиз. Ҳамон шундай бўлишига ишонасизми?
- Ҳозир ушбу саволга жавоб бериш қийин бўлиб қолди. Кимлардир «У бу гапларни тўрт ёки беш йил олдин айтган», дейиши мумкин. Лекин барчага шуни эслатиб қўймоқчиман: «Кастилья» сафида ўйнаб юрган кезларим гол уриш борасида Эмилио Бутгагеньодан ўзиб кетгандим. Ўшанда бу борада Рауль рекордини янгилайман, дегандим. Аммо жароҳат туфайли фаолиятим оқсаб қолди. Бунинг оқибатида шахсий хаётимда ҳам кўп нарса йўқотдим. Ўзимни ҳимоя қиламан деб ўйиним пасайиб кетди. Шу каби жароҳат олган футболчилар мени яхши тушунишади. Бундай қисматни ҳеч бир футболчига раво кўрмайман. Болалигимдан «Олтин тўп» ва Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонишни орзу қилганман.
- Нима деб ўйлайсиз, вақтингиз ўтиб кетдими ёки бунга матбуот айбдорми?
- Бунда матбуотни айби йўқ. Жамоага керак эканимни ҳис қилардим ва шуни майдонда исботлардим. Бунинг ҳаммаси мен учун қимматга тушган жароҳатгача бўлган. Ундан сўнг турли муаммоларга дуч келдим. Натижада тўққиз ой даволандим. Қайтганимдан сўнг эса етарли ўйин амалиётига эга бўлмадим. Кейинги мавсумда захирага ўтириб қолдим. Шу боис ҳам «Реал»дан кетишга қарор қилдим. Чунки бахтли эмасдим. Ваҳоланки, яна бир йил шартномам бор эди. Кетишимга сабаб, ҳар ҳафта ўйнашни истайман. Шунингдек, бунинг бошқа сабаби ҳам бор - миллий терма жамоа.
- «Қироллик клуби»ни тарк этганингизга кўп бўлмади. Нима деб ўйлайсиз, «Реал»да қолиш учун нима қилишингиз керак эди?
- Ишонтириб айтаман, вазиятни ўзгартириш учун қўлимдан келганини қилдим. Ўзимга ишонардим.
- «Реал»га қайтасизми ёки эшиклар сиз учун ёпилдими?
- Ҳозирча билмайман. Аммо қачонлардир қайтаман. Бу жамоа мени футболчи сифатида тарбиялади. «Реал» менга ҳаёт берган онамдек. Тажриба тўпладим, кўп нарсаларни ўргандим ва ҳаётимнинг ярмини Мадриднинг «Реал»ида ўтказдим. Футболда кейинчалик нима бўлишини олдиндан айтиш қийин. Айни пайтда «Лас-Пальмас»да ўйнаяпман ва бу ерда бахтлиман. Жамоа билан яхши натижаларни қайд этмоқчиман. Олдинда ҳали ўйинлар кўп ва ҳаммасини вақт кўрсатади.
- Ўша 2014 йилги жароҳат бўлмаганида фаолиятингиз қандай кечиши ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?
- Ҳа, бу ҳақда ўйлаганман. Ўзимни ким биландир тенглаштиришни ёқтирмайман. Аммо жароҳат бўлмаганида «Реал»нинг асосий таркиб ўйинчиларидан бирига айланардим. Бунга ишончим комил.