Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Диего Симеоне: «Атлетико»нинг порлоқ келажагига асло шубҳам йўқ»

Баҳо:
+ | -

«Атлетико» бош мураббийи Диего Симеоненинг сўзларига ишонсак, у клубдан кетишни сира ўйлаётгани йўқ. Ҳарқалай, аргентиналик мутахассис АS нашри мухбирлари билан суҳбат чоғи бу масалада дадил гапирди: «Агар «Атлетико»дан кетишни истаганимда, 35 миллион баҳона топардим...». У шунингдек, Антуан Гризманнинг жамоада муҳим ўрин тутишини таъкидлашдан ташқари, «матрасчилар»нинг «Висенте Кальдерон»дан «Ванда Метрополитано» аренасига кўчиб ўтишлари моҳиятига тўхталди. Табиийки, ўзининг келажаги хусусида ҳам лўнда фикр билдирди.

- «Атлетико»да ўзингизни мураббий сифатида тўлиқ намойиш этиш уддасидан чиқдингиз. Шу маънода айтсак, бу жамоа фаолиятингизда беқиёс ўрин тутади, шундайми?

- Ҳа, «Атлетико»га 5 йилдан буён устозлик қилаётганимга қарамай, бу ҳамкорлик, шогирдларим билан амалга ошираётган ишларимиздан ҳамон чинакамига завқ оляпман. Албатта, мураббийлик фаолияти менга ҳузур бағишлаётганидан бахтиёрман. Зеро, ўзимни тўлақонли футбол устози сифатида ҳис этяпман. Шаънимизга йўлланаётган танқидларга йигитларимиз «Севилья»га қарши баҳсда қандай жавоб қайтаришганига эътибор беринг («матрасчилар» 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишган). Шу каби тотли ҳис-туйғулар мени Мадридга шунчаки, «михлаб» қўйган...

- Зиммангизга юкланган масъулият юкини кўтариб юришга қийналмаяпсизми?

- Тушунарлики, босим катта. Клубдаги илк иш куниданоқ жавобгарлик ҳиссини тўлиқ англаганман. Биласизлар, «Атлетико»га шаклланган мураббий сифатида эмас. балки собиқ футболчи ва қаҳрамон сиймосида келгандим. Атрофимдаги одамларнинг салоҳиятимга ишонишлари ва мени ижобий ўзгаришлар рамзи сифатида қабул қилишгани кучимга ўзгача куч қўшди. Хуллас, ортда қолган 5,5 йиллик давр бўйича раҳбариятга ҳам, мухлисларга ҳам ҳеч қандай эътирозим йўқ.

- Шундай бўлсада, ўтган йили ЧЛ финалида қайд этилган мағлубият сизни истеъфо ҳақида ўйлашга мажбур этганди...

- Ўшанда матбуот маркази сари йўл олганимда, ғалабани нишонлаётган «Реал» вакиллари ёнидан ўтишимга тўғри келганди. Очиғи, шундай аламли оғриқ сезгандимки, унинг асоратлари ҳозир ҳам вужудимни тарк этган эмас. Чунончи, олдинда мен ва жамоамни ўта мураккаб йил кутаётгани, шунинг учун бор эътиборни ишга қаратишимиз қийин бўлишини ҳис қилгандим.

- Хўш, аламли изтироблар чангалидан нечоғли қутулдингиз?

- Улардан тўлиқ қутулишнинг иложи йўқ. Ўша вақт шунчаки, ўз ҳиссиётларимни баён этгандим. Бунинг нимаси ёмон? Очиқ гапираман, агар бошқа жамоага ўтиб кетишни истаганимда, баҳона учун бемалол 35 миллион сабаб топардим. Ишонинг, бу сира лоф эмас! Бироқ якунда Мадридда қолдим. Чунки кетишни истамадим ва ҳозир ҳам шундай. Ахир жамоага нисбатан муҳаббатим жуда баланд. Энг муҳими, тўғри йўлда эканлигимга заррача шубҳаланмаяпман.

- Демакки, «Атлетико»нинг порлоқ келажагига ишончингиз комил.

- Қайтараман, бунга асло шубҳам йўқ. Мана, жамоа ҳозир ҳам ажойиб даврни бошдан ўтказмоқда. Лекин иккинчи томони, мукаммаллик чегара билмайди. Тез орада янги стадионга кўчиб ўтамиз, клуб бюджети ҳам кўпаяди. Бас шундай экан, жорий мавсум Яратганнинг мадади билан ЧЛ йўлланмасини қўлга киритишдан умидворман. Бунинг жамоамизга нақадар муҳимлигию, катта манфаат келтиришини айтиш шарт эмас.

- Унда айтингчи, ўртадаги шартнома муддатини 2 йилга қисқартирганингиз нимани англатади?

- Ички туйғуларга таяниб, шундай қилишни лозим топдим. Ўйлайманки, бу ўзгариш ўзимга ҳам, жамоага ҳам қўшимча иштиёқни таъминлайди. Қарорим моҳиятини сўз билан ифодалаб беришим қийин. Маълумки, узоқ муддатли шартнома йирик сармояларни талаб этиши боис, жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шунга мувофиқ айтсам, нисбатан қисқа муддатлар учун ҳисоб-китоб қилиш тўғрироқ, менимча.

- Шартномангизга боғлиқ ўзгариш хусусида мураббийлар штабини огоҳлантирганмидингиз?

- Йўқ, ёрдамчиларим ҳаммасидан хабардор эдилар. «Диего ўзи билан ҳамкорлик қилаётган мутахассислар манфаатини унутиб қўйди», деб ўйлаётганлар қаттиқ янглишадилар. Табиатан аввало, атрофимдагилар манфаатини  ўйлайман, шундан кейингина ўз ҳақимда бош қотиришим мумкин.

- Энди кескинроқ савол: янги мавсумда ҳам «Атлетико»га устозлик қилишингиз хусусида кафолат бера оласизми?

- Жамоадан кетиш ниятим йўқ - буни неча марталаб таъкидлашга улгурдим. Мана, асосий таркибдан жой олиш учун кечаётган муросасиз кураш, Хуанфран, Габи, Коке, Годин, Сауль каби йигитларнинг тобора «очилаётганлари»ни бевосита кўриб-кузатиб боряпман ва бу жараён давомийлик олишини истайман. Мени ром этган яна бир асосий жиҳат - Карраско ва Гризманндек ёш ижрочиларнинг асосий ролга чиқаётганлари. Лукас Эрнандеснинг ўйинини кўрдингизми? Бай, бай, фантастика! Бу футболчи барча хусусиятларга эга: техник маҳорат, фаоллик, жисмоний куч. У «Бавария» ёки «Реал» сафида бемалол тўп сура олади. Алоҳида таъкидлашим жоиз, Лукас истиқболли йигитларимиздан бири, холос.

- Гамейро ижросидаги ўйиндан ҳам мамнунмисиз?

- Кевиннинг тўғри йўлда эканлигини сезиб турибман. У жорий мавсум 14та гол уришга улгурди. Ишончим комил, бу ҳужумчи янада самаралироқ ўйнашга қодир.

- Сизнингча, агар Диего Костани Мадридга қайтариш иложи топилганида, мавсум «Атлетико» учун муваффақиятлироқ кечармиди?

- Муваффақиятлироқ бўлиши ҳам, омадсизроқ кечиши ҳам мумкин эди. Диего айни пайт «Челси»да аъло даражада ўйнаяпти, Лондон жамоасининг дадил одимлаётганига асосий сабабчилардан бири айнан Костадир.

- Хўш, айтингчи, Костанинг трансфери нима учун амалга ошмай қолди?

- Жамоа раҳбарияти ҳужумчини ортга қайтариш учун барча чораларни кўрди, шунингдек, Диегонинг ўзи ҳам қўлидан келганича ҳаракат қилди, аммо...

- Демоқчисизки, у Мадридга қайтишга рози эди...

- Ҳа, шундай - Диего «Атлетико» либосини яна кийишни хоҳлаганди.

- Антуан  Гризманнинг сиз ва жамоа учун аҳамияти қандай?

- Ғояларим моҳиятини биринчи бўлиб айнан Антуан илғайди. Яъни кўрсатмаларимни диққат билан тинглайди-да, дарров мукаммал даражада адо этишга уринади. Бу жуда ҳайратланарли.

- Гризманн жамоадан кетиши мумкин - бу хавотир уйғотмаяптими?

- Ҳа, Антуан билан хайрлашишимиз эҳтимоли йўқ эмас. Унинг шартномасида трансфер баҳоси кўрсатиб қўйилган. Демакки, реал харидор чиққан тақдирда Гризманнинг жамоада қолишига кафолат йўқ.

- Бу масалада ҳужумчининг ўзи билан гаплашдингизми?

- Ўтган йили ёздаги суҳбатимиздан кейин у қолишга қарор қилганди. Энди нима бўлади. Ҳозирча билмайман.

- Антуан айнан сиз жамоадан кетмаганингиз туфайли қолишга рози бўлганмиди ёки...?

- Унинг гапларидан иқтибос: «Агар сен кетмасанг, мен ҳам кетмайман». Такрор айтаман, келажак воқеалари қандай ривожланишини билмайман. Факт шуки, Гризманн ажойиб футболчи. Лекин уни қолишга мажбур этган эмасман. Умуман, бундай одатим йўқ. Жамоа учун борини беришга тайёр ўйинчи ўз келажагини мустақил белгилашга ҳақли. Бундай йигитлар одатда жамоада қолишни маъқул кўрадилар.

- Гайтан, Вьетто, Жексон Мартинес... Жамоада ўйини қовушмаган шогирдларингиз олдида қандайдир жавобгарлик туйғусини ҳис этасизми?

- «Атлетико» билан боғлиқ барча масалаларга масъул шахсман. Қаранг, нақадар бахтиёрман...

- Фернандо Торресни Мадридга қайтаришда қайси жиҳатни эътиборга олгансиз: футболчилик маҳоратиними ёки машҳурлигини?

- Биз футболчи Торресга муҳтож эдик. Ўша пайт Манжукич ҳужум чизиғида асосий умидимиз ҳисобланарди, зеро, Коста жамоадан кетганди. Хуллас, айнан Фердандога ўхшаган ҳужумчига зарурат туғилганди. Унинг қайтишидан фақат наф кўрдик.

- Хўш, «Атлетико» ва Торрес ўртасидаги шартнома муддати узайтириладими?

- Ҳозирда бу саволга аниқ жавоб беришнинг иложи йўқ.

- Нима, Фернандо бунга муносиб эмасми?

- Ҳаммаси жамоа эҳтиёжига боғлиқ. Мавсум якунида барчамиз жам бўламиз ва жамоа манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, бу масалага ойдинлик киритамиз.

- Янги аренага кўчиб ўтгач, шахсан сиз «Висенте Кальдерон» сеҳрини соғинсангиз керак...

- Ҳа, «Висенте Кальдерон» барчани бирдек ром этади. Бу стадионда ўйнасак, қуёш нури ғайритабиий бурчак остидан ёғилади, гўё. Трибуналардаги ажабтовур муҳит, баннер ва байроқчалар айни шу нур тафти билан уйғунлашиб, ҳайратомуз қувват манбаига айланади. «Ванда Метрополитано» (янги стадион номи)даҳам бизни айнан шундай мафтункор муҳит руҳлантириб туришидан умидворман. Табиийки, «Висенте Кальдерон»га қаттиқ боғланиб қолганман ва унинг соғинчи мени ҳеч қачон тарк этмаслиги тайин. Бундай ҳиссиёт барча мухлисларимиз  қалбида ҳам мангу яшайди. Лекин ҳаётнинг қонуни шу - биз тўхтамай тараққиёт сари юзланишимиз, олға боришимиз лозим.

- Диего Симеоне «Атлетико»ни ЧЛдаги зафардан кейин тарк этадими ёки нуфузли совринга эришолмагани ҳақидаги армон билан?

- Ўйлайманки, жамоамиз  ҳозирда жаҳоннинг энг сара клублари билан рақобатлашишга қодир. Доимо шундай бўлиб қолишини истайман. Чунки бу ғаройиб ҳиссиёт!

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:24, 01.04.2017.
Ўқилди: 5018 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.