Футбол кўпгина қаҳрамонларни билади. Клубга ҳаётларини бахшида этган фахрийлар; ўйиннинг сўнгги дақиқасигача ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаш учун жон фидо қилган дарвозабонлар... Уларнинг барчаси бизнинг кумирларимиздир. Аммо шундайлар ҳам борки, бу футболчилар яна бир қанча фазилатлари билан ажралиб туришади. Того терма жамоаси ва Чехиянинг «Словацко» клуби ўйинчиси Франсис Коне - айнан шундайлардан. Футболдаги саккиз йиллик фаолияти давомида у тўрт нафар ҳамкасбининг ҳаётини сақлаб қолган. Унинг шиори: «Бирорта ёмон нарса содир бўлса асло қочма». Бундан бир неча ҳафта аввал юз берган воқеани эса у узоқ вақт ёдида сақлаб қолиши аниқ, зеро буни унутиб бўлармиди?
«Словацко» Прагада «Богемианс 1905» жамоасига қарши майдонга тушганди. Коне тўпни рақиб жарима майдончасига йўллаш учун ўқдай олдинга отилган паллада меҳмонлар жамоаси сардори Даниэль Крч бунга йўл қўймаслик учун ҳужумчи ортидан югура бошлаган, дарвозабон Мартин Берковец эса оширилиши кутилаётган тўпни ушлашга ҳозирлик кўраётганди. Кутилмаганда ҳимоячи ва дарвозабон ўзаро тўқнашиб кетишди. Бутун ўйингоҳ жиддий кўнгилсизлик юз берганини англаб сукутга чўмди. Ўша лаҳзаларда Коненинг ўзи ҳам газонга қулаганди, аммо футболчи ҳимоячидан фарқли равишда посбон қимирламай ётганини кўргач, дарҳол ўрнидан турди.
- Дарвозабон ё ҳушидан кетган, ёки бўлмаса бундан-да ёмон воқеа юз берганди. Дарҳол оёғимни унинг кўкрагига - чап қўлини ушлаш учун қўйдим. Баъзи ҳолларда инсон танаси карахт ҳолатига тушиб қолади ва бунда уни назорат қилиш қийин бўлади. Берковецнинг оғзини очишга уринганимда эса бу осон бўлмаслигини англадим. Аммо мен таслим бўлмадим ва жабрланувчи тилини ютиб юбормаслиги учун қўлимдан келган барча нарсани қилишга уриндим. Вақт эса ўтиб борарди. Бошқа футболчилар ҳам етиб келишди ва менга ёрдам беришга ошиқишди. Ҳаммамиз дарвозабонни ён томони билан ётқизиб қўйишга киришдик. Ва, ниҳоят, унинг оғзини очишга муваффақ бўлдик ҳам, посбон эса ҳатто қўлимни тишлаб олди. Аммо бу энди муҳим эмасди, муҳими унга тилини ютиб юборишга йўл қўймадик. Буларнинг барчаси саноқли сонияларда рўй берди. Посбон менга нимадир демоқчи эканлигини кўргач эса, энди ҳавотирга асос йўқлигига амин бўлдим, - деб хотирлайди Коне.
Кўчилик томошабинларнинг кейинроқ тан олиб айтишларича, ўша кўнгилсиз воқеага қадар улар рақиб жамоаси ҳужумчисини роса мазах қилишган, ҳатто уни «маймун» деб ҳам аташган. Орадан 20 сонияга яқин вақт ўтар-ўтмас Берковец ўзига келгач трибуналарни фанатларнинг қарсаклари ва шодон ҳайқириқлари тутиб кетди.
Балким кимларгадир Коне таваккалига иш тутгандай кўринар, аммо «Богемианс» шифокори Мартин Вавра ҳужумчининг ўша лаҳзалардаги ҳатти-ҳаракатларини мақтади - ҳаммасини сониялар ҳал қиладиган паллада шифокорларнинг жарима майдонига етиб келишларига оз бўлсада вақт кетиши аниқ эди-да. «Мен Усейн Болт эмасман», - тан олиб айтади Вавра, у ҳам бутун майдон бўйлаб ёрдамга ошиққанди.
Ҳимоячилардан бири Мартин Достал эса миннатдорчилик рамзи сифатида Коненинг елкасига қоқиб қўйди. «Яратганнинг ёрдамисиз даҳшатли воқеа юз бериши аниқ эди. Дарвозабон ўлиши мумкин эди, мен эса нима қилиш кераклигини билардим. Бундай воқеанинг гувоҳи ҳам бўлгандим».
Конеда медицина лицензияси йўқ, аммо тажриба унинг тарафида. Зеро, футболчилик ҳаётида инсон ҳаётини илк бор сақлаб қолмаяпти. Франсис 8 йилдан бери тўп суради ва ҳозиргача 6 мамлакат клубларида ўйнашга улгурди. 18 ёшида Таиландга келган футболчи оғир вазиятларда ўзини нечоғли қўлга олиши мумкинлигини кўрсата билди. Айнан ўша юртда юқоридаги каби илк кўнгилсиз воқеа юз берганди: спортзалдаги навбатдаги машғулотлар пайтида жамоадоши бошидан жароҳат олди.
- Ўшанда ҳам жабрланувчи тилини ютиб юбормаслигига урингандик, ўшанда ҳам қўлимни тишлаб олишганди, - хотирлайди Коне. - Шунга ўхшаш иккинчи ҳодиса Африкадалигимда - Того учун майдонга тушганимда содир бўлди. Дўстим Уммоннинг «Аль-Муссан» клубига қайтишимдан аввал кўргазмали ўйинда майдонга тушишимни сўраганди. Баҳсда ўйинчи боши билан дарвозабонга тўқнашиб кетди ва елкаси билан йиқилди. Тилини чиқариш оғир бўлганди - футболчи ҳушини йўқотган, бутун тана эса карахт аҳволда қолганди. Ҳамма, жумладан шифокорлар ҳам олдимга келиб олишди. Жабрланувчини ушлаб туришаркан, мен унинг тилини чиқаришга уринардим. Юқоридаги каби учинчи воқеа эса (яна Африкада) бундан 2 йил аввал содир бўлди. Буларнинг барчаси ғалати. Биринчи воқеадан сўнг ойимни қўрқитиб юбормаслик учун унга ҳеч нарса демадим. Иккинчи кўнгилсизликдан кейин эса барчага айтдим, ўшанда ойим бундай воқеалар кейин ҳам давом этишини ва мен эҳтиёт бўлишим кераклигини таъкидладилар. Доимо огоҳ бўлишим лозимлигини, шунга ўхшаш бирорта даҳшатли воқеа юз берганда ҳеч қачон қочиб кетмаслигим кераклигини уқтирдилар. «Бошқа биров келиб ёрдам бергунига қадар кутмаслик даркор», - дедилар ойим. Учинчи воқеа содир бўлганида эса у киши: «Мен сенга айтгандим-ку», - дейишни ҳам унутмадилар.
Акуджи Йавави Викторин ва отаси Коне Махаман қадрдон Кот-д`Ивуарда интернет орқали Коненинг ҳаракатларини кузатиб боришганди. Отанинг тан олиб айтишича, улар кўчага айлангани ҳам чиқолмай қолишган - атрофдагилар уларни ўраб олишяпти-да ўғлининг ҳатти-ҳаракатларини муҳокама қила бошлашади. Ота-оналар фарзандларининг иши билан ғурурланишади.
Умуман олганда, бутун ҳаёти ва фаолияти давомида Коне бир қанча оғир дамларни бошидан кечирган. Унинг онаси Тогодан, отаси эса Кот-д`Ивуардан ва у ҳам шу юртда ўсиб-улғайган. Ёшлиги қисқичбақалар тутиш ва машиналар ювиш билан ўтди - бутса харид қилишнинг бошқа йўли йўқ эди. Тез орада у мамлакат учинчи дивизионида ғолиб бўлган ярим профессионал жамоанинг энг яхши футболчисига айланди. Доимо кумири бўлган Дидье Дрогбага тақлид қилишга уринди, юраги эса Англия ишқи билан ёнарди. Бироқ агенти фақатгина Таиланд билан чекланишга мажбур бўлди. «Мен ёш эдим, шунинг учун янги мамлакат ва маданиятга кўникишим учун меҳнат қилишимга тўғри келди. Ирқчилик масаласида у ерда аҳвол оғир эди - мен бутун лигадаги ягона қора танли эдим ва бошқалардан ажралиб турмасликнинг имкони йўқ эди».
Уммондан кейин Коне Португалияда - «Ольяненси»да ва Венгрияда - «Гонведе»да тўп сурди, сўнг бутун оиласи билан Чехияга кўчиб ўтди.
- Сен африкалик, қора танли бўлсанг ва шундай мамлакатда ўйнасанг - барчаси Франция ёки Бельгиядагига нисбатан бошқача бўлиши аниқ. Бироқ, ҳаммаси яхши бўлиб боряпти, лекин айрим одамларда ирқчилик кайфияти ҳамон сақланиб қолаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Майдондалигимда буларга аҳамият бермасликка уринаман, аммо бу жуда қийин. Ирқчиликни кўргани кўзим йўқ. Африкалик футболчиларга қарата «қора» ёки «маймун» деган сўзларни қичқириб айтишаётганини эшитиш оғир. Бу ҳайқириқлар сенга нисбатан айтилмас экан, ирқчиликни тушуниш қийин.
Нима қилиш керак, Билмайман. Балки, сўнгги воқеалар ёрдам берар. «Богемианс» фанатларидан кўплаб хабарлар олдим. Икки нафари ҳатто ижтимоий тармоқлар орқали узр ҳам сўрашди, ноҳақ эканликларини тушуниб етганликларини айтишди. Улар юракдан гапиришганига ишонгим келади.
Айрим ОАВлар дарҳол мухлислар фикрини билишга ошиқишди. Фанатлардан бири эса ўйин вақтида ирқчилар орасига тушиб қолганини, баҳс охирига бориб эса барчалари бир бўлиб Коне номини фахр билан айтишганини тан олди. Бошқаси эса ҳужумчи бу воқеа унга кўп нарсани ўргатганлигини, бу ерда гап биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ҳақида бормаётганлигини таъкидлаган.
Форвард буларнинг барчаси қуруқ гап бўлиб қолмаслигига ишонгиси келади ва Англияга кўчиб ўтишни «орзу» қилишда давом этади. У ерда эса йирик гавдали бўлган, бўйи 1,89 метрлик футболчи ўзини кўрсатишига ишонади. «Доличек»ни эса у қаҳрамон сифатида тарк этди.
Берковец тишларидан ажралган ҳолда тунни касалхонада ўтказишга мажбур бўлди. Агар Коне бўлмаганида барчаси бошқача тугаши аниқ эди. Голкипернинг миннатдорчилиги эртаси куни нашр қилинди, Коненинг ўзи эса Прагани зиёрат қилишга борганида Берковец уни бирга тушлик қилишга таклиф этди. «Ўша воқеа мени ғурурланишга чорлайди», - дейди Коне. - Аммо ҳаммадан ҳам кўра, ўша куни ўша ерда бўлганимдан ва ёрдам берганимдан Яратганга шукроналар айтаман».