Кевин-Принс Боатенг ҳақида эшитмаяпсизми? Ортиқча хавотирга ўрин йўқ: унинг ишлари «беш» - Атлантика уммони мавжларидан завқланган ҳолда, нонушта қилишдан ташқари, ҳаттоки, қишда ҳам Канар ороллари илиқлигидан баҳра олмоқда. Қолаверса, «Лас-Пальмас» таркибида тўп суришга вақт топяпти. «Бу ерда кўзимни очишим билан ёруғликни кўраман. Шароитлар аъло даражада, осудалик ҳукмрон. Шу сабабли, футбол бобидаги ишларим ҳам жойида»,- деганди футболчи Ла-лига расмий сайтига берган интервьюсида.
Боатенгни Канар ороллари бош аэропортида шахсан буюк Валерон кутиб олиб,
футболчига тегишли юкларни кўтаришга чоғланганида, у ҳайратдан донг қотиб қолганди: «Ҳазиллашманг. Сизни худди Зидан, Месси ва Роналду каби кўраман, ҳурмат қиламан. Қўйинг, мени хижолатга қўйманг. Юкларимни ўзим кўтараман». Дарҳақиқат, Боатенг жамоани 40 ёшида элитага олиб чиққан афсонадан бундай эҳтиром кутмаганди...
Канар ороллари тафти таъсири
Ҳа, Боатенг «Лас-Пальмас»да карахт уйқудан уйғонгандек сўнгги йиллардаги энг яхши мавсумни ўтказмоқда. Испания чемпионати дебютанти ҳозиргача 8та гол урди, уларнинг ҳаммаси - «шедевр». Айниқса, октябрь ойида «Вильярреал» дарвозасига йўллаган зарбасини Златан Ибрагимовичга хос ушу усулларидан бирини қўллаган ҳолда амалга оширганди. Футболчи шу муваффақиятидан кейин йилнинг энг чиройли голи муаллифига бериладиган совринни қўлга киритиш учун Цюрихга йўл олишни дилига тугиб қўйганди. Аммо орзуси рўёбга чиқмади: «Бу хусусда кўплаб маълумотларни «Твиттер» тармоғидан олган ва ФИФАдан таклиф келишига қаттиқ ишонгандим. Ҳаттоки, хотинимни Швейцарияга сафар уюштиришимиз ҳақида огоҳлантириб қўйгандим. Кейинчалик изоҳ беришларича, танловда фақат индивидуал маҳорат эвазига урилган голлар кўриб чиқилар экан. Жамоавий ҳаракатлар натижасида юзага келган голлар эса ҳисобга олинмаслигини айтишди. Ваҳоланки, футбол аввало, жамоавий ўйин саналади. Агар индивидуал совринлар ютишни хоҳлаганимда, футбол эмас, теннисни танлардим. Якунда рафиқам Цюрих сафари ҳақида қайта-қайта сўради. Шунда унга бу гал Цюрих саёҳатини унутиши лозимлигини тушунтирдим ва танловга бориш учун бошқачароқ гол уришга ваъда бердим».
Ўйин-кулги ва ичкиликка берилиш оқибати
Кевин-Принс бундан 10 йил аввал ҳозиргидек мулоҳазали эмасди, арзимас сабаблар туфайли ҳаммадан ранжиб, аламини ичкиликдан оларди. Дейлик, «Герта»дан Англияга йўл олганида, айнан шундай ҳолат кузатилганди: 2007 йили «Тоттенхэм» Боатенгни 5,5 млн. фунт эвазига ўз сафига қўшиб олган, лекин атиги бир ойдан сўнг мураббий Мартин Йол уни «брак»ка чиқарганди. Футболчи шундан ке-йин бебошликни бошлаб юборди. «Назаримда бутун дунё менга қарши тургандек туюларди. Нима, ҳеч кимга кераксиз «матоҳ»га айландимми? Майли, унда шунчаки, ҳаётдан завқ оламан... Албатта, бундай ёндашув хато эди»,-дея эслайди футболчи яқин ўтмишини. Кевин-Принс шу тариқа тунги клубларнинг зўр мижози бўлиб қолди. Натижада овқатланиш тартиби издан чиқиб, сифатли таомлар ўрнини алкоголь эгаллади. Яна Боатенгнинг хотираларига эътибор қаратамиз: «Одамлар бундай вазиятда бахтни сотиб олишга уринишади. Мен ҳам тунги клублар, кийим-кечак ва машиналарга ружу қўйдим. Футбол ўйнай олмасамда, қимматбаҳо Lanborghini харид қилдим. Эҳ, ўша ҳафта давомида мендан бахтлироқ инсон йўқдек эди. Кейинроқ эса бундай ҳашаматли автога умуман эҳтиёжим қолмади». Соғлом турмуш тарзини унутган футболчи бир йил ичида 95 килограмм тош босадиган бақалоққа айланганидан сўнг бир куни кўзгуга боқиб, ўзини таний олмайди: «Анча кексайиб қолгандек эдим, ваҳоланки, энди 20 ёшни қаршилагандим. Шу пайтга қадар қандай ҳаёт кечираётганим ҳақида умуман ўйлаб кўрмагандим. Дарёдек оқиб келаётган пулни беҳуда сафрлардим. Дейлик, сохта улфатларга совурардим. Улар орасида чин дўстим йўқ эди. Акс ҳолда, кимдир мени тўғри йўлга ундарди - «Ҳой, тўхта, ўзи нима қиляпсан? Йиғиштир, бу ишинг ярамайди». Бироқ «дўстларим» мени фақат улфатчиликка чорлашарди». Хуллас, ҳаётини барбод қилаётганини тушунган Кевин-Принс ҳаммасига чек қўйиш ҳаракатини кечиктирмади. Яъни икки нафар чинакам дўсти ёрдамида уйини қимматбаҳо «чиқинди»лардан тозалайди, музлаткичдаги спиртли ичимликларни чиқиндига ташлайди: «Кўнгилхушлик базмларига боришни тўхтатдим, умуман ичмай қўйдим, овқатни ўзим тайёрлашга одатландим. Қатъий иш тутмаганимда, салбий иллатлар исканжасида қолиб кетардим».
Ҳар куни 15 литр сув ичиш
Кевин-Принс «Тоттенхэм»даги 2 йил ичида бор-йўғи 14 марта майдонга тушди. Унда ўзига ишонч ва футболга муҳаббатни Юрген Клопп қайта уйғотди. Тўғри, футболчи Дортмундда атиги ярим йил тўп сурди. Зеро, лондонликлар 6 ойлик ижара келишуви тугагач, футболчи учун 4,5 млн. фунт сўрашди. Бу сумма эса «Боруссия»га кўплик қилди. Умуман, Боатенг яшил майдонга қайтиш илинжида 12 кг. вазн ташлади - ҳаддан ортиқ кўп сув ичиш асносида: «Ҳа, кунига 15 литрдан сув ичардим. Лекин шифокор бунинг саломатлик учун хавфли эканлигини айтгач, меъёрни аввал 12, кейин 10 литрга туширдим. «Шальке» диетологи ҳаттоки, 6 литр ҳам кўплик қилишини айтганди. Бироқ кўп сув ичишга одатланиб қолгандим. Ахир бу ҳар куни 2-3 литр кола ичишдан фойдалироқ эди».
Германия термасини орзу қилиб, Гана учун ўйнаш
Боатенг жисмоний ҳолати ҳамда спорт формасини тартибга келтириши натижасида ЖЧ-2010да қатнашди. Тўғри, у болалигидан орзу қилган Германия миллий жамоаси эмас, балки Гана термаси сафида майдонга тушди. Ваҳоланки, Кевин-Принс ўсмирлар тоифасида айнан немислар шарафини ҳимоя қилган ва африкаликлар таклифини рад этганча ҳаттоки, ЖЧ-2006да ўйнаш имкониятидан воз кечганди. «Ҳа, ота авлодим Ганадан, лекин ўзимни доимо чин немис, деб ҳисоблаганман. Ахир Берлинда улғайиб, Германия паспортини олдим. Очиғи, укам Жером билан ёнма-ён тўп суришдан умидвор эдим. Бироқ ҳаётда бир қатор хатоликларга йўл қўйдимки, Германия футбол иттифоқи буни кечирмади. Оқибатда Гана термаси таклифини қабул қилишимдан ўзга чора қолмади. Ошкора айтаман - бу қарорим қалбим эмас, ақлим амри».
ЖЧ-2010 арафасида Баллакни сафдан чиқариш
Эсласангиз, Боатенг Африка мундиали стартига оз вақт қолганида, Михаэль Баллакка жиддий шикаст етказганди. Тўқнашув «Челси» ва «Портсмут» клублари ўртасида кечган Англия кубоги финали (1:0)да юз беради. Якунда уни рақибга қасддан қўполлик ишлатганликда айблашади. Гўёки, Кевин-Принс Германияга нисбатан аламини Баллакдан олган эмиш. Табиийки, футболчининг ўзи бу айбловни инкор этади: «Ўйин пайти Баллак юзимга тарсаки туширди, ҳакам эса буни кўрмади. Қўполликка жавоб қайтаришни хаёлимга ҳам келтирган эмасдим, шунчаки, тўпга етолмай, олдинга ташландим. Футболда бундай воқеалар учраб туради. Кейин Баллакка яқинлашиб, узр сўрадим. Аслида ўша воқеани эслаш кулгули. Ҳа, шу-шу безори мақомини олганман. Лекин чапаналик даврим ортда қолди - рафиқам, ўғлим бор. Умуман, Баллакнинг жароҳати сабаб, мени айблашлари ўринсиз».
Боатенг ЖЧ-2010 турнирида Африка қитъаси ёрқин вакилларидан бири сифатида «Дэвид Блэкхэм» тахаллусини олди. Ганалик футболчи кейин Нельсон Манделадек тарих афсонаси билан танишиш бахтига мушарраф бўлди: «Бу инсоннинг буюклиги шундаки, у ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида 27 йил қамоқда ўтирди. Шундан кейин ёруғ дунёдан нафратланишга ҳақли эди. Лекин у аксинча йўл тутиб, хушмуомалалиги билан атрофдагиларга хотиржамлик бахш этди. Мендела қабулига кирганимда, у қўлимни қисиб, қизи мен билан турмуш қурмоқчи эканлигини айтди. Шунда маъшуқам борлигини эслатиб, узр сўрадим. Президент бунга жавобан шундай деди: «Менда ҳам бор, яна-да чиройлироқлари бор!»
«Милан»ни озгина алдаш
Боатенг Африка мундиалидан ке-йин «Милан» сафига қўшилди. Лекин келишув жараёнида озгина ёлғон ишлатишига тўғри келади. Ўша вақт Кевин-Принс таътилда эди. Кечки пайт агенти қўнғироқ қилиб, «Милан»дан таклиф борлигини айтади. Футболчи бунга эътибор бермай, базмга йўл олади. Эрталаб телефон яна жиринглайди: «Йўлга отлан, Миланда кўришамиз. Машқ қилдингми, ишқилиб?» Табиийки, Кевин-Принс тасдиқ жавобини беради: «Ҳа, ажойиб спорт формасидаман». Ваҳоланки, бу вақтда мириқиб дам олаётганди. Қарангки, кўрик аъло даражада ўтди. Боатенг шу тариқа Кларенс Зеедорф, Андреа Пирло, Жанлука Амброзони, Женнаро Гаттузо, Роналдиньо, Златан Ибрагимович ва Тьяго Сильва каби машҳурлар ёнидан жой олди.
БМТ орқали ирқчиликка қарши курашиш
Қаҳрамонимиз Италиядан фақат ижобий таассуротлар билан қайтмади. 2013 йили январда бўлиб ўтган «Про Патрия»га қарши кечган ўртоқлик учрашувида мухлислар Боатенгни ирқчиликка хос бақир-чақирлар билан қарши олишди. Шу сабаб, футболчи ихтиёрий равишда майдонни тарк этди. Эртасига «Принс ва жарлик» номли мақола берилди: «Кийиниш хонасига йўл олиб, тўғри иш қилмадим. Аслида ҳакамга мурожаат этсам бўларди...». Футболчининг бундай муносабати эътибордан четда қолмади: орадан 2 ой ўтгач, уни БМТнинг Женевадаги офисига таклиф этишди. Боатенг зиммасига ирқчилик муаммоларига бағишланган анжуманда нутқ сўзлаш вазифаси юкланди. Футболчи халқаро аренада чиқиш қилиш учун нақ 5 кун тайёргарлик кўрди: «Очиғи, минбарга кўтарилиш арафасида оёқларим қалтираб, баданимни тер босди. Камида 60та камера менга қаратилганди. Ҳеч қачон бундай ҳолатга тушган эмасдим. Кейин аста-секин ўзимни қўлга олдим. Гулдурос қарсаклардан билдим-ки, нутқим ёмон чиқмаган». Ҳужумчи ўз чиқишида ирқчиликни безгак хасталигига қиёслаган, уни батамом йўқотиш учун «одатий дори-дармонлар» кор қилмаслигини таъкидлаганди.
Ёшларни ҳимоя қилиш
Боатенг айни пайт 30 ёшда ва ёшларга маслаҳат беришдан чарчамайди: «Ёш йигитларга яқиндан ёрдам бериш лозим. Уларни қуршаб олган агентлар аввало, маблағ хусусида ўйлайдилар. Маълумки, футболчилар мактаб сабоқларига етарли эътибор қаратишмайди. Шу сабаб, математика ва бошқа фанлардан оқсашлари табиий. Ахир 18 ёшли йигитчага 5 млн. еврога тенг йиллик маош таклиф қилишяпти. Қарабсизки, у бадавлат, хоҳласа-хоҳламаса, ҳалокатга элтувчи фикр қурбонига айланиши ҳеч гап эмас. Афсуски, на ота-оналар ва на мураббийлар уларни тўғри йўлга сола олишяпти. Бу - кенг тарқалган иллат. Энди унга чек қўйиш учун астойдил тер тўкишимиз керак».
Факт. Ота-онаси ажрашган пайт Кевин-Принс атиги 1 ёшда бўлган. Шундан сўнг у акаси - Жорж қарамоғида қолган. Айтганча, тўнғич Боатенг ҳам ҳаётда ўз йўлини топди - ВТNG рэпери сифатида танилди. Айтганча, Жорж, Жером ва Кевин-Принс Kafigtiger клипида бирга суратга тушишган.