Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Фабио Каннаваро: «Хитой футболи имкониятлари катта»

Баҳо:
+ | -

Италиялик собиқ ҳимоячи Фабио Каннаваро айни пайт Хитойда «Тянжин Куанжин» («Тяньцзинь Цюаньцзянь») клубини бошқармоқда. AS (Испания) газетаси мухбирлари ЧЛ 1|8 финалидан ўрин олган «Наполи» - «Реал» (жавоб учрашуви) арафасида айнан уни безовта қилиб, махсус интервью олишди. Чунончи, Фабио футболчилик фаолияти давомида ҳар икки клуб сафида самарали тўп сурганди. Вақтида «Олтин тўп» соҳибига айланган собиқ футболчи ўз навбатида, Хитойдаги иши хусусида гапириб бериш баробарида «Мадрид» ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди.

- Фабио, аввало, Хитойдаги фаолиятингизга кенгроқ тўхталсангиз...

- Бу мамлакатда завқ билан ишлаяпман, одамлар футболни чинакамига ёқтиришади ва уларда ўрганиш хоҳиши катта. «Тянжин Куанжин» хўжайини илк марта қўнғироқ қилганидаёқ менга унинг далиллиги маъқул келганди. Клуб соҳиби ёш ва ўз олдига улкан мақсадларни қўйган. У ўзаро суҳбатимизда ўйин схемаси ёхуд муайян тактика бобида оғиз очгани йўқ, фақат келажак лойиҳаси, янги стадион ва футбол академияси каби масалалар хусусида фикр алмашди. У ўша пайт биринчи лигада пешқадамдан 11 очко ортда бораётган жамоага катта пул тикканди. 2-3 йилда клубни янги даражага олиб чиқишни хоҳлашини айтганида, очиқчасига сўрадим: «Нега шунча кутиш керак? Бу вазифани шу йилиёқ бажарса бўлмайдими?» Шунда аввалига мени ақлдан озган кишидек қабул қилди, шекилли. Лекин бор имкониятларни ишга солишимизни айтиб, уни ишонтирдим. Ўша вақт чемпионат тугашига 18 тур қолганди. Якунда биз биринчи дивизион ғолиби сифатида супер-лига йўлланмасини қўлга киритдик. Жорий йилга келиб, тўлақонли ишончга кирдим. Дейлик, ҳозир эркин ишлаяпман, трансферлар билан мустақил шуғулландим ва таркибни ҳам ўз хоҳишимга асосан шакллантирдим. Хуллас, ҳам мураббий, ҳам менежер сифатида ажойиб тажриба тўплаяпман.

- Умуман, сизнингча, Хитой футболи яқин орада юқори савияга кўтариладими?

- Мана, хитойликлар Европа клубларини сотиб олишяпти, ажойиб футболчиларни маҳаллий чемпионатга олиб келишяпти. Шунга қарамай, Хитой футболининг жаҳон даражасига чиқиши учун маълум вақт зарур. Айни пайт бу мамлакатдаги футбол академияларида етук мураббийлар иш олиб бормоқдалар. Бошқача айтганда, футбол тараққиёт йўлида. Бир нарса аниқ, хитойликлар бу борада катта режалар тузишган ва уларни амалга ошириш учун етарли маблағга эгалар. Машҳур футболчилар ҳам Хитойда ўйнаш имкониятига  тобора кучлироқ қизиқмоқдалар. Мисол учун, охирги 3 ой давомида кўплаб йигитлар менга қўнғироқ қилиб, бу ерда ўйнашга тайёр эканликларини билдиришди.

- Сиз Хитой футболига юзланган илк мураббийлардан бирисиз, барибир...

- Ҳа ва бундан хурсандман. Қайтараман, хитойликлар ниманидир ўрганишдан ор қилмайдилар. Балки кўплаб футболчилар бу ерга пул ортидан ва шунчаки, ҳаёт лаззатини тотиш учун келишаётгандир, аммо шогирдларим хусусида бундай дейишга асосим йўқ. «Куанжин» аъзолари 35 ёшда эмас, асосан 27 ёшда. Клуб президенти яқин йиллар ичида Осиё чемпиони бўлишимизни истайди. Шунга мувофиқ, яқин келажакда катта ғалабаларни тантана қилишда ёрдам бера оладиган ёш иқтидорларга алоҳида эътибор қаратишим жоиз.

- Айтингчи, бразилиялик Патони «Тянжин Куанжин» билан шартнома тузишга қандай кўндирдингиз?

-  Пато - бу «Феррари». Бироқ унга нисбатан оддий машинадек қарашди, шундай муносабатда бўлишди. Мен эса Патонинг нималарга қодирлигини яхши биламан. У жамоамизнинг энг яхши футболчиси. Энди 27 ёшга тўлганини эътиборга олсак, футболда айтадиган сўзлари ҳали кўп. Хуллас, чинакам машина!

- Энди Европа ЧЛ ҳақида гаплашсак. Аниқроғи, «Наполи» - «Реал» қарама-қаршилиги хусусида...

- Ҳа, бу мен учун алоҳида аҳамиятга эга дуэль. 1987 йилги ўйинда майдон четида  футболчиларга тўп ташлаб турганим эсимда. Ўша вақт Неаполдаги академияда таҳсил олардим ва бу юмуш жону-дилим эди. Сизга айтсам, Эмилио Бутрагеньо мени кўз ёши тўкишга мажбур этган ягона футболчидир. Унинг Неаполдаги учрашувда «Мадрид» учун қандай гол ургани ва ҳисобни тенглаштиргани ҳеч хаёлимдан кетмайди. Эҳ, қандай эҳтирослар...

- Шу жойда битта ноқулай савол: машғулотда қанақасига Диего Марадонанинг жароҳатланишига сабабчи бўлиб қолгансиз?

- Анча ёш эдим. Мураббийимиз ортиқча тезлик олмай, хотиржам ҳаракатланишимни тайинлаганди. Марадонанинг ўзи эса аксини гапирган: «Йигитча, қўрқма ва бор кучинг билан ўйна. Бу футбол, ахир ўйин пайти кимдир мени тепиши ҳеч гап эмас-ку».

- Диего билан ҳозир ҳам гаплашиб турасизми?

- Албатта. Ахир иккимиз ҳам Дубайда яшадик. Очиғи, Марадона билан мулоқот - роҳатнинг ўзгинаси. У мен учун ҳозир ҳам ўзга сайёралик. Диего ўз замонасининг энг кучли футболчиси сифатида жаҳон чемпиони бўлди, УЕФА кубогини ютди. Тақдир менга ҳам худди Марадона каби сардор бўлиш имкониятини берди ва мундиалда жаҳон кубогини бошим узра баланд кўтардим. Бу соврин - футболнинг ҳақиқий сеҳри.

- Зайниддин Зидан - «Мадрид» бош мураббийи. Унинг ишига қандай баҳо берасиз?

- Зидан ихтиёрида ажойиб жамоа бор. Муҳими, у беназир юлдузларни талаб даражасида бошқаряпти. Эътибор беринг, «Мадрид» охирги вақтларда чиройли ўйнамаган тақдирда ҳам, ғалаба қозонишни уддасидан чиқяпти, барибир. Албатта, мухлислар Зидандан йирик зафарларни кутишяпти, аммо «Барселона» ҳам чакки эмаслигини унутмаслик керак.

- Эътиборлиси, «Мадрид» сафига қўшилгач, айнан Зиданга тегишли 5-рақамли футболкани олган эдингиз...

- Юқорида «Наполи» - «Реал» ўйинида неаполликлар омадсизлигидан қаттиқ ранжиганимни хотирладим. Қарангки, ҳаётнинг ўзи кейинчалик мени «Мадрид»га бошлади ва Зиданга тегишли рақам билан сийлади. Ҳа, ҳаётимиз шундай «сюрприз»лар билан гўзал.

- Сиз билан бирга ўйнаган Рамос, Марсело ва Пепе ҳамон «Реал» шарафини ҳимоя қилишяпти.

- Маълум вақт ёш йигитлар орасида ягона фахрий сифатида тўп сургандим. Уларга нафақат футбол, балки бутун ҳаёт  масаласида ҳам нималарнидир ўргатгандирман. Мана, ҳозир Рамоснинг ўйинларига қарасам, беихтиёр қувонч ҳиссини туяман. Уларнинг менинг давримда ўйнай бошлашганию, кейинчалик юксак чўққиларга кўтарилишгани ғурур бағишлайди.

- Келажакда Европага қайтиш ҳақида ҳам ўйлаяпсизми?

- Ҳозир тажриба тўплаш асносида ўз тизимимни мукаммаллаштиришга уриняпман. Хитойда биринчи лига ғолиби бўлдим: бу ютуқ мураббий сифатида ўсишимга ёрдам берди. Яширмайман, ўз келажагимни Европада тасаввур қиламан, бироқ ҳозирча ҳали ўрганишим керак.

Фабио Каннаваро суҳбат охирида «Реал» ёки «Наполи»? қабилида берилган саволга жавоб беришни истамади ва умумий гаплар билан чекланди: «Наполи» бағрида улғайдим, бироқ «Мадрид» - ер юзидаги энг буюк клуб. Шундай экан, ушбу жуфтлик фаворитини айтишга ҳам, қайси томонга ён босишга ҳам қийналаман. Яхшиси, ушбу қарама-қаршиликда футбол ғалаба қозонсин». Эслатма, жавоб баҳсида ҳам 3:1 ҳисобида устун келган «Реал» ЧЛ чорак финалига чиқди, «Наполи» эса еврокубоклар билан хайрлашди.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:42, 24.03.2017.
Ўқилди: 6659 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.