Маълумки, Жанни Инфантино ФИФА президенти этиб сайлангач, ташкилотда кўплаб янгиланишлар, ўзгаришлар кузатилди. Хусусан, ФИФА бош котиби лавозими тарихда илк бор аёл кишига - сенегаллик Фотима Самурага ишониб топширилди. Таъкидлаш лозим, у мазкур вазифага тайинлангунга қадар БМТнинг тинчлик элчиси сифатида фаолият юритган ва кўп ажойиб саргузаштларни бошидан кечирган эди.
БМТ элчиси
ФИФАнинг ҳозирги бош котиби Фотима Самура БМТда нақ 21 йил давомида меҳнат қилган. Бунгача эса у Сенегалдаги савдо фирмасида агент сифатида фаолият юритарди. Фотима БМТга доимий ишга ўтгач, даставвал Камерунда ишлади, сўнг Римдаги офисга кўчиб ўтди. Шундан кейин у БМТда қочқинларга ёрдам бериш тизимининг бир қисмига айланди. Масалан, 2007 йили Фотима Чад давлатида амалга оширилган инсонпарварлик ёрдамини бошқарди. Шунингдек, Судан чегарасида яшаб, минглаб қочқинларга кўмак берди.
Бир сўз билан айтганда, Самура БМТ юмушларини деб, бутун Африка қитъасини айланиб чиқди ва озиқ-овқат маҳсулотлари ташишдан, бераҳм жангарилар билан музокара ўтказаверишдан чарчади. Худди шу вақтда у тасодифан Жанни Инфантино билан танишиб қолади. Мазкур учрашув Мадагаскарда, маҳаллий терма жамоанинг Сенегал билан ўйини вақтида содир бўлади. Таъкидлаш лозим, у пайтлари Инфантино ҳали ФИФА президенти эмасди. Лекин Жанни бу лавозимни эгаллагач, ташкилот бош котиби курсисига айнан Фотимани таклиф қилди.
Буюк Британияда орттирилган «душманлар»
2016 йилнинг ноябрида, Англия термасининг Шотландияга қарши ўйини арафасида Фотима Самура кутилмаган баёнот билан чиқди. Яъни унинг сўзларига кўра, бундан буён футболчиларнинг либосида кўкнори тасвирининг бўлиши тақиқланади. Британияликлар эса маълумки, биринчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасига бу белгидан фойдаланишади ва ўйин ҳам уруш якунланган 11 ноябрда ўтказилиши зарур эди. «Уруш туфайли биргина Буюк Британия жабр кўрмаган. Бунга Сурия яққол мисол бўла олади. Менинг қитъамда ҳам бу бало йиллар мобайнида инсонларни беҳаловат яшашга мажбур қилган. Шундай экан, нега биз бошқалардан кўз юмиб, битта мамлакатга рухсат беришимиз керак?» - деди Самура.
Табиийки, Британия оролида яшайдиганлар унинг фикрига қарши чиқишди. Жумладан, Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй қарорни «аҳмоқона» деб баҳолади. Англия ФА раҳбари эса ҳар қандай ҳолатда ҳам гул сурати футболчилар либосида албатта, бўлишига ваъда берди. Энг қизиғи, Англия термасининг ашаддий рақиби бўлган шотландлар ҳам ФИФА қарорига қарши чиқишди. Натижада, инглизлар 35 минг фунт, шотландлар эса 15 минг фунт миқдорида жаримага тортилдилар.
«Бавария» ва қайсидир испан клуби мухлисаси
Самуралар оиласида ҳамма футболга роса қизиқар, уйдаги ҳар бир кишининг ўз севимли жамоаси бор эди. Фотима онаси билан бирга, «Бавария»га мухлислик қиларди. Унинг сўзларига кўра, ўша вақтлари жамоа футболчилари орасида клубнинг ҳозирги президенти Карл-Хайнц Румменигге бошқалардан ажралиб турарди.
- У жуда кучли футболчи эди. Ҳатто ҳозир ҳам Руммениггенинг кўриниши чаккимас. Отам ва олти акам ойим иккаламиз туфайли Карлни жуда ёмон кўришарди.
Фотима Самуранинг яна бир севимли футболчисини кўпчилик яхши танимайди, аммо худди шу хусусият ФИФА бош котибининг футболдаги дунёқараши кенг эканидан далолат. Бу футболчи малилик ҳужумчи Салиф Кейта бўлиб у ўз вақтида «Марсель», «Сент-Этьен» клубларида тўп сурган ва ҳатто, «Кумуш бутса» билан тақдирланган.
Самура ҳозирги пайтда қайсидир испан клубига мухлислик қилади. Лекин у ўзи ёқтирган жамоа номини сира ошкор этмайди.
Футболчи бўлолмаган турмуш ўртоғи
Тўғрисини айтиш керак, Фотиманинг эри - унчалик омадли инсон эмас. Зеро бу шахс аввалига футболчи бўлишни мақсад қилганди. Аммо 20 ёшида олинган жиддий жароҳат йигитчанинг орзуларини йўққа чиқаради. Бироқ худди ўша вақтдан бошлаб, Фотиманинг сиёсатдаги обрўси кескин кўтарила бошлайди. Қизиғи шундаки, улар турмуш қуришаётганда, антиқа келишув тузишади. Унга кўра, агар жуфтликда кимдир халқаро фаолиятни бошласа, бошқаси уй ишлари билан шуғалланади. Шу боис, оила бошлиғи уйга қарайдиган бўлди. Аёл эса аввалига жангарилар, кейинроқ футболчилар билан ишлашга киришди.
Футболчилар орасида
Фотима ёшлигида Сенегал терма жамоасининг бўлажак дарвозабони Шейх Сека билан бир синфда ўқиган. Камерунда эса у тасодифан «Ливерпуль» ҳимоячиси Ригобер Сонг билан қўшни бўлиб қолади. Бундан бир неча йиллар олдин Фотима яна бир камерунлик машҳур футболчи - Роже Милла билан танишиб, дўстлашади.
Ким билади дейсиз, эҳтимол, Самура футболчилар билан тезда дўстлашиб кета олгани туфайлими, у ФИФАда иш бошлагач, «Милан» ва Хорватия терма жамоасининг собиқ футболчиси Звонимир Бобан Фотимага ёрдамчи қилиб берилди.
Аёллар ҳуқуқи учун кураш
Фотима Самура ФИФА бош котиби лавозимида 2016 йил баҳорида иш бошлади. Эътиборлиси, унгача ҳали ҳеч бир аёл бу ташкилотда шундай масъулиятли вазифани бажармаганди. Энди эса Самура ФИФАда аёллар сонини оширмоқчи. Муҳими, Фотима бунинг учун қўлидан келган барча ишни қилмоқчи. Ташкилот раҳбари Жанни Инфантино ҳам бу ғояни қўллаб-қувватламоқда.
Самуранинг қизи айни вақтда Цюрихда футбол билан мунтазам шуғулланмоқда. Фотиманинг айтишича, футбол қизларни эрта балоғатга етишидан асрайди. ФИФА бош котиби ўз вақтида мактабда мотоцикл ҳайдай олган илк ўқувчи қиз бўлганини фахрланиб эслайди.
У ҳаётдан эрта кетиши ҳам мумкин эди
Самура БМТда ишлаб юрган чоғлари Либерияга инсонпарварлик юкларини олиб боради ва у ерда карвонни 12 ёшли аскар-болакайлар тўхтатишади. Йўлни бўшатиш учун узоқ савдолашишга тўғри келади. Музокаралар ёрдам бермагач, қуроллардан осмонга қарата ўқ узишга мажбур бўлишади.
Шунга ўхшаш бошқа бир воқеа Суданда рўй берган: Фотима бошчилигидаги карвон маҳаллий жангарилар томонидан тўхтатилади. Музокаралар пайтида БМТнинг тажрибасиз ходимларидан бири чўнтагига қўл солиб, телефонини олмоқчи бўлади. Жангарилар эса телефонни қурол деб ўйлаб, бечорани отиб ташлашади. Бир сўз билан айтганда, Самура ҳаёти давомида кўплаб даҳшатли ҳодисаларга гувоҳ бўлган. Демак, жаҳон футболидаги майда-чуйда муаммолар - у учун арзимаган гап.