«Барселона»нинг аргентиналик ҳужумчиси Лионел Месси жаҳоннинг энг яхши футболчиларидан бири сифатида футбол тарихига киришга улгурганига қарамай, у ҳали забт эмаган марралар ҳам анчагина. Улардан энг муҳимларини ёдга оламиз.
Жаҳон чемпионатида ғолиб бўлиш – Аргентина терма жамоаси ҳозиргача икки марта жаҳон чемпиони бўлган. Охирги марта бу 1986-йилда, Месси кўпинча таққосланадиган Марадона бошчилигида амалга оширилган. Мессининг Аргентинаси эса 2014-йилда финалга чиққан бўлса ҳам, Германия терма жамоасидан аламли мағлубиятга учраган эди.
Копа Америкада ғолиб бўлиш – сўнгги марта Аргентина терма жамоаси ушбу мусобақада 1993-йилда, Симеоне, Батистута ва Редондо сингари юлдузлар билан ғолиб чиққан. Ҳозирги юлдузли таркиб эса охирги икки мусобақанинг финалига чиқиб, икки марта ҳам Чили терма жамоасига мағлуб бўлди.
Аргентина терма жамоасида энг кўп ўйин ўтказган футболчига айланиш – бу борадаги рекорд 145 та ўйин ўтказган Хавер Занеттига тегишли, Мессида эса ҳозирча 116 та ўйин.
«Барселона» тарихида энг кўп ўйин ўтказган футболчига айланиш – Хавинининг 767 ўйинлик рекордини янгилаш учун ҳозирча 555 та ўйин ўтказган Месси яна 200 дан ортиқ ўйинда майдонга тушиши керак.
Ла Лигада бир ўйинда энг кўп гол киритиш – Месси қанчалик кучли ҳужумчи бўлмасин, ҳозирча «Барса» аъзоси Кубала 1952-йилда ва «Атлетик» футболчиси Бата 1931-йилда уддалаганидек бир ўйинда 7 та гол кирита олгани йўқ.
Бир ўйинда жарима зарбасидан хет-трик қайд этиш – Месси жарима зарбалари устаси ҳисобланади, бироқ шу пайтгача 1998-йилда «Латсио» -» Сампдория» ўйинида Синиша Михайлович қилганидек бир ўйинда уч марта жарима зарбасидан гол ура олмаган.
«Барса»нинг энг кўп «Эл-Класико»да майдонга тушган футболчисига айланиш – бу борада ҳам Хави 42 ўйин билан етакчилик қилмоқда.
Чемпионлар Лигасида энг кўп ғалаба қозонган футболчига айланиш – Месси ҳозирча 4 марта ушбу мусобақада ғолиб чиққан. «Реал» аъзоси Генто эса 6 та ғалаба билан рекорд соҳиби ҳисобланади.
Энг кўп соврин ютган футболчига айланиш – шу пайтгача 30 та соврин ютган Месси 36 соврини бор Раян Гиггзнинг рекордидан ўзиб кетиш учун яна ҳаракат қилишига тўғри келади.
Ла Лиганинг энг яхши тўпурари бўлиш – Месси Ла Лигада ҳозирча уч марта энг яхши тўпурар бўлган, бу борадаги рекорд эса 1944-1955-йиллар орасида Билбаонинг «Атлетик» клуби сафида 6 марта Ла Лиганинг энг яхши тўпурари бўлган Заррага тегишли.
Пеналтилар борасидаги рекорд – Месси Ла Лигада кетма-кет 21 та пеналтини муваққиятли якунлай олган, бу борада «Барса»нинг собиқ аъзоси Роналд Куман 25 та кетма-кет пеналти билан рекордчи ҳисобланади.
Чемпионлар Лигасида энг яхши тўпурар бўлиш – бу мусобақада 94 та гол киритган Месси 95 та гол муаллифи ҳисобланган Роналду билан бу борада пойгалашмоқда.
Жаҳон чемпионатида бир ўйинда энг кўп гол киритиш – «Барса»нинг собиқ аъзоси Христо Сотичков 1994-йилда Болгария терма жамоаси сафида бир ўйинда олти гол урган.
«Олтин бутса»лар сони бўйича рекорд – бу борада ҳозирча Криштиану Роналду 4 та «Олтин бутса» билан етакчи, Мессида эса бу совриндан учта бор.
Ва ниҳоят, Пеле сингари 1000 тадан ортиқ гол уриш.